2 471
Вадим Абрамов бош жамоани қандай шакллантираётгани ва бошқа қизиқарли мавзулар ҳақида интервью берди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Бунёдкор” клубининг бош мураббийи Вадим Абрамов ҳамма вақт журналистларнинг мурожаатларини ерда қолдирмасдан, лаббай дея жавоб қайтариб келади. У мамлакатимизнинг бош жамоасини бошқараётгани боис ҳамиша унга бериладиган саволлар етарлича топилаверади. Боз устига қандай мақсад учун курашаётганимизни ҳам барча билади. Чемпионатимиз доирасида “Бунёдкор” клубининг Андижонга ташрифидан фойдаланган ҳолда Вадим Абрамов билан учрашув белгиладик. Ўзаро суҳбат давомида эса бир қатор қизиқарли мавзуларни қамраб олдик.
- Вадим Карленович, кўпчиликни пандемия туфайли юзага келган вазиятга кўра, терма жамоамизнинг ўйинларга тайёргарлик кўриш режаси қандай эканлиги қизиқтирмоқда. Бу борадаги режалар билан ўртоқлашсангиз?
- Пандемияга қадар Арманистон терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиш юзасидан келишув бор эди. Коронавирус сабаб чемпионат ўйинлари ҳам тўхтатилгани боис терма жамоанинг ўртоқлик беллашувида қатнашиш масаласи ўз-ўзидан барҳам топди. Чунки ўз клубларида ўйнаётган футболчиларни бир жойга бундай ҳолатда жамлашнинг умуман иложи йўқ эди. Карантин ўз номи билан карантин бўлиб, бундай вазиятда ҳамма ўз-ўзини чеклаш билан машғул бўлиши даркор.
Биз учрашувларни ўтказишга расман рухсат берилишини кутдик. Бундан бошқа иложимиз ҳам қолмаганди. Режага мувофиқ терма жамоамиз энди фақат октябрь ва ноябрь ойида ўйин ўтказиши мумкин. Шунингдек, сентябрь ойида йиғин ташкил этишни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу йиғин 29 сентябрда бошланиб, 8 октябрга қадар давом этади. Бу йиғин учун иккита ўртоқлик мақомидаги ўйинни ўтказиш режалаштирилган. Бири Тожикистон, иккинчи рақиб ким бўлиши юзасидан ҳозирда музокаралар кетмоқда. Эҳтимол, бўлажак рақиб Эрон бўлиши ҳам мумкин. Лекин эронликлар муайян талабларни қўймоқдалар.
Шундай экан, эронликлар билан олиб борилаётган музокаралар ҳозир бошланғич нуқтадан ҳали силжигани йўқ. Айтишим керакки, куни-кеча шундай маълумот пайдо бўлиб, унда БАА терма жамоаси вакилларининг биз билан куч синашиш мақсадида эканлиги баён қилинган. Нима бўлган тақдирда ҳам, яқин кунлар ичида иккинчи рақиб ким бўлишини билиб оламиз. Шундан сўнг барибир ҳаммаси пандемия билан боғлиқ вазиятга алоқадор бўлиб қолаверади. Бундай ҳолатда олдиндан ниманидир режалаштириш жуда қийин масала. Расмий ўйин ўтказиш октябрга белгиланган. Бунинг учун ўртоқлик мақомидаги спарринг-рақиблар билан келишиб олиш керак бўлади.
- Тожикистон билан ўйин Тошкентда бўлиб ўтади. Эҳтимолий рақиб – БАА билан ҳам учрашув пойтахтимизда ташкил қилинадими?
- Бу масалада БАА билан боғлиқ ҳолат юзасидан музокаралар бошланган. Улар Тошкентга келиш ўрнига бизни амирликларга чорлашга мойил бўлиб турибдилар. Эронликлар талабларни қўяётган бўлсалар-да, ўзаро куч синашишдан ҳали бутунлай воз кечганларича йўқ. Шунчаки, уларнинг муайян талаблари бизларни қониқтирмай турибди холос.
- Тожикистон терма жамоасини ҳурмат қилган ҳолда айтмоқчиманки, уларга қарши ўтказиладиган ўртоқлик ўйини бизга нима бера олади?/b]
- Бу борада фақат шуни айтишим мумкинки, расмий учрашувларга тайёргарлик кўриш асносида ким биландир ўртоқлик ўйинида куч синашишимиз керак эди. Тожикистон терма жамоасини назар-писанд қилмаслик яхши оқибатларга олиб келмайди, гарчи қоғозда бу терма Ўзбекистонга нисбатан кучсиз кўринса-да. Қолаверса, Тожикистон ўсмирлар терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан. Бу ҳам уларнинг қўл чалмаштириб ўтирмаганлигидан далолат қилади. Устига-устак бу Марказий Осиё дербиси. Мухлислар учун қўшниларга қарши тўп суриш ҳамма вақт қизиқарли бўлган.
Бундай маҳалда у ёки бу терманинг ФИФА рейтингида қандай ўринни эгаллаб тургани умуман аҳамият касб этмасдан қолади. Агар эътиборни Европага қаратадиган бўлсак, Дания Бельгиядек кучли бўлмаса ҳам ушбу юрт термасининг ён қўшни Нидерландияга қарши учрашуви ҳамма вақт қизғин курашлар остида кечиб келган. