date

Америкалик таржимон Марк Рис фойдасига муаллифлик товони ундирилади

Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ муҳим суд иши якунига етди. Адлия вазирлиги хабарига кўра, шу йил апрель ойида олим ва таржимон Марк Рис фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳри Учтепа туманлараро судига даъво аризаси киритган. Унда муаллифлик ҳуқуқи бузилиши оқибатида етказилган зарар учун товон пули ундириш сўралган.

Мазкур фуқаролик иши суд томонидан кўриб чиқилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, жавобгар — Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети масъул ходими М.Чутпулатовдан даъвогар Марк Рис фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 20 миллион 600 минг сўм миқдорида товон ундирилиши белгиланди.

Бу иш Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўткан кунлар” романи инглиз тилига “Bygone Days” номи билан таржима қилинган нусхаси атрофида юзага келган. Аввалроқ Марк Рис ушбу асарни 15 йил давомида инглиз тилига таржима қилганини ва унинг электрон шакли рухсатсиз тарқатилаётганини маълум қилиб, Адлия вазирлигига мурожаат қилган эди.

Мурожаат асосида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўрганиш ўтказилган. Текширув жараёнида муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқлангани билдирилди.

Шундан сўнг университетнинг масъул ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддаси билан баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилган. Суд қарорига кўра, масъул ходимга 2 миллион 60 минг сўм миқдорида жарима белгиланган. Шу билан бирга, асарнинг электрон нусхасини unilibrary.uz тизимидан ўчириш мажбурияти ҳам юклатилган.

Бу ҳолат муаллифлик ҳуқуқи ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш масаласи қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди. Айниқса, йиллар давомида қилинган таржима меҳнати, илмий изланиш ва ижодий ҳаракат муаллиф рухсатисиз тарқатилса, бу нафақат ҳуқуқий, балки маънавий жиҳатдан ҳам жиддий масала ҳисобланади.

“Ўткан кунлар” каби миллий адабиёт дурдонасини бошқа тилга таржима қилиш катта меҳнат, сабр ва масъулият талаб қилади. Шу сабабли бундай ишлардан фойдаланишда қонун талабларига, муаллиф ёки ҳуқуқ эгасининг розилигига қатъий амал қилиниши шарт.

Қисқаси, Марк Рис фойдасига товон ундирилиши муаллифлик ҳуқуқи бузилишига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилганини кўрсатади. Бу воқеа таълим муассасалари, электрон кутубхоналар ва контент тарқатувчилар учун ҳам жиддий сигнал бўлди: рақамли даврда ҳам “кўчириб қўйдим, бўлди” деган ёндашув ишламайди. Ижодий меҳнатнинг эгаси бор, ҳуқуқи бор ва уни ҳимоя қиладиган қонун ҳам бор.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Америкалик таржимон Марк Рис фойдасига муаллифлик товони ундирилади