Жоао Педро Челси мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилди

Челси ҳужумчиси Жоао Педро мухлислар ўртасида ўтказилган сўровномада 60 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, клубнинг "Мавсумнинг энг яхши футболчиси" деб эълон қилинди. Бразилиялик футболчи овоз бериш жараёнида Энзо Фернандез ва Моисес Каиседо каби ярим ҳимоячиларни ортда қолдирди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ушбу эътироф футболчи учун бироз аччиқ таъмга эга бўлди, чунки у айнан шу куни Бразилия терма жамоасининг Жаҳон чемпионати учун таркибига киритилмаган эди. Бош мураббий Карло Анселотти кутилмаганда тажрибали Неймар хизматидан фойдаланишга қарор қилди.
Жоао Педро ўтган ёзда Брайтондан 60 миллион фунт стерлинг эвазига Челси сафига келиб қўшилган эди. У Англия Премер-лигасидаги дебют мавсумида 20 тадан ортиқ голли вазиятда (15 гол ва 8 ассист) қатнашган тарихдаги олтинчи футболчига айланди.
Футболчи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали терма жамоага чақирилмаганига муносабат билдириб, барча мухлисларни Бразилия терма жамоасини қўллаб-қувватлашга чақирди. У ўз фаолиятида меҳнат қилишда давом этишини ва келажакдаги мақсадларига эътибор қаратишини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!