19:56 / 15.06.2018
2 973

Клаудио Канижа: «Аргентина термаси ҳужуми – даҳшат»

Клаудио Канижа: «Аргентина термаси ҳужуми – даҳшат»
Аргентиналик Клаудио Канижа 3та жаҳон чемпионати (1990, 1994 ва 2002 йил)да иштирок этган камсонли футболчилардан биридир.

Вақтида кимсан Диего Марадонадек буюк ижрочининг ишончли ҳамкори сифатида танилган Клаудио нафақат елкаларини елпиб турувчи ажойиб сочлари, балки шедевр голлари билан ҳам футбол тарихидан муносиб жой олган.

Афсонавий ҳужумчи FIFA.com сайтига берган интервьюсида асосан навбатдаги ЖЧ ҳақида гапирди ва ишонч билдирди: «Россия-2018 чиройли ва шиддатли футбол байрамига айланади».

Жамоатчиликка «Шамол ўғлони» лақаби билан танилган Канижа «Ривер Плейт» ва «Бока Хуниорс»дек бир-бирига ашаддий рақиб жамоалар сафида тўп сурди. Лекин фақат Аргентина миллий жамоасида чинакам рамз даражасига кўтарилди.

51 ёшида ҳам аввалги тезкорлиги, чаққонлиги ва бетакрор соч турмагини йўқотмаган собиқ ҳужумчининг мундиалларга боғлиқ хотиралари жуда ёрқин, албатта. Ахир у нақ 3та футбол форумини кўрган.

- Мана, 4 йилликнинг навбатдаги энг йирик мусобақаси старти ҳам тобора яқинлашмоқда. Ҳаяжонли ҳафталарни қандай ўтказяпсиз?


- Ҳозир таърифлашга сўз ожизлик қиладиган ҳиссиётлар таъсиридаман. Мени бошқа ҳеч қайси воқеа мундиалчалик тўлқинлантиролмайди. Бир томондан, кучли ҳаяжонни сезиб турибман, лекин шунинг баробарида хотиржамликни ҳам йўқотаётганим йўқ.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ички хотиржамликни сақлаб қолишга одатланганман. Айримлар муҳим мусобақалар арафасида уйқу­ни йўқотиб қўйишлари, лекин старт яқинлашган сари ўзларини ўнглаб олишлари мумкин. Бошқалар эса бутун турнир давомида ҳаяжонни енголмайдилар, шунинг ортидан асл иқтидорларини кўрсатолмайдилар.

Энг ёмони - бундай нохуш ҳолатнинг асосий таркиб вакилларида кузатилиши. Миллий жамоанинг ўзига хос жиҳати шундаки, гранд клубда юлдуз мақомида тўп сурадиган футболчи ҳам унинг таркибида ўз маҳоратини тўлиқ намойиш этолмаслиги мумкин.

- Футболчи сифатида Италия мундиали-90да вице-чемпион мақомига эришгансиз. Лекин мухлислар ўртасида сизларга бироз оғир ботадиган фикрлар бор: «Аргентиналиклар фақат омад туфайлигина кумуш медалга эга чиқишди». Бундай қарашга муносабатингиз қандай?

- Аслида Италияда ҳеч қайси жамоа биздан яққол устунлик қилолмаган - бу факт. Фақат Бразилия терма жамоаси нимчорак финал доирасидаги ўйиннинг биринчи бўлимида нисбатан ташаббусга эга бўлганди. Лекин азалий рақибимиз ҳам якунда мағлубиятни тан олган.

Боз устига, ўша пайт умумий вазият бизга қарши эди: Марадона, Ружери ва Бурручага мундиалга жароҳат билан ташриф буюришган, Пумпидо эса мусобақа даврида оёғини қайириб олганди. Қисқаси, жамоамиз муаммолар гирдобида қолган амалдаги чемпион эди.

Эсимда, баъзи йигитлар машғулотларда талаб даражасида ишламагандилар. Оқибатда янги ўйинчиларни таркибга жалб этишга тўғри келди, бир ёқда мажбурий ўзгаришлар... Умуман, мундиал бизни жиддий синовдан ўтказган бўлсада, бўш келмадик ва метин иродани намойиш этдик.

Ҳар ҳолда, ғолибликка жуда яқин келдик. Ўша терма жамоанинг руҳий барқарорлиги, қийинчиликларни енгиб ўтиш салоҳиятини ҳозир ҳам намуна сифатида эътироф этиш мумкин.

- Бразилия термаси дарвозасига урган голингиздан аргентиналик мухлислар ҳозир ҳам қудратли қурол сифатида фойдаланадилар. Бироқ ўзингиз муаммолар ҳақида гапирмоқдасиз. Ўша ноёб голни қандай изоҳлайсиз?

- Чиндан ҳам, тасаввурга сиғмайдиган ажойиб гол. У ҳалигача менга улкан қувонч ва алоҳида ғурур бахш этади. Аслида ўзим энг муҳим ўйин сифатида Италия термасига қарши кечган ярим финал баҳсини тилга оламан. Аммо тарихий рақибимиз - Бразилия термаси дарвозасига мўъжизавий гол урганим бир умрга татигулик таассуротдир.

Диққатга сазовор томони, ҳужумимиз аввалида мен ва шеригимни майдон марказида рақибнинг 5 нафар вакили кутиб турганди. Шунда такрорланмас комбинация ишлатиб, рақибларимизни PlayStation қўғирчоқларига айлантирдик.

Гол эса мантиққа сиғмайдиган қарама-қарши сценарийнинг якуни бўлди: биринчи бўлим қандай ўтгандию, интиҳо қандай натижа берганди?!

- Болалигингизда енгил атлетика билан ҳам шуғулланган экансиз. Бу спорт тури бўйича сабоқлар футболда асқотдими?

- Яшил майдондаги ҳаракатларни беихтиёр амалга оширганим боис, бу хусусда аниқ мисоллар келтиролмайман. Аммо енгил атлетика машғулотлари зое кетмаганини ҳеч иккиланмай таъкидлашим мумкин.

Дейлик, югуриш услубим кўплаб касбдошларимникидан фарқланарди - олдинга бироз эгилган ҳолда оёқ панжаларидан туртки олиб қўзғалардим. Шу тариқа стартдаёқ муайян устунликка эга бўлардим.

Қолаверса, бу усул оёғларим майса устида мустаҳкам ўрнашишига ёрдам берарди. Барчасини 100 ва 200 метр масофага югуриш машқларида ўзлаштирганман. Тезлик олишдан таш­қари, бирдан тўхташ ёки кескин равишда йўналишни ўзгартириш усулим ҳам ўзгача эди.

- Хўш, замонавий футболда Канижа услубида ўйнайдиган футболчилар борми?

- Йўқ. Чунки фақат ён чизиқ бўйлаб тўп сурадиган футболчилар сафи тобора торайиб бормоқда. Мана шу нохуш анъанага имкони борича тезроқ барҳам бериш лозим.

Ахир тезкор вингерга эга жамоа ҳар қандай рақибга етарлича муаммо ярата олади. Марказ доимо футболчиларга тўла, бўшлиқ кам. Қанотларда эса истаганча «ҳунар» кўрсатиш имкони бор.

- Россия мундиалида қайси ўйин чизгиси бош ролга чиқишини кутяпсиз?

- Ҳужумкор ва томошабоп футбол намойиш этилишидан умидворман. Асосий урғуни ҳужумкорликка қаратадиган, таркибига савияли ижрочиларни жамлаган жамоалар етарли. Мухлисларнинг бундай жамоалардан тажовузкор футбол кутишлари аниқ.

Мураббийлар эса ўз навбатида, 4 йилликнинг бош турнирида бор билим-тажрибаларини ишга солиш ҳақида бош қотиришади. Тўғри, нимчорак финал босқичидан эътиборан жамоа­лар бироз эҳтиёткор бўлиб қолади табиий равишда. Яъни ўзини рақибдан кучсизроқ ҳисоблайдиган терма кўпроқ ҳимоя хусусида қайғуради. Бу энди нормал жараён.

- Турнир фаворитлари хусусида кўпчиликнинг фикри бир ердан чиқмоқда. Лекин сир эмаски, етакчи термалар ҳам камчиликлардан холи эмас. Фақат ҳозирча ҳеч ким бу ҳақда оғиз очмаяпти. Номдор жамоаларнинг қайсидир заиф жиҳатлари шахсан сизга маълумми?

- Менимча, кўплаб жамоалар юксак савияга эга. Бошқаларни билмайман-ку, лекин бизнинг жамоада айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Қолаверса, футболда енгилмайдиган кучнинг ўзи йўқ. Албатта, ҳар қандай йирик мусобақада қандайдир кутилмаган воқеалар кузатилади, баъзан хатоликлар ҳам учрайди.

Дейлик, ЖЧ-90да ҳеч қайси жамоа Италия термаси дарвозасига йўл тополмаганди, биз эса уни мағлубиятга учратганмиз. Муваффақият калити руҳиятда.

- Айни ҳолатдаги Аргентина терма жамоасининг кучли ва заиф жиҳатларини баён эта оласизми?

- Ҳамма билса керак, жамоамизнинг энг кучли қуроли - сермаҳсул ҳужум чизиғи. У ҳар қандай рақибни даҳшатга солади. Ҳужумчиларимиз нуфузи шу қадар юқорики, улар майдонда бўлсалар, рақиб ўз-ўзидан хотиржамлигини йўқотади.

Чунки рақиблар онгига «Ҳа, бу ҳаммадан танбеҳ эшитадиган ўша Игуаин-да» эмас, балки «Бу «Ювентус»дек гранднинг энг яхши тўп­урари» қабилидаги фикр сингиб улгурган. Заиф жиҳатимиз эса - мустаҳкамлик бўйича талабга тўлиқ жавоб бермайдиган ҳимоя чизиғи. Шунингдек, айрим позицияларда мавҳумлик мавжуд.

- Энди ҳозирда долзарб бўлиб турган икки хил нуқтаи-назарни кўриб чиқсак: «Мессига Марадонага хос қаҳрамонлик хислати етишмаяпти» ва «Терма жамоа футболчилари Мессини вақтида ўйинчилар Марадонани қўллаб-қувватлагандек қўллай олмаяптилар». Сизнингча, қайси фикр тўғрироқ?


- Менимча, Мессининг шериклари унга талабга мувофиқ ёрдам беролмаяптилар. Ҳар ҳолда, жамоа Лео атрофида худди Марадона давридагичалик жипслашмаган.

- Марадона билан ёнма-ён тўп суришга қай тариқа тайёргарлик кўрардингиз ва унга муносиб ҳамкор бўлишни қандай уддалагансиз?

- Биринчи навбатда, Марадонанинг чинакам даҳо эканлигига шубҳа қилмаганман, доимо буни алоҳида ҳисобга олганман. Лекин унга муносиб шерик бўлиш мажбурияти хусусида ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ҳеч қачон! Яшил майдонда ҳар бир футболчи муайян вазифаларни бажаради.

У ҳаттоки, мунтазам майдонга тушмаётган бўлса ҳам. Демакки, ҳеч қайси футболчи фақат Мессига ёрдам бериш ҳақида ўйлай олмайди. Акс ҳолда, қарама-қарши савол туғилади: «Ўзинг нимага кераксан?» Энди тасаввур қилинг, ўша олис ЖЧ-90да дейлик, мен фақат «Биз чемпион бўлишимиз шарт», деган фикрга ёпишиб олиб, тинмай югураверсам, натижа чиқармиди? Асло!

Доимо теран англаб турганман: «Аргентина терма жамоасининг тенг ҳуқуқли ҳужумчисиман. Вазифам - рақиблар дарвозасига таҳдид солиш». Айни шундай ёндашув ўлароқ, зиммамдаги вазифаларни яхши бажарган бўлсам керак.

- 2009 йил охирида Карлос Билардо сизга катта футболга қайтишни таклиф этди. Яъни ЖАР мундиалида терма жамоага ёрдам бера олишингизга ишонди ва шунга умид боғлади. Аммо сиз...

- Ҳа, таклифни қабул қилмадим... Тўғриси, ҳанузгача бундан афсусдаман. Ўша пайт 42 ёшда эдим, боз устига, футбол билан хайрлашганимга нақ 4,5 йил бўлганди. Лекин спорт формасини йўқотмагандим, тезлигим ҳам жойида эди.

Ўйлайманки, агар Билардо таклифига розилик берганимда, лоақал бир бўлим талаб даражасида ўйнай олардим. Лекин негадир қайтишга ботинолмадим, журъатим етмади. Аслида яна бир мундиалда иштирок этсам, ажо­йиб иш бўларди. Начора, Африка заминида тўп суриш тақдиримга битилмаган экан...

МАЪЛУМОТ УЧУН

Клаудио Пауль КАНИЖА


Лақаблари: «Қуш» (El Pjaro), «Шамол ўғлони» (Figlio del Vento), «Чангюткич» (Aspirapolvere)
Туғилган санаси ва манзили: 1967 йил 9 январь (51 ёш), Эндерсон (Аргентина)
Фуқаролиги: Аргентина
Бўйи: 174 см.
Позиция бўйича: ҳужумкор ярим ҳимоячи, ҳужумчи

Футболчилик фаолияти

1985—1988 - «Ривер Плейт» (Аргентина), 53та ўйин, 8та гол
1988—1989 - «Верона» (Италия), 21та ўйин, 3та гол
1989—1992 - «Аталанта» (Италия), 85та ўйин, 26та гол
1992—1994 - «Рома» (Италия), 15та ўйин, 4та гол
1994—1995 - «Бенфика» (Португалия), 23та ўйин, 8та гол
1995—1999 - «Бока Хуниорс» (Аргентина), 74та ўйин, 32та гол
1999—2000 - «Аталанта» (Италия), 17та ўйин, 1та гол
2000—2001 - «Данди» (Шотландия), 21та ўйин, 7та гол
2001—2003 - «Глазго Рейнжерс» (Шотландия), 50та ўйин, 12та гол
2003—2004 - «Қатар» СК (Қатар), 15та ўйин, 5та гол
2012 - «Уэмбли» (Англия), майдонга тушмаган

Канижа 1987—2002 йиллар оралиғида Аргентина миллий жамоаси сафида 50 марта майдонга тушиб, 16та гол урган. Хусусан, Италия мундиали-90да кумуш медаль ютган.

Икки йилдан кейин эса С.Арабистонида ташкиллаштирилган Конфедерациялар кубоги (Қирол Фаҳд кубоги) олтин медалини қўлга киритган. У шунингдек, Америка кубоги турнирида ҳам 2 марта совриндор бўлган: Бразилия-89да «бронза» ва Чили-91да «олтин»
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Клаудио Канижа: «Аргентина термаси ҳужуми – даҳшат»