Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоаси жаҳон чемпионатининг нимчорак финалига йўл олганидан хабарингиз бор. Плей-оффнинг биринчи босқичида ёшларимизга исроиллик тенгқурлари қаршилик қилади. Хўш, рақиб ҳақида қандай маълумотга эгамиз? Унинг кучли томонлари нимада? Етакчи футболчилари ким?
Ўйин услуби қандай?
Офир Ҳаим Исроил ёшлар жамоасини иккинчи рақамда тўп суришга мўлжалланган ўйин схемалари асосида шакллантирган. Классик - 4-2-3-1. Битта ижодкор плеймейкер, марказда яширин ҳужумчилик қилишга қодир ярим ҳимоячилар тандеми ва 4 ҳимоячи. Олдинда эса баланд бўйли жисмонан бақувват форвард. Жамоа 2-3 техникаси кучли йигитларнинг креатив ҳаракатлари ва орқадаги ҳимоячиларнинг бехато ўйинига таянади.
Европа вакиллари яхши жисмоний тайёргарликка эга. Баланд бўйли футболчилар стандарт вазиятларда жуда фаол. Керакли паллада чуқур ҳимояланишни ҳам яхши ўзлаштирган. Баҳс давомида темпни пастроқ ушлаб туриш орқали, асосан позицион ҳужумлар уюштиришга уринади. Шу тариқа, таркибидаги тезкор футболчиларнинг йўқлигини тўлдиради.
Рақибнинг тактикаси биз каби 3 та марказий ҳимоячига асосланган услубда ўйнайдиган жамоалар учун бир нечта қулайлик яратади. Масалан, рақибнинг ягона соф марказий ҳужумчисини 3 та мудофаа вакили қўриқлайди. Қанотдаги ярим ҳимоячилар эса лотареаллар билан биргаликда, қанот ярим ҳимоячиларимизнинг босимига дуч келади.
Афсуски, бу ўйинни сардормиз – Умарали Раҳмоналиев сариқ карточкалари кўпайиб кетгани боис, ўтказиб юборади. Айнан шу фактор, Равшан Ҳайдаровни бошқа ўйин схемасини танлашга мажбур этиши мумкин. Сабаби, “Рубин” аъзоси майдон марказида деярли икки футболчининг вазифасини бажаришига одатланганмиз.
Раҳмоналиев нафақат ҳимоядан тўпни олиб чиқиб кетишда, балки тезкор қарши ҳужумларда ҳам асосий фигуралардан бири эди. Бундан ташқари, рақибни ҳужумларини марказда барбод этиш, жамоавий прессинг ва бошқа кўплаб ўйин элементларида унинг иштироки жамоага яхшигина устунлик тақдим этган. Умарали ўйинда иштирок эта олмагани боис, унинг позициясида бошқа бир футболчи худди шунча ҳажмдаги ишни у сингари профессионал уддалаши сўроқ остида қолмоқда.
Рақибнинг асосий кучи ярим ҳимояда эканлигини ҳисобга олсак, Ҳайдаровда 4-2-3-1 схемасига мурожаат этиш варианти ҳам мавжуд. Ёдингизда бўлса, Янги Зеландия билан баҳснинг иккинчи бўлимида айнан шу схема бизни мағлубиятдан қутулиб қолишимиз учун кўмак берган эди.
Агрессив прессинг ўрнини, тўп назорати ва ўйиндаги устунликка алмаштиришни истасак, 4-2-3-1 схемаси яхши танлов, бироқ у рақибнинг ўта ҳавли икки футболчиси учун қўшимча бўш зоналар очилишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳайдаровнинг танлаган схемаси ўйиннинг қандай боришига тўғридан-тўғри таъсир қилади.
Эътиборли томони, Исроил ҳимоядан ҳужумга ўтаётганда майда пасларга ҳар доим ҳам урғу бермайди. Агар рақиб прессингни кучайтирса, иккинчи қаватдан узатмалар орқали олдинга ўтишга интилади. Вазиятдан келиб чиқиб, Исроилда ўйинга мослашиб кетиш иммунитети яхши шаклланган. Катта эҳтимол билан нимчорак финалдаги ўйин темпини бизнинг ҳамюртларимиз белгилаб беради. Исроил эса иккинчи рақамда ўз омадини синаб кўради.
