Осиё кубогининг “В” гуруҳидаги дастлабки икки турда Ҳиндистон ва Сурия терма жамоаларини мағлубиятга учратган австралиялик футболчилар муддатидан олдин плей-офф босқичи масаласини ҳал қилиб бўлди.
Ҳозирча, квартетдаги охирги баҳс олдидан қолган уч жамоада ҳам мусобақани давом эттириш имконияти сақланиб қолган. Бироқ бу имконият Ўзбекистонда кўпроқ, Сурия ва Ҳиндистон борини ўзаро тўқнашувга ташлаш орқали минимал вазиятдан фойда чиқаришга уриниб кўради.
Лекин кенгурулар юрти вакиллари бундан бўшашмоқчи эмас ва бор эътиборини гуруҳдаги сўнгги учрашувда Ўзбекистон терма жамоасини енгишга қаратади.
Бунинг ўзига хос сабаблари бор экан. Австралия терма жамоаси фаолиятини ёритиб келаётган socceroos.com.au сайти бўлажак баҳс аҳамияти ҳақида шундай маълумот берди.
- “В” гуруҳининг учинчи туридаги ўйин Австралия ва Ўзбекистоннинг ўзаро бешинчи тўқнашуви бўлади. Улар сўнгги бор 2019 йилги Осиё чемпионати нимчорак финалида бир бирига рўбарў келганди ва ўшанда австралияликлар пенальтилар сериясида ажойиб тарзда ғалаба қозонган.
Грэм Арнольд шогидлари анча қаршилик кўрсатган Ҳиндистонни 2:0, оғир ўтган учрашувда Сурияни 1:0 ҳисобида енгди ва тўрт очко билан иккинчи ўринда бораётган “оқ бўрилар”га қарши беллашувда гуруҳдаги пешқадамликни мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Ўйин бўладиган “Ал-Жануб” аренаси австралияликларга бегона эмас. Улар 2022 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичини учала ўйинини шу майдонда ўтказган.
Австралия терма жамоаси Осиё кубокларида қатнашиб келаётганидан буён ҳали ҳеч қачон гуруҳ баҳсларида 100 фоизлик натижа қайд этмаган. Бу гал Грэм Арнаольд шогирдлари учинчи турда Ўзбекистонни мағлубиятга учратиб, ана шу ҳолатга барҳам бермоқчи ва илк бор гуруҳ баҳсларининг ҳаммасида ғолиб чиққан жамоага айланмоқчи, - деб ёзди socceroos.com.au сайти.
Дарҳақиқат, австралияликлар Осиё футбол конфедерациясига 2006 йили қўшилганидан буён қитъа чемпионатларида олтинчи маротаба иштирок этмоқда. Шу пайтга қадар улар 2011 йили Қатардаги Осиё кубогида кумуш, 2015 йили ўз юртларидаги турнирда олтин медални қўлга киритган.
Австралия ва Ўзбекистон футболчилари ўзаро тўрт маротаба тўқнаш келган. Илк бор 2008 йили жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасида Тошкентда ўтказилган беллашув меҳмонларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланган.
2009 йилнинг апрелида Австралиядаги баҳсда ҳам рақибнинг қўли баланд келган. Яна икки учрашув Осиё кубоги плей-оффларида ўтказилди.
2011 йили Қатардаги Осиё кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоаси зўр иштирок этди ва ўз тарихида илк бор ярим финалга чиқди. Финал йўлланмаси учун курашда ҳеч ким кутмаган натижа қайд этилди. Австралияликлар дарвозамизга жавобсиз олтита тўп киритди.
Сўнгги тўртинчи баҳс 2019 йилги қитъа чемпионатининг нимчорак финалига тўғри келди. Ўзбекистон илк маротаба рақибнинг ғалаба қозонишига йўл қўймади. Асосий ва қўшимча вақтда ҳисоб очилмагач, пенальтилар сериясида омад Австралия терма жамоасига кулиб боқди.
Кўриниб турибдики, 23 январга белгиланган учрашув нафақат австралияликлар, балки ўзбек футболчилари учун ҳам тарихий аҳамият касб этиши мумкин. Рақиб гуруҳ баҳсларидаги статистикасини ўнгламоқчи бўлса, ҳамюртларимиз австралияликларни биринчи марта мағлуб этиш ва ушбу рақиб дарвозасига илк маротаба гол уриш учун ўйнаши керак.
Қайси жамоа ўз олдига қўйган мақсадига эриша олишини “В” гуруҳининг охирги учрашуви кўрсатиб беради.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг