Термизда чўпон кашф этган ёдгорликни биласизми? (фото)

  • 05 август 2019, 13:53
  • 1 702
  • Маданият
  • Термизда чўпон кашф этган ёдгорликни биласизми? (фото)
    Қум барханлари остида қолиб кетган Фаёзтепа ёдгорлигининг кашф этилиши термизлик чўпон Абсад Бакнаев ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Бу ёдгорликнинг кашф этилиши ҳақидаги мақола билан ЎзА бўлишди.

    Термиз шаҳри яқинидаги Эски шаҳар харобаларининг шимоли-ғарбий қисмида — Фаёзтепа ёдгорлиги милодий I—III асрларга оид вихара типидаги буддавийлик монастир-ибодатхонаси ҳисобланади.

    Қадимшуносларнинг ўрганишларига кўра, бу ердаги монастир майдонидаги хоналарда роҳиблар ва монастир талабалари истиқомат қилган. Монастирда ўқув хоналари, заллар, зиёратчилар тўхтаб ўтадиган ётоқхоналар бўлган. Хоналар деворларида пилта чироқ ёритгичлари учун токчалар ишланган. Айрим хоналарнинг девори остида будда ҳайкаллари ва уларни ўрнатиш учун супа-тагкурсилар қурилган.

    Археолог-олимларнинг фикрича, диний маросимлар тўхтаган вақтда монастир саждагоҳларида роҳиб ва талабалар, зиёратчи-сайёҳлар марказий ибодатхонада ўз ибодатини амалга оширган.

    Қум барханлари остида қолиб кетган Фаёзтепа ёдгорлигининг кашф этилиши термизлик чўпон Абсад Бакнаев ҳаёти билан бевосита боғлиқдир. Чўпон 51 йил муқаддам баҳор фаслида Эски Термиз ҳудудидаги яйловда чорва молларини боқиб юрганида кўчма қум устида ётган антиқа топилмага дуч келиб қолади. Уни Термиз ўлкашунослик музейига топширади. Топилма мергелий оҳак тошидан ишланган будда санами бўлиб чиқади.

    Ана шу топилма сабаб бўлиб, мазкур ёдгорлик археолог Л.И.Альбаум томонидан ўрганилади. Фаёзтепа майдони учма қумлар уюмидан тозалангач, унинг меъморий тарҳи очилиб, илмий тадқиқот ишлари олиб борилади.

    Қадимшунослар Фаёзтепани атрофлича ўрганиб, унинг уч қисмдан иборат монументал иншоот, яъни марказий қисми тўғри тўртбурчак айвон ҳовлили ибодатхона ва унинг атрофи бўйлаб жойлашган 20 та хонадан иборат буддавийлик монастир-ибодатхонаси бўлган ноёб ёдгорлик эканини аниқлади. Қадимшунослар бинонинг шимоли-ғарбида монастир, жануби-шарқида хўжалик қурилиш иншоотларини топган. Ёдгорликнинг умумий узунлиги 117 метрга, кенглиги 34 метрга тенг бўлгани аниқланган. Мажмуанинг умумий майдони 1,5 минг метр-квадратга яқин бўлиб, у Эрон сосонийларининг босқинчилиги натижасида харобага айланиб қолган.

    Ибодатхона таркибининг асосий қисмларидан бири — ступа бўлиб, у бошқа ибодатхоналардагидай, ҳовлининг ўртасида эмас, балки унинг ташқарисида, муқаддас саждагоҳнинг тўғрисида жойлашган. Будда ибодатхонасининг энг асосий саждагоҳи ҳисобланган ступада дастлаб будда ва энг яқин авлиёларининг нарсалари сақланган. Кейинчалик ступалар остига будда ҳайкаллари, муқаддас китоблар кўмилган.

    Ступаларнинг гумбазсимон услубда қурилиши коинот рамзини ифодалаган. Ступалар усти тилла сувли нақшлар, таг қисмлари капителлар билан безатилган. Фаёзтепа ступаси муқаддас саждагоҳ ғишт тўшалган йўлакча билан боғланган. Ибодатхонанинг муқаддас саждагоҳида будда ҳайкаллари жойлашган, саждагоҳ деворлари ранг-баранг деворий суратлар билан безатилган. Деворлар ости бўйлаб баландлиги тўрт метр келадиган будда ҳайкаллари қўйилган. Кўпчилик ҳайкаллар қизил ранг билан бўялиб устидан олтин суви юргизилган. Саждагоҳ жанубий деворида қизил кийимда Будда тасвири сақланган. Унинг икки томонидан узун кийим кийган икки одам тасвири туширилган.

    Фаёзтепа ҳайкаллари орасида будданинг ганчдан ясалган бош қисми эътиборни тортади. Тутамланган қоп–қора сочлари, фусункор чеҳраси унга гўзаллик бағишлайди. Кушон маданияти тарихи бўйича йирик мутахассис, академик Б.Я.Ставиский будданинг бундай ишланиши кушонлар даври ёдгорлигида биринчи марта учраган ноёб топилма эканини алоҳида таъкидлаган. Ушбу саждагоҳ эшиги қаршисида яхлит мергелий тошидан ясалган нодир санъат асари — триада топилган. Триада марказида ипак мантияга ўралган будда арка ва муқаддас бодха дарахти шохлари остида ўтирибди. Икки ёнида тик турган роҳиблар унга илтижо қилиб турган ҳолатда тасвирланган. Саждагоҳда Кушон подшоларидан Канишка ва Васудеваларнинг тангалари топилган.

    Ибодатхона ҳовлиси деворлар бўйлаб яхлит айвон билан ўралган. Айвон деворлари ранг–баранг деворий расмлар билан безатилган. Айвон ости бўйлаб супа жойлашган.

    — Эски Термиз шаҳар харобаларининг шимоли-ғарбида Қоратепадан 1 километр шимоли-шарқда жойлашган Фаёзтепа ноёб тарихи ва археологик топилмалари билан дунё аҳлини лол қолдирмоқда, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходими, археолог-тадқиқотчи З. Алимардонова.

    — Япония, Корея, Хитой, Таиланд ва бошқа турли давлатлардан кўҳна Термизнинг буддавийлик обидаларини кўрамиз, деб келаётган сайёҳларнинг сони кўпаймоқда. 2000 минг йил аввал бу ерда барпо этилган Фаёзтепа ибодатхонаси, бундан йигирма асрлар муқаддам будда динининг маркази бўлган Термиз дунёга қучоқ очиб, дунё аҳлини ўз бағрига чорламоқда.

    Шундай қилиб, ярим аср илгари чўпон бобо топиб олган будда санами мутахассислар эътиборини тортган қадимий ёдгорлик эндиликда маҳаллий ва хорижлик археологлар ҳамда сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Юртимизнинг бой тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қазиш ишлари натижасида бу ердан топилган будда ҳайкаллари, сопол идишлар, коса ва кўзачалар, оҳактошдан ишланган меъморий безаклар, сопол чироқдон каби буюмлар сайёрамизнинг турли ҳудудларидан келаётган туристларда бой таассурот уйғотмоқда.

    Жорий йилнинг 22—27 август кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказиладиган «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» Мерос ҳафталиги иштирокчилари Фаёзтепа ёдгорлиги билан ҳам яқиндан танишиб, ўтмишдаги аждодларнинг ҳаёт тарзи ва ҳудуднинг ривожланиш босқичлари ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлади.

    » » Термизда чўпон кашф этган ёдгорликни биласизми? (фото)