Слуцкий бошқарувидаги «Шанхай Шэньхуа» Осиё Чемпионлар Лигасида ютқазди

«Шанхай Шэньхуа» Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида етти турдан кейин плей-офф йўлланмаси учун имкониятларни бой берганди. 8-турда «Бурирам Юнайтед»га қарши учрашув Леонид Слуцкий жамоаси учун турнир билан хайрлашиш олдидан сўнгги уриниш бўлди, бироқ «эшикни қарсиллатиб ёпиш» амалга ошмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Таиланд клуби 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Бурирам Юнайтед» биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларидаёқ икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди: 11-дақиқада Гуд Кйорис, 22-дақиқада эса Муеанта Супханат гол урди. Орадан кўп ўтмай «Шанхай Шэньхуа» бир футболчига камайиб қолди ва бу ҳолат ўйин атрофидаги интриганинг деярли барҳам топишига олиб келди.
Маълумот учун, Леонид Слуцкийнинг «Шанхай Шэньхуа» билан амалдаги шартномаси 2027 йил охиригача мўлжалланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!