Барселона Эз Абдени қайтармоқчи: Ханси Флик футболчидан ҳайратда

Барселона клуби ўзининг собиқ футболчиси, ҳозирда Реал Бетис шарафини ҳимоя қилаётган марокашлик вингер Эз Абдени қайтариш вариантини кўриб чиқмоқда. Кадена SEР хабарига кўра, жамоа бош мураббийи Ханси Флик футболчининг ўйин услубидан жуда мамнун. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мутахассис якшанба куни бўлиб ўтган Барселона ва Реал Бетис ўртасидаги баҳсни диққат билан кузатиб борди. Учрашувда Абде айниқса биринчи бўлимда фаол ҳаракат қилиб, ҳимоячи Жулес Коундега кўп қийинчиликлар туғдирди. Гарчи унинг киритган голи офсайд сабабли бекор қилинган бўлса-да, футболчининг майдондаги ҳаракатлари мураббийлар штабида ижобий таассурот қолдирди.
Эз Абде 2021-йилдан 2023-йилгача Барселона таркибида бўлган, бироқ асосий таркибдан жой ололмагач, Осасунага ижарага берилганди. Кейинчалик каталонияликлар уни 7,5 миллион евро эвазига Реал Бетисга сотиб юборишган. Шартномада клуб футболчини қайтариб сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолганлиги трансферни амалга оширишда асосий омил бўлиши мумкин.
Ҳозирги вақтда футболчининг келажаги борасида турли хил фикрлар мавжуд. Абде Барселонада захира ўйинчиси бўлишга рози бўладими ёки йўқ, бу ҳали номаълум. Шунингдек, вингерга Англия Премер-лигасининг бир қатор клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Барселона ёзги трансфер ойнасида таркибни кучайтириш мақсадида ҳам вингер, ҳам марказий ҳужумчи изламоқда. Шу билан бирга, жамоада ижарада ўйнаётган Маркус Рэшфорднинг келажаги ҳамон мавҳумлигича қолмоқда, унинг трансфер нархи эса 30 миллион еврога баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!