00:13 / 22.02.2021
3 428

Шоир ҳаётидаги парадокс ёхуд Абдулла Орипов армонлари

Шоир ҳаётидаги парадокс ёхуд Абдулла Орипов армонлари
Абдулла Орипов ўзбек халқининг эрка шоири эди. Тақдир унинг манглайига оғир синовларга, ҳасад ва иғвога, совет даврида мафкуравий идоралар тазйиқига дуч келиш қаторида уларнинг ўрнини қоплайдиган товон сифатида халқнинг суюкли, эрка фарзанди бўлиш бахтини ҳам битган экан. Катта-кичик расмий мансабдор шахслару, қариндош-уруғлар ҳамма (айрим ҳасадгўй ҳамкасблари ва маҳаллийчи гуруҳбозлардан ташқари) унинг инжиқликларини кўтарар, хафа бўлмас эди.

Чунки аслида Абдулла Орипов қалбида ҳеч кимга нисбатан беписандлик, ёки димоғдорлик йўқ эди. Оила даврасида ҳам, ундан ташқарида меҳмонлар ва улфатлар давраларида ҳам бунга кўп гувоҳ бўлганман. У айрим қилиқларига, айтган гапларига эртасига изоҳ берган, тушунтирган. Баъзан лозим топиб ўзи айтган, баъзан «кеча бироз ошириб юбордингиз» деб сабабини сўраганман. Мен, жиян бўлсам-да, оилада шоирдан кейин туғилган илк ўғил бола эдим.

Шу сабаб унинг болаликдан менга меҳри илиқ, ўзгача эди. Бирор кишига таништирса: «Жияним, ўзим кўтариб катта қилганман. Қаранг, бугун қандай бўлиб кетган», деб қўшиб қўярди. Ёшликдаги кўп сирларини, ижодий режаларини айтиб турарди. Бундай «сирдошлик» узоқ йиллар, ўзаро ишонч умрбод сақланиб қолди. Шу сабаб айрим нарсаларни ундан бемалол сўрашга журъат этардим.

Дастлаб у оилада меҳр-муҳаббат қуршовида маънавий-руҳий рағбат шароитида ўсди. Оилада катта опаси (менинг онам) ва уч акасидан сўнг тўртинчи ўғил эди. Ундан кейин яна уч қиз туғилган, жисмонан заифроқ Абдуллани бутун оила меҳр билан эркалатиб вояга етказган.

Отаси — колхоз раиси. Хўроз қичқирмасдан, далага жўнайди. Акалари мактабга кетади. 3-4 яшар болакай онаси ёнида қолади. Табиатан жуда қизиқувчан бўлгани учун онасига тинмасдан ҳар хил саволлар берган. 5 ёшлардан бошлаб онасининг сингилларига айтадиган аллалари мазмунини фаҳмлай бошлаган, маталлар, эртаклар, халқ қўшиқларига, сўзлар жарангига, қофиясига қизиққан.

Абдулла Ориповнинг онаси эътиқоди жуда мустаҳкам, художўй инсон эди. Фарзандидаги қизиқиш бежиз эмаслигига, «юқоридан» берилганига қаттиқ, сидқидилдан ишонган бўлса керак. Шу сабабдан вақтини қизғанмасдан, кенжатойига халқ қўшиқларини билганича айтиб берган. Ўзи билан китобхонликка, қишлоқдаги отинойи қироат билан ўқийдиган Навоийни, Фузулийни, айниқса, Яссавий, Сўфи Оллоёр ва бошқа диний муаллифлар китобларини тинглашга олиб борган. Мактабдан қайтган акаларидан ҳам у шеър ва ҳикояларни кўп тинглаган.

Оилада ҳеч ким унинг раъйини қайтармаган, фақат рағбатлантирган. Онаси эса ўғлининг кўнгли нимани истаётганини олдиндан ҳис қилган. У боласи учун барча чигал саволларни ечадиган, ҳар қандай дарддан, қўрқувдан халос қила оладиган нажоткорга айланган. Боладаги ижод учқунини онаси сақлаб қола олган, аста-секин ўтга айланишига хизмат қилган. Абдулла Ориповнинг шоир бўлиб етишишида онасининг тарбияси, дуолари, Аллоҳга илтижолари, шубҳасиз, катта аҳамият касб этган.

Отаси ҳам сўзга чечан, жуда образли иборалар ёрдамида ҳар қандай оддий воқеани жонлантириб юборадиган инсон эди. Оғзаки ҳикоя қилишда унга тенг келадиган киши йўқ эди деса, муболаға бўлмайди. Шоирнинг баъзи бир сюжетли, воқеабанд шеърлари отаси ҳикоялари асосида битилган.

Бувимиз, худо раҳмат қилсин, жуда эрта, 55 ёшда оламдан ўтди. Шоир ҳали уйланмаган эди. Бу даврга келиб ҳаётнинг аччиқ-чучукларини, ҳасад, хиёнат, илк айрилиқларни бошдан ўтказган. Лекин она вафоти унга тақдирнинг ўша пайтдаги энг қақшатқич зарбаси бўлди. Унинг «Онажон» марcияси Абдулла Ориповни бутун Ўзбекистонга узил-кесил танитди, халқнинг суюкли шоирига айлантирди. Озод Шарофиддинов тўғри эътироф этганидек, марcия инсон руҳиятига, онгига таъсир қилиш кучига кўра Моцартнинг Реквием қаторида туради. Шоир бутун умри давомида онасини соғиниб, у билан хаёлан мулоқот қилиб яшади. Буни унинг шеърларидан ҳам билиб олиш мумкин.

1992 йилда «Мулоқот» деб номланган шеърида шундай ёзган эди:
— Бахтсизман, толеим кулмайди,
Онажон, қошингга кетайин.
— Кетганлар ҳеч қайтиб келмайди,
Бардош қил, дейман, оҳ нетайин...

— Чорласанг, мададкор бўлолсанг,
Висолинг руҳимни шод этар.
— Сен ҳам гар йўқликка йўл олсанг,
Борлиқда ким мени ёд этар.

Бу шеърни Абдулла Орипов 1992 йилда ёзган. Ўша йили унинг ҳам, халқининг ҳам кайфияти жуда кўтаринки эди. Ватан мустақилликка эришган, одамларда ҳамма нарса яхши бўлишига ишонч баланд. Шоир Ўзбекистон мадҳияси устида ишламоқда ва ҳ.к. Ана шундай кунларда ҳам онасини эсласа, юраги зирқираб, соғинч ҳисси она томонга тортган.

Абдулла Ориповга эъзозли муносабат ўқувчилик ва талабалик йилларида ҳам давом этди. У 6 ёшда мактабга борган. Жуссаси бошқа болаларникидан кичик, бироқ тили бийрон, зеҳни ўткир. Ўқитувчилар саволига жавоб беришга доимо шай, ва энг асосийси, сўзларни қофиялаб шеър тўқий олади. Синфдошлари, муаллимлари уни яхши кўриб қолишган. Қолаверса, халқимиз менталитети, қадриятлар тизими билан боғлиқ яна бир омил ҳақида гапириш керак. Биз, ўзбекларда, тўғрироғи, кўпчилик шарқ халқларида ота-боболар хизмати ва обрўси болалари фойдасига ишлайди. Насл-насаб масаласи доимо эл эътиборида турган.

«Палаги тоза», «яхши одамлар фарзанди» каби кўплаб нақллар, баҳолар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Болаларга баҳо, ундан келажакда нима кутиш мумкинлиги, у қандай инсон бўлиб етишиши мумкинлигини биринчи галда насл-насабига қараб башорат қилинган. Агар бу башорат оқланса, элнинг ҳурмати ва эъзози янада ошган. Оқланмаса, ота-боболарнинг обрўсига путур етмаган, фақат унинг ўзига нисбатан афсусланиш билдирилган: «Ота-боблари қандай улуғ инсонлар эди, афсус, фалончи уларга ўхшамади».

Шоирнинг отаси Ориф Убайдуллаев узоқ йиллар колхозда раислик қилган. Уруш ва ундан кейинги қаҳатчилик, очарчилик йилларида кўп жойларда одамлар очликдан кунжара еб, жигари шишиб нобуд бўлган. Ориф бобо раислик қилган колхозда (унга беш қишлоқ қараган) бирорта одам очликдан нобуд бўлмаган. Мен бобомдан сабабини сўраганман.

— Кимдир ишга чиқмай, ёки қишлоқда кўринмай қолса, кечаси уйига махсус тайинланган икки киши — бир эркак, бир аёл (ёғли қатлама ва иккита нон олиб юрарди) борарди. Очликдан силласи қуриб йиқилган кишига (эр-хотинга) тепасида туриб яримта қатлама ва яримта нон едирарди. «Қатлама ва нонни ўзларига қолдириб келмайсан, кўзларинг олдида есин», деган топшириқ берилганди уларга. Сабаби, қолдириб келса, ўзлари емасдан, болалари уйғонгандан кейин, уларга беради. Шусиз ҳам одамларимиз топганини болаларига едирарди.

Уруш йиллари колхозларда техника деярли бўлмаган. МТСлардан яроқли тракторлар ва машиналар фронт учун олиб қўйилган. Деярли барча иш қўлда бажарилган. Янчилган ғалла колхознинг омборида тўпланган, тозаланган, қопларга жойланиб, дон тайёрлаш идорасига (заготзерно) жўнатилган. Ниҳоятда шафқатсиз ва оғир йиллар. Далада қолиб кетган машоқни терганлар етти йилга қамалган. Далаларни НКВД ходимлари отда айланиб назорат қилган. Эркаклар фронтда. Бир-икки қайтганлар эса майиб, ногирон — бир қўли ёки оёғи йўқ.

Асосий иш аёллар, ўсмирлар ва кексалар гарданига тушган. Очиқча одамларга бирор килограмм ғалла бериб бўлмайди. Раис хирмонда ишлашга, дон тозалашга жалб қилинган аёлларга эрининг ё отасининг маҳси киядиган калишида келишини талаб қилган. Табиийки, хирмондан қайтаётган ҳар бир аёлнинг, ё ўсмир боланинг оёғидаги калишга 150-200 граммгача буғдой кириб қолган. Раис одамларни очарчиликдан сақлашнинг мавсумга қараб бошқа турли йўлларини излаб топган.

Ҳар бир қишлоқда уйма-уй юрадиган тунги навбатчилар (қатлама ва нон билан)дан ташқари, қўзилаган қўйларни соғдириб, бринза пиширтирган, шакар тушадиган янтоқзорларни мол киришидан қўриқлаб, шакар тушгач, одамларга янтоқзорни тақсимлаб берган. Ўзидан қолган ночор оилаларга янтоқ шакар жамғаришда ёрдам уюштирган. Қоракўл терига сўйилган қўзиларнинг барра гўштини нафақат колхозчиларга, шунингдек, меҳнат куни йўқ кишиларга (қариялар, ёки болали аёлларга, касалларга) баъзан шаҳарликларга ҳам фронтчининг оила аъзоси сифатида бепул тарқаттирган. Ўша пайтдаги айрим раислардек қамчисидан қон томмаган, бировларнинг ҳаққига, бева хотин-халажига кўз олайтирмаган. Бу аслида уруғ-аймоқчилик муносабатлари анча-мунча сақланиб қолган бизнинг қишлоқларда деярли ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган, чунки бир-бирини қариндош ҳисоблаган.

Жуда ҳалол, покдомон, имонли ва ғамхўр раис бўлгани учун у кишини эл қаттиқ ҳурмат қиларди. Бобом нафақага чиққандан кейин ҳам 35 йил ҳурмат-иззатда умр кўрди. Бева-бечоралар дуоси туфайли бўлса керак, тўшакда ётадиган касалга чалинмади, хотирасини, ҳушини йўқотмади. Ҳеч кимга оғири тушмасдан, оёқда юриб, 93 ёшда дунёдан ўтди. Юқорида айтганимдек, бобом ажойиб суҳбатдош эди, тили жонли, образларга, ўхшатишларга бой, жуда таъсирчан бўлиб, агар бирор нарсани ҳикоя қилиб қолса, тингловчини бир зумда ром қилиб қўярди.

Ана шундай сўзга диди баланд ота-она фарзанди Абдулла Ориповнинг шоир бўлиб туғилиши табиий эди. Унинг феноменини англашда, албатта, ирцияти, ота-онасидан наслий ўтган хислатлари, феъл-атворини ҳам ҳисобга олиш жоиз. Шоир халқпарварликни, одамлар дардини ўзига олишни, куюнчакликни, дилкаш суҳбатдошликни отасидан ўрганган эди.

Абдулла Орипов мактабни 1958 йилда олтин медаль билан битирди. Ўрта Осиё давлат университети журналистика бўлимига ўқишга кирди. Университетда ҳам унга мактабдагидек ардоқли муносабат давом этган. Ўқитувчилари, курсдошлари — деярли ҳамма унга яхши муносабатда бўлган. Ҳар кимга муносабат аввало унинг ўзини қандай тутишига, муомаласига, феъл-атворига қараб шаклланади. Абдулла Орипов олис вилоятлардан келган барча қишлоқи йигитлар каби соддадил, бироз тортинчоқ, ишонувчан, бировни алдай олмайдиган талаба бўлган. Кийим-кечаги одмироқ эса-да, кўзи тўқ, молпарастликдан йироқ. Қўли очиқ. Пахта теримига чиққанда , шийпонда уюштириладиган мушоиралар, савол-жавобларда доимо илғорлар қаторидан жой олган. Шеърлари мунтазам факультетнинг деворий газетасида чиқиб турган. Шундай у факультетнинг эркатойига айланган. Шеърлари матбуот юзини кўра бошлаган.