Асосий футболчилари ким?
U-20 терма жамоамизнинг ЖЧ гуруҳ босқичидаги ўйинларини таҳлил қилар эканман, ҳали бирорта беллашувда ёшларимиз бу қадар етакчиларга боғланиб қолган жамоа билан тўқнаш келмаганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бугунги Исроил марказий ҳужумчи – Дор Тургеман (9 рақам) ва плеймейкер вазифасини бажарувчи Ҳалаили (7 рақам) атрофида қурилган десак, муболаға бўлмайди. Бири реализация бобида чинакам қотил ижрочи бўлса, иккинчиси кичик эпизодларда рақибдан чаққонроқ чиқиш бобида беназир.
Айнан бу йигитларни мудофаа вакилларимиз қай даражада қўриқлай олиши баҳс натижасига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Агар улардан ҳеч йўқ биттасини персонал ўйинда ёпиб ташлай олсак, Исроил деярли қуролсизлантирилган бўлади. Дор баланд бўйли, яхши тезликка эга. Иккинчи қаватда жуда фаол. Шунингдек, керакли паллада ортга қайтиб ҳимоячиларга ёрдам беради. 186 см бўйга эга форвард 90 дақиқа давомида ҳимоячиларимизни тер тўкишга мажбур қилади. Ҳалаили эса креатив, ижодкор ва эркин ярим ҳимоячи. У ўрни келса, қанотга кўчиши, Дорнинг ўрнида марказий ҳужумда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Кучсиз ва кучли томонлари нимада?
Асосий устунлик бу яхлит механизмга айланган жамоавий ўйин. Тўғри, майдондаги барча йигитларнинг даражаси бир хил эмас, бироқ улар бу камчиликни меҳнаткашлик ва кучли иштиёқ эвазига компенсация қилишга муваффақ бўлади. Бежизга улар, Европа чемпионатининг финалига қадар етиб боргани йўқ. Айнан 90 дақиқа давомида юқори концентрация билан тўп сургани боис, жамоа ўзидан техник ва тактик томондан кучли бўлган рақибларни енгишни уддалаган. Ўзбекистон U-20 билан баҳс улар учун яхшигина муаммо туғдириши аниқ. Сабаби, Ҳайдаров жамоаси биринчи рақамда ҳам, иккинчи рақамда ҳам бирдек яхши ўйин кўрсатишга қодир. Бу вазиятдан келиб чиқиб, учрашувнинг боришини ўзгартириш имкониятини тақдим этади. Барчаси бош мураббийимизнинг ўйинга қандай стратегия танлаши билан боғлиқ.
Шу ўринда яна бир муҳим факторга эътибор қаратишимиз шарт. Исроил U-20 жамоаси руҳий босим уюштириши, ўйин темпини пастроқ ушлаш учун турли айёрликларга қўл ургани кичик мундиалдаги ўйинларда бир неча бор кўзга ташланди. Рақиб футболчиларининг провокациясига учмаслик, ортиқча эмоцияга берилмаслик ғалаба калити сифатида хизмат қилади. Шундай экан, баҳс давомида йигитларимиз совуқ мия ва қайноқ юрак билан тўп суришга мажбур. Сабаби, ўйин борасидаги бир нечта факторлар борасида биз рақибдан кучлироқмиз. Шунчаки, буни майдонда исботлаш даркор.
Жамоалар имконияти қандай?
Обьектив олиб қаралса, имкониятлар 50/50. Исроил термасининг ўйин услуби, имкониятлари ва бошқа кўплаб омиллар сабабли тарози палласи бироз биз томонга ўтиши мумкин. Қоғозда рақибдан кучлироқ эканлигимиз аниқ, аммо буни майдонда исботлаш катта кучни талаб этади. Равшан Ҳайдаров жамоаси Осиё чемпионатида бир неча бор характер кўрсатганига гувоҳ бўлдик. Жуда ёмон бошланган ЖЧда ҳам йигитлар бурилиш ясаб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритишга эришди. Бу ўйинда айнан ўша кучли руҳий тайёргарлик бизга ҳар қачонгидан кўпроқ керак. Олдинда, 90 балки 120 дақиқа кескин қарама-қаршилик бизни кутмоқда.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Манба: Sports.uz
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг