05:03 / 04.11.2018
3 998

Йигирма йилдан кейинги дийдор

Йигирма йилдан кейинги дийдор
Жорий йилнинг 24 — 28 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикасида Қирғизистон Республикасининг «Қирғизистон маданияти кунлари» бўлиб ўтди.

Меҳмонлар юртимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди, фото ва амалий санъат намуналари кўргазмаси, қирғиз фильмлари, концерт дастури намойиш этилди.

Икки халқ муҳаббати

Нагима АЛАМАНОВА, Халқ амалий санъати бўйича рассом:
— Тошкентда ташкил этилган кўргазмамиз «Қизил олма» деб номланишида рамзий маъно бор. Бу икки қардош халқнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати тимсоли ҳамдир. Халқ орасидаги бундай эзгу қадриятларни Чингиз Айтматов барча асарларида тараннум этган. Шу сабабли фотокўргазманинг асосий қисми буюк адиб ижодига бағишланди. Шахсан мен Чингиз оғанинг ижодидан таъсирланиб, қирғиз халқининг энг эзгу қадриятларини рамзларда ифодалашни хуш кўраман. Халқ амалий санъати шунчаки чизиқ ёки нақшлар эмас, уларда жуда катта фалсафий фикрлар мужассамлашган. Бундай ҳолат ўзбек халқ амалий санъат намуналарида ҳам бор. Икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ижодкор ва зиёлиларнинг ижодий ҳамкорлигига ҳам кенг йўл очади, деб биламан.

Халқимизга юксак эҳтиром

Бахтибек СЕКИМОВ, Қирғизистон Республикаси Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари:
— Биз бундай кунларни қарийб йигирма йил кутган эдик, десам, муболаға эмас. Ўтган йили октябрь ойида Қирғизистонда «Ўзбекистон маданияти кунлари» бўлиб ўтди. Иқтисод, туризм, маданият соҳаларидаги бундай истиқболли ҳамкорлигимиз ҳар икки халқ учун катта манфаат келтиряпти. Айниқса, Ўзбекистонда буюк адиб ва давлат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг тўқсон йиллиги кенг нишонланаётгани бизни беҳад қувонтирди.

Экранда — миллий қаҳрамонлар

Марат ЖАНТАЛИЕВ, Қирғистон халқ артисти:
— «Қирғизистон маданияти кунлари» доирасида намойиш этилаётган «Саякбай» ва «Курманжан Датка» энг сара киноасарларимиздан. Буларнинг ҳар иккаласи ҳам реал тарихий воқеаларга асосланган. Фильм бош қаҳрамони — «Манас» эпосининг беназир билимдони ва ижрочиси Саякбай Каралаев «XX аср Гомери» дея эътироф этилган. Ёш талаба Чингиз Айтматов 1957 йилда у билан учрашиб, кўп нарсаларни ёзиб олган. Фильмда шу ҳақда ҳикоя қилинади. Қурбонжон Додхоҳ ҳам қирғиз халқининг миллий қаҳрамонларидан бири.
Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ
ёзиб олди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Йигирма йилдан кейинги дийдор