Юқори курсларда ўқигандаёқ унинг номи танилиб қолди. 60 йиллар иккинчи ярмида эса катта довруқ қозонди. Унинг шеърларига хос самимийлик ва ҳалоллик, худбинлик, сохта, ёлғон туйғуларнинг бегоналиги, гўзал истиоралар, ташбеҳлар, кутилмаган образлар, ностандарт бадиий тафаккур, ноҳаётий адабий андозалардан дадил воз кеча олиш, янгича нигоҳ ва идрок ўқувчиларга ёқиб тушди. Ёш шоирнинг журъати ҳаммани лол қолдирган эди. Ватанни сидқидилдан севиш, советча «байналмилал» ғурурни эмас, ўзбекча миллий ғурурни, миллий ватанпарварликни баралла куйлаш, халқ деб ўкиниш одамлар қалбида чуқур акс-садо берди. Халқ унинг сиймосида қатағонга учраб, армонга айланиб қолган Чўлпон ва Усмон Носир каби фарзандларининг давомчисини кўрди.

Ёш шоирнинг машҳурлиги ўсган сари, теварагида тегишли идоралар топшириғига кўра зимдан назорат ва чақимчилик қиладиган «дўстлар», «улфатлар» пайдо бўла бошлади. Бундан ҳам ёмони — қаламкаш ҳамкасблари орасида хайрихоҳлар қаторида ҳасадгўйлар ҳам кўпайди. Лекин совет давлатининг баъзи бир расмий идоралари жамоатчилик фикрини, халқ меҳр-муҳаббатини ҳисобга олишга мажбур эди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Шароф Рашидовнинг ва унинг айрим сафдошларининг шахсий меҳри ва ихлоси ҳам бор эди. Улар шоирга нисбатан турли фисқу фасодларга, найрангларга эътибор беришмади.

Аксинча, турли иғволардан, биринчи галда Ўзбекистонга бўйсунмайдиган собиқ марказдан бошқариладиган идоралардан ҳимоялаш учун дастлаб уни комсомол, сўнг Ўзбекистон давлат мукофоти билан тақдирлашди. Шоирга лауреат унвонларини бериш, аввало истеъдоди ва асарларини тан олиш бўлса, бошқа томондан, уни ҳимоя қилиш учун зарур восита эди. Чунки Москвадаги айрим мафкурачилар уни миллатчиликда айблашга уриниб келарди. Ҳасадгўйлар лауреатликни ўзларича талқин қилдилар: гўёки Абдулла Орипов совет тузумига маддоҳлик туфайли унвонларга эришди. «Ё, тавба» дейсан. Ахир Абдулла Орипов халқни уйғотган, истиқлолга чорлаган, миллий ғурурни юксалтирган ижодкорлардан бири-ку!

Нафақат республика бошлиқлари, вилоятларнинг кўпчилик бошлиқлари, айниқса ватанпарварликка мойил, ғурури баландлари ҳам шоирни ардоқлай бошладилар. Мустақиллик йиллари бундай муносабат янги босқичга кўтарилди. Чунки халқ ҳам, раҳбарлар ҳам ҳаққоний равишда Абдулла Ориповни мустақиллик жарчиси ва куйчиси сифатида қабул қилар эди.

Андижону Фарғонада, Жиззаху Сирдарёда, Хоразму Қорақалпоқда, Самарқанду Бухорода — бутун Ўзбекистонда ҳурмати юксак, унга нисбатан халқ меҳри қайноқ эди. Айниқса, 1996 — 2001 йиллардаги Жиззах вилояти ҳокими шоирга ҳар томонлама, биринчи галда ёш қаламкашларни рағбатлантириш, ўқитиш борасида ёрдамини аямади. У кишининг ташаббуси ва амалий кўмаги билан сўлим Зоминда ёш ижодкорлар учун доимий ҳаракатдаги семинар, ЎЗМУ да Олий Адабиёт курслари ташкил этилди.

70 йиллардан бошлаб Қашқадарё вилоят раҳбарлари уни тез-тез таклиф қиладиган бўлишди. Қашқадарёликлар ҳам уни орзиқиб кутар, у билан фахрланар эди. Учрашувларда залга одам сиғмас, ҳатто ўтиш йўлаклари тингловчиларга тўлиб кетарди. Абдулла Ориповнинг 50 ва 60 ёшлик тўйлари нишонланганда, Қўнғиртов этаклари халқ сайилгоҳига айланиб кетганди. Айниқса 2001 йилда халқ оқими жуда катта бўлган эди.

70 йиллар бошида вилоят партия қўмитаси биринчи котиби Рўзимат Ғоипов шоирга Газ-24 «Волга» автомобили олиши учун қарор чиқартирган. Ислом Каримов вилоятда раҳбар бўлганда, шоирга ҳар томонлама ёрдам кўрсатди. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика бўлими раислигига, Ўзбекистон Халқ шоири унвонига вилоят меҳнаткашлари номидан тавсия этди. Алихон Раҳматович Отажонов Абдулла Ориповга Қарши шаҳрида коттеж типидаги уй-жой қурдирди. 17 ёшида туғилган қишлоғидан ўқишга кетиб, тошкентлик бўлиб қолган шоирнинг на қишлоғида, на Қарши шаҳрида уй-жойи йўқ эди.

Озод Пармонов шоирнинг таваллуд куни муносабати билан, унга оқ от ҳадя қилиб, кўпчиликнинг кўз ўнгида кўтариб миндириб қўйди. Бахтиёр Ҳамидов шоирга 60 йиллиги Қаршида нишонланаётганда енгил автомобиль калитини тантанали топширди. Нуриддин Зайниев Абдулла Ориповни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади, Дўрмондаги ҳовлисини реконструкция қилишда ёрдамлашди. Шоирнинг ҳовлисига қорақалпоқлар ўтов ўрнатиб берганди.

Таниш-нотаниш одамлар уни меҳмон қилгиси, эсдалик учун бирор нарса бергиси келарди. Яқин қариндошлар ёки дўстлардан ўзига тўқлари чўнтагига тўрт-беш сўм тиқиб қўйишга интиларди. Отам Панжи Эркаев, қайнотам Темир Мирзаев ва бошқаларнинг бундай қилгани ўзим кўп бор кузатганман. Кайфи чоғ шоир ўз навбатида ўртамиёна кун кечирадиган бошқа қариндошларига ёки бечораҳол қишлоқдошларига чўнтагидаги пулларни, олган совға-саломларнинг кўпчилигини тарқатарди. Сахий инсон эди. Менимча, сахий бўлмаган шоир ижодда юксакликка эриша олмайди. Чунки қалби тубидаги туйғуларини, завқ-шавқини, дардларини бировлардан қизғанади. Ўзлигини борлигича беролмайди.

Абдулла Ориповнинг ўзи ҳам халқнинг эрка шоири эканини яхши биларди. Баъзан сархушликда айрим даврадошларига, айрим маҳаллий мансабдорларга ошириброқ гапириб қўйса, эртаси куни «бир эркалик қилгим келди-да», деб шундай самимий айтар эдики, ҳамма жилмайиб, яна унга завқ ва меҳр билар қарарди. Мен анча хижолат бўлиб , кейинроқ ҳушёр даврадошлардан шоирдан фалончи хафа эмасми, деб сўрардим. «Шоир ҳеч кимга, ҳеч қачон адолатсиз гапирмайди. Фалончи фалон ишлари учун таъзирини еди. Бундан ҳаммамиз хурсанд бўлдик», - деган жавобни кўплаб марта эшитганман. Шоир ижодининг, ҳаётининг катта қисми шундай эркатойликда ўтди. Аммо...

Абдулла Ориповнинг мухолиф ҳасадгўйлари барибир мақсадига қисман эришди. Шубҳакорлиги кексайган сари кучайиб бораётган давлат раҳбарини шоир умрининг сўнгги йилларида ундан айнитишди. Дўрмондаги ёзувчиларнинг ижод уйини капитал таъмирлаш бошланиши билан у Ёзувчилар уюшмаси раислигидан истеъфога чиқарилиб, фахрий раисликка ўтказилди. Ойлик маошининг 75 фоизи, хизмат машинаси, иш кабинети сақлаб қолинди. Ташқи томондан ҳаммаси жойидагидек эди.

Аммо шеърларининг вақтли матбуотда чоп этилишига, радио ва телевидениеда ўқилишига пинҳона тақиқ қўйилди. Хизмат машинаси ёнилғисига лимит ажратилмади. Уни жамоатчиликдан узиб қўйишнинг турли усуллари қўлланди. «Абдулла Ориповнинг уйи кузатувда, борсанг қора рўйхатга тушасан, мансабингдан айриласан» қабилида гаплар тарқатилди. Бир куни шоирни кўргани бордим. Ўзимча тасалли беришга, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилдим. «Бундан ёмонларини илгари бошдан ўтказгансиз. Буниси ҳам ўтиб кетади», — дедим.

«Тўғри, шундай-куя. Ношукурчилик қилаётганим йўқ. Мени Шароф ака тишининг кавагида асрагандек 15 йил асради. Акс ҳолда ўша йилларда йўқ қилиб юборишар эди. 20 йил Ислом ака қаттиқ қўллаб-қувватлади. Иккаласига ҳам раҳмат. Тақдиримда ижод йўлимнинг бошларида ва охирида оғир синовга дуч келиш бор экан. Начора!» — деди ҳорғин, лекин қатъий оҳангда.

Ижод уйи таъмирдан чиққандан кейин, давлат раҳбарининг ижодкорларни янада қўллаб-қувватлашига қаратилган қарори чиқди. Қарорда, қизиғи, ёш ижодкорлар учун Зоминда семинар ташкил этилиши белгиланган эди. Баъзи қаламкашлар эҳтирос билан бундай ҳиммат учун юртбошига ОАВда чексиз миннатдорчилик билдирдилар.

Яна «тавба» дейишдан бошқа иложинг йўқ. Ахир ижодий семинарлар бунгача қатор йиллар давомида Зоминда ўтказиб келинаётган эди-ку! Уни ташкил этиш, харажатларини кўтариш дастлаб Жиззах вилояти ҳокими, кейинги йилларда Республика ҳукумати бошлиғининг бевосита ёрдамида амалга оширилган эди. Шоирнинг уюшмадаги ўз фаолиятидан қониқадиган, ҳатто фахрланадиган ишларидан биринчиси — Дўрмондаги ижод уйини ва коттежларини, бошқа республикалардан фарқли, хусусийлаштиришдан сақлаб қолгани бўлса, иккинчиси — Зоминдаги ёш ижодкорлар учун ташкил қилинган семинар, учинчиси ЎзМУ ҳузурида Адабиёт олий курсларининг йўлга қўйилгани эди. Лекин юқорида эсланган қарорга кирмай қолгани учун Адабиёт олий курслари фаолияти тўхтаб қолди. Амалда бу олға силжиш эмас, ушбу масалада ортга кетиш эди.

Республика раҳбарияти ўзгаргандан кейин, Абдулла Ориповга нисбатан адолат яна тикланди. Аммо шоирнинг ердаги умри ниҳоясига етиб бўлган эди.

Бугун янги раҳбар ташаббуси билан Адабиёт олий курслари яна фаолият юритяпти. Шоир шеърлари, асарлари катта ададларда босилмоқда. Номи абадийлаштирилмоқда. Тошкентда Адиблар хиёбонида, Қаршининг марказида унга ҳайкал ўрнатилди. Қаршида унинг номида ижод мактаби ташкил этилди. Давлат раҳбарининг Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорида унинг номини абадийлаштиришни, ҳаётини, ижодини чуқур ўрганиш ва тарғиб этишни янада кучайтириш белгиланган. Бу янгиланаётган Ўзбекистонда инсон қадр-қимматига, айниқса халқнинг асл фарзандлари хотирасига муносабат ўзгарганидан далолатдир.

Абдулла Орипов ҳаётидаги парадокс — бир томондан умумхалқ меҳри, ҳурмат-иззат, юксак унвонлар ва мукофотлар, иккинчи томондан, ҳасадгўй рақиблар иғвоси, улар туфайли турмушининг заққумга айлангани — шоир феноменининг ўзига хос бир бўлагидир. Бу икки қарама-қарши муносабатни, унга нисбатан меҳр-муҳаббатни ва айрим кимсалар нафратини хаспўшлаб ҳам, инкор қилиб ҳам бўлмайди. Борлигича қабул қилиш керак. Фақат ҳасадгўйлар сони халқ сони олдида сезилмаслиги шоир руҳи покига таскин бераётган бўлса ажаб эмас.

Абдураҳим Эркаев,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

Манба: xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шоир ҳаётидаги парадокс ёхуд Абдулла Орипов армонлари