Ла Лига расмий портали футбол ишқибозлари орасида энг кутилган учрашув — «Реал Мадрид» ва «Барселона» дербисининг санаси ва вақти ҳақида маълумот берди. Мазкур қарама-қаршилик бутун дунёда миллионлаб мухлисларни экран қаршисига йиғадиган ўзига хос майдон жанги ҳисобланади.
Маълум қилинишича, биринчи давра доирасидаги «Эл-Класико» жорий йилнинг 26 октябри, якшанба куни «Сантьяго Бернабеу» стадионида ўтказилади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:15 да старт олади. Бу беллашув чемпионатнинг 10-турига тўғри келиб, жадвалдаги умумий вазиятга ҳам жиддий таъсир кўрсатиши кутиляпти.
Ҳозирги ҳолатга кўра, «Реал Мадрид» Ла Лига турнир жадвалида 18 очко билан етакчилик қилиб турибди. Мадридликлар кучли старт олиб, рақибларига жиддий босим ўтказишда давом этмоқда. Шу билан бирга, «Барселона» ҳам рақибдан қолишни истамаяпти. Каталонияликлар ҳисобида 5 учрашувдан кейин 13 очко бор ва жамоа ҳали ҳам чемпионлик пойгасида асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади.
«Эл-Класико» доимий равишда нафақат Испания футболи, балки бутун жаҳон спортининг марказий воқеаси сифатида эътибор қаратилади. Бу сафар ҳам дунёдаги миллионлаб ишқибозлар «Бернабеу»да кечадиган олий даражадаги тўқнашувни сабрсизлик билан кутиб туришибди.
Шубҳасиз, «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги навбатдаги жанг чемпионатдаги курашга янги ранг бағишлайди, ҳар икки клубнинг мухлислари эса катта ҳаяжон ва юксак интизорлик билан санаси белгиланган дербини кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!