Элдор Шомуродов Туркия Суперлигаси рамзий жамоасига киритилди

Туркия Суперлигасининг 2025/26 йилги мавсуми якунлари бўйича рамзий жамоа эълон қилинди. Турк журналистлари талқинига кўра тузилган “мавсумнинг олтин 11лиги”дан Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳам жой олди.
“Башакшеҳир” сафида ёрқин мавсум ўтказган Шомуродов рамзий таркибда ҳужум чизиғидан ўрин олган. У билан бирга олдинги чизиқда “Трабзонспор” форварди Пол Онуачу ҳам қайд этилган. Бу эса Элдорнинг Туркия чемпионатидаги барқарор ўйини ва самарадорлиги юқори баҳоланганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов ушбу мавсумда Суперлиганинг энг яхши тўпурарига айланган эди. Ўзбекистонлик ҳужумчи чемпионатни 22 та гол билан якунлаб, “Башакшеҳир” ҳужумида асосий кучлардан бири бўлди. Шунинг учун унинг рамзий жамоага киритилиши кутилган ва муносиб эътироф сифатида баҳоланмоқда.
Турк журналистлари тузган рамзий жамоадан “Галатасарой”, “Трабзонспор”, “Фенербаҳче”, “Бешикташ”, “Аланяспор” ва “Башакшеҳир” футболчилари ўрин олган.
Рамзий жамоа таркиби қуйидагича:
Дарвозабон: Уғуржон Чакир “Галатасарой”.
Ҳимоячилар: Мустафо Эскихеллач “Трабзонспор”, Абдулкарим Бардакжи “Галатасарой”, А. Батагов “Трабзонспор”, Ф. Ҳадержонаж “Аланяспор”.
Ярим ҳимоячилар: Оркун Кўкчю “Бешикташ”, Марко Асенсио “Фенербаҳче”.
Қанот футболчилари: Бариш Алпер Йилмаз “Галатасарой”, Юнус Акгюн “Галатасарой”.
Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов “Башакшеҳир”, Пол Онуачу “Трабзонспор”.

Бу таркибда “Галатасарой” вакиллари кўплиги жамоанинг чемпионатдаги кучли мавсумини кўрсатса, Элдор Шомуродовнинг “Башакшеҳир”дан ягона вакил сифатида рамзий жамоага киритилиши унинг шахсий даражаси қанчалик юқори бўлганини англатади.
Шомуродов учун бу мавсум ҳақиқий қайта порлаш даврига айланди. У нафақат голлари, балки жамоавий ўйиндаги фаоллиги, ҳужумдаги ҳаракатчанлиги ва муҳим паллалардаги совуққонлиги билан ҳам эътибор қозонди.
Қисқаси, Элдор Шомуродов Туркияда ўзбек футболи номини яна бир бор баланд кўтарди. Тўпурарлик унвонидан кейин рамзий жамоадан жой олиш — бу мавсумга қўйилган чиройли муҳр бўлди. Туркия Суперлигасида Элдор ўз сўзини айтди, энди мухлислар ундан янада катта натижаларни кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!