12:02 / 13.05.2020
1 908

Жасурбек Яхшибоев рўза, Арвеладзе билан тушунмовчилик ва ўзбекистонлик футболчилар ҳақида

Жасурбек Яхшибоев рўза, Арвеладзе билан тушунмовчилик ва ўзбекистонлик футболчилар ҳақида
Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клуби ҳужумчиси Жасурбек Яхшибоев клуб сайтига катта интервью берди.
22 ёшли футболчи Беларусь чемпионатининг дастлабки 8 турида 6та гол урди (3таси пенальтидан) ва тўпурарлар баҳсида пешқадамлар сафида бормоқда. Ҳозирча у мавсумнинг кашфиётларидан бири бўлиб турибди. Ўтган мавсумда аутсайдерлар сафида борган «Энергетик-БГУ» эса жорий чемпионатда юқори поғоналар учун курашмоқда. Қайд қилиш жоизки, жамоа таркибида ўзбекистонлик яна бир футболчи Шоҳруҳ Умаров ҳам тўп тепяпти.

— Жасурбек, нега баъзилар рус тилини яхши тушунмаслигингизни айтишади?
— Рус тилини жуда яхши тушунаман. Мураббийларнинг кўрсатмаларини ҳам яхши англайман, муаммо йўқ. Аммо атрофимда одамлар кўп бўлса, бироз ҳаяжонланаман, гапиришга қийналаман.

— Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
— Кўчага кўп чиқмайман, уйда ўтираман. Баъзан жамоадошларимдан «Play Station»ни олиб тураман. Фильмларни ёки футболни томоша қиламан. Ҳозир ўтмишдаги ўйинлар намойиш этилмоқда. «Барселона» ва «Арсенал» менга ёқади. Ўз позициямдаги футболчилар қандай ҳаракатланишини кузатаман.

— Сиз соф ҳужумчи эмассиз, тўғрими?
— Ҳа, Анатолий Иванович Юревич мени кўрикдан ўтказиб, ҳужум чизиғига йўналтирди. Беларусга келгунимга қадар ўнг қанот яримҳимоячиси эдим. Менга франциялик Ҳотам бен Арфа ёқади, зўр дриблинг эгаси. Ҳозир ҳужум чизиғига ўтганимдан сўнг, Мессини кузатяпман. У яримҳимоячи ҳам, ҳужумчи ҳам эмас, эркин ижодкор. Тўп учун майдон марказига югуради. Мендан ҳам шу тарзда ўйнашни талаб қилишмоқда – тўпни қабул қилиш учун очилишим, орқадан ҳужум қилишим лозим.

— Чинозда туғилгансиз, у қандай шаҳар?
— Уни балиқчилар шаҳри деб аташади. 5 километр узоқликда Сирдарё жойлашган. Чинозда ҳаммага машҳур балиқ бозори бор. Нархи? Килограммига 1,5 доллар атрофида. Балиқларнинг тури кўп: лаққа, сазан, чўртан, судак... Узунлиги мендек келадиган лаққалар бор. Бозор яқинида кўплаб кафелар бор, балиқни қовуриб беришади. Жуда мазали!

— Рамазон рўзасини тутдингизми?
— Ҳа. Ҳар куни рўза тутамиз. Биринчи ҳафтаси – энг оғир бўлади. Кейин ўрганиб кетасиз. Кечқурун эса кўп овқат ейиш мумкинмас. Ошқозон тайёр эмас, дарҳол оғриқ бошланади. Олдин сув, озгина шоколад, ширинликлар. 1,5 соатлардан кейин овқатланса бўлади.

— У ҳолда машғулотлар ва ўйинлар учун кучни қаердан оласиз?
— Кўп ухлаш керак, шунда ҳаммаси жойида бўлади – куч ҳам, қувват ҳам топилади. Агар одам уйқуга тўйса, очликни сезмайди. Яхши ухламаса, ошқозон овқат талаб қилади, чидаш ҳам қийин бўлади.

— Ниманинг эвазига Ўзбекистонда кучли футболчилар етишиб чиқмоқда?
— Футболчиларимизнинг техникаси кучли — бу борада улар беларуслардан яхшироқ. Аммо жисмоний тарафдан орқада. Югуриш, туртиш ва курашишни яхши эплолмаймиз. Яъни, Европада ўйнаш учун техника етарли, бироқ, жисмоний куч етишмайди.

— Ўсмирлар ва ёшларингиз Осиё чемпионатларида зафар қучган.
— Улар жаҳон чемпионатида доимий иштирок этмоқда. Катталар жамоасига эса ҳар сафар озгина нарса, баъзан битта ғалаба, баъзан дуранг етишмаяпти. Умуман олганда иқтидорли болалар кўп. Аммо уларнинг ҳаммасида ҳам шуғулланиш имконияти йўқ. Агар чекка вилоятда туғилган бўлса, уни Тошкентга олиб боришга ёки оддий бутса сотиб олишга ҳамма оила ҳам қодир эмас. Мисол учун бувим ҳар куни мени электричкада Тошкентга олиб борган. Унинг пенсиясига бутса олганмиз.

— Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Португалиянинг 5 карра чемпиони, сербиялик Любинко Друлович қўл остида ўйнадингиз. У ҳақдаги таассуротларингиз?
— Зўр мураббий. Бир неча йил олдин Сербия ўсмирлар миллий жамоаси у билан Европа чемпиони бўлган. Инсон сифатида ҳам ҳурматга лойиқ. Инсонийлик хислатларингиз бўлмаса, сиздан яхши футболчи чиқмайди. Бу бир-бири билан боғлиқ.

— Ўзбек юлдузларидан кимлар билан танишсиз?
— «Ростов»даги Шомуродов бизда энг машҳур футболчи. Хитойда ўйнаётган Аҳмедов ҳам бор. Аммо Шомуродов ҳар ўйинда гол уряпти, уни кўпроқ яхши кўришади. Ҳар иккаласи билан миллий жамоада бирга ўйнаганман. 2018 йили Эрон ва Уругвайга қарши баҳсларда захирадан тушганман.

— Ўша пайтда миллий жамоани аргентиналик машҳур мураббий Эктор Купер бошқараётганмиди?
— Йўқ. Бу ўйинлар май ва июнь ойларида ўтказилди. Купер эса августда келди. Мени йиғинларга чақирди. Аммо 2019 йил январь ойидаги Осиё Кубогига олиб кетмади.

— Ўзбек футболининг энг обрўли вакиллари кимлар?
— Миржалол Қосимов, ўтган йили ОКМК таркибида унинг қўл остида ўйнадим. «Ротор»да ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаётган Максим Шацких. «Пахтакор» спорт директори Жафар Ирисметов. У «Мозирь» клубида ўйнаган? Қойил, билмас эканман. Ва албатта машҳур ҳакам Равшан Эрматов. Ҳамма уни ҳурмат қилади, ҳозир у федерация раҳбари.

— Осиё Чемпионлар Лигасида қайси юлдузларга дуч келгансиз?
— Испаниялик Хави, Габи ва Альваро Негредо. Голландиялик Снейдер. Ажойиб футболчилар! Ҳаракатлари, очилиши, майдонни кўриши! Қараб туриб, кўзларимга ишонмаганман. Хавини уч футболчи қўриқлаган, унга эса таъсир ҳам қилмаган.

— «Пахтакор»да БАТЭ клубининг собиқ ҳимоячиси Симич билан бирга ўйнадингизми?
— Ҳа. Марко — зўр футболчи. Ҳозир «Пахтакор»нинг ҳимоя марказида маҳаллий яхши футболчилар тўп тепяпти. Бу нуқтада рақобат кучли ва баъзан Симич захира ўриндиғида қолган. Менимча шу туфайли клубни тарк этди.

— Умаров билан ОКМК клубида танишдингизми?
— Ҳа. Тошкентдаги интернатда бирга ўқидик. Кейин у «Пахтакор» академиясида ўйнади. Шоҳруҳ ҳам пойтахтдан эмас, у – олмалиқлик. ОКМК клубида биз билан бирга беларуслик Влад Косминин ҳам тўп тепди. Зўр йигит. Ҳар куни гаплашардик.

— «Энергетик» сизни «Пахтакор»дан ижарага олган. Тошкентга чақиришмаяптими?
— Ҳозирча йўқ. Аммо ўзим Европага кетмоқчиман. Бош мураббий Шота Арвеладзе билан ўртамизда тушунмовчилик бор. Бир марта мени захирага олганида, хафа бўлиб қўлини сиқмаганман. Шундан бошланиб кетган. Захирада қола бошладим. Ўйинга тушсам ҳам 10-15 дақиқа ҳаракат қилардим. Бу вақт мобайнида нима ҳам қилиш мумкин? Тўпни, ўйин темпини сезмай қўйдим, натижада формамни йўқотдим.

Тўпни қабул қилганимда, қандай ҳаракат қилишни билмай қолдим. Ўйиним ёмонлашиб кетаверди. Яхши ўйнасам ҳам кейинги баҳсни захира ўриндиғида бошлашимни билардим. Бу эса маънавий азоб. «Энергетик»да эса ҳаммаси бошқача. Мураббийлар менга ишонч билдирмоқда. Жамоага керак эканимни, фойдам тегаётганини ҳис қиляпман. Шунингдек, ишончни оқлашга ҳаракат қиляпман.

— «Энергетик» таркибида 3та пенальтини аниқ амалга оширдингиз. Ўзбекистонда ҳам пенальтини тез-тез тепганмисиз?
— Бир марта ҳам тепмаганман. «Энергетик»да мавсум бошидаёқ пенальти тепувчи қилиб тайинлашди. Бу мен учун янги чорлов – ўзимга ва бошқаларга бу кўникмага эга эканимни исботлаш учун имконият.

— Чемпионатда нечта гол урмоқчисиз?
— Ҳар бир ўйинда гол ёки узатма бўлишини истайман.

— Ўзбекистонга қачон қайтмоқчисиз?
— Ёзда. Чинозда тўйимни ўтказишни режалаштиряпман. Аммо ҳозир чегаралар ёпиқ. Демак кутиб туришга тўғри келади. Тўй ҳам кузга қолса керак.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жасурбек Яхшибоев рўза, Арвеладзе билан тушунмовчилик ва ўзбекистонлик футболчилар ҳақида