2 461
Умид Аҳмаджонов: «Қилганларимиз ва қила олмаганларимиз учун мухлислар биздан рози бўлишсин»
Бугун, 12 июнь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов лавозимидан кетишга қарор қилди. Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти сифатида ҳам ишлаб келаётган Умид Муҳаммаджонович чет элга хизмат сафарлари кўплиги боис ЎФАдаги мансабини топшириш ҳақида ариза ёзди. Tribuna.uz нашри Ўзбекистон футболининг эндиликда собиқ раҳбаридан интервью олди.
— Агар ЎФАдаги фаолиятингизнинг бошига қайтиб қолсангиз, қайси қарорингизни ўзгартирган бўлардингиз? Қаерда адашдим деб ўйлайсиз?
— Биз футбол тепасига келганимизда миллий термадаги ҳолат, ички чемпионат аҳволи каби масалаларда эътирозлар кўп эди. Ҳаминқадар чемпионат савиясини оширишга ҳаракат қилдик. Кетма-кет икки йил титул ҳомийимиз бўлди, чемпионат ўйинларини ТВ орқали максимал даражада трансляция қилишга эришдик. Стадионларга сифат киришни бошлади. Академиялар фаолиятини тартибга солишни истадик. Шу билан бирга, миллий термага одамлар истаганидек хориждан тажрибали мураббий олиб келдик. У нейтрал инсон эди, у Европа ва Лотин Америка футболи ҳақида биларди, унда бирор термани мундиалга олиб бориш тажрибаси мавжуд эди.
Биз ФИФА кунларидаги вазиятни яхшиладик. Сенегал, Марокаш, Уругвай ва Туркия каби терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари уюштириш мумкинлигини исботлай олдик. Купер термага яратилган шароитлардан рози. Олимпия термаси Осиё чемпионатига йўл олганди, аввалги терма Осиё чемпионлигини қўлга киритганди. Олимпия термаси Африканинг қатор термалари билан ўйнади, уларни водийга таклиф қилдик. Бошқа режаларимиз ҳам бор эди. Бироқ 20 йил эпақага келмаган футболни 2 йилда фантастик ўстира олмасдик.
Ҳа, айтганча, биз келишилган ўйинларда иштирок этаётган ва ҳаром йўл билан пул топаётган кишиларни ҳам футболимиз тарихида биринчи марта аниқлаб, уларни прокуратурага топширишга тайёргарлик кўраётгандик. Ўтган мавсум ичида қўлимиздан келганича ишладик. Футболда битта Осиё чемпионлигимиз бор эди ва ЖЧ йўлида эдик. Осиё ўйинларида мамлакат тарихидаги энг яхши натижамизни қайд этиб, Токио сари ҳаракатланаётгандик. Бироқ бу йўлнинг ҳам ярмида тушиб қолгандик. Қилганларимиз ва қила олмаганларимиз учун мухлислар биздан рози бўлишсин.
— Футболни бошқариш учун энг муҳими нима, тажрибангиздан келиб чиқиб жавоб берсангиз: футболни тушуниш, кучли гапи утадиган амалдор бўлиш, яхши кадрларни йиға олиш?
— Қарс битта қўлдан чиқмайди, ҳар тарафлама кучли бўлишингиз керак. Бироқ бошқа соҳалар каби футболни ҳам фақат битта йўл билан одам қилиш мумкин: қонунлар устуворлиги, яъни, адолат йўли билан. Футболга келиб билганим шу бўлдики, унинг муаммолари таг-томиригача илдиз отиб кетган. Бу муаммоларни бирданига ечишнинг иложи йўқ, бунинг учун йиллар керак бўлади.
— Эстафетани Усмоновдан олиб, ўринбосарингизга топшираётган пайтингизда, қайси соҳаларда олдинга силжиш қила олдим деб ўйлайсиз? Яъни шу икки йиллик фаолиятингизда қайси амалий ишларингиз билан фахрланасиз?
— Нима қила олганимиз ҳақида биринчи саволга жавобда айтдим. Қила олмаганларим ҳам, хатоларим ҳам етарлича. Фахрланишга арзийдиган иш қилишга эса улгурмадим. Фақат айтишим мумкин бўлгани, ҳар бир вилоятда академия бунёд этиб бормоқчи ва бу ишни 2022 йил якунига етказмоқчи эдик. Ишонаманки, шу иш йиллар ўтиб ўз мевасини бера бошлайди.
— Ўзбек футболига нимадир бера олдим деб ўйлайсизми?
— Биз ўзбек футболига солиштириш имкониятини бера олдик. Биздан аввал қандай ишланган ва биз қандай ишлаганмиз — энди ҳамманинг ўз тасаввури бор. Биздан кейинги одам мана шу икки йўлнинг хато ва камчиликларини четлаб ўтиб, яхшиларини ривожлантирса, ишлар яхши бўлади. Бу борада кейинги раҳбариятга куч-қувват, матонат ҳамда омад тилаб қоламан. Насиб бўлса Қатардаги мундиалга борганимизда стадионнинг бир четидан бўлса ҳам ўйинларни кузатамиз, терма жамоамизга мухлислик қиламиз. Футболни ким ривожлантириши муҳим эмас, муҳими унинг ривожланиши. Шу йўлда қандайдир қадамчаларимиз бўлса, бу бизни бахтиёр қилади.
— Бундан кейин ҳам футбол мухлиси бўлиб қоласизми?
— Сўзсиз. Футбол фаолияти доимо ҳаётимнинг ажралмас ва оғриқли қисми бўлиб қолади. Чунки бунда мазза қилиб ишлай олмадик, катта ва машаққатли йўлдан юришимизга тўғри келди. Бироқ афсусланмаймиз. Футболдан фақатгина унга бўлган меҳрни олиб чиқиб кетамиз.
— Бутун фаолиятингиз давомида мухлислар, журналистлар, футбол жамоатчилигининг танқидига учрадингиз. Бу танқидларга қандай қарадингиз? Кетиш олдидан уларга нима деган бўлардингиз?
— Танқидлар учун доим розиман. Уларсиз юқорида айтган ишларимизни ҳам қила олмасдик. Танқид бўлгани учун ҳам кечани кеча, кундузни кундуз демай ишладик. Раҳбарият бизга қандай вазифа топширса, уни адо этиш учун доим тайёр турганмиз. Шу вазифани сидқидилдан бажариш учун қўлимиздан келганича меҳнат қилганмиз. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди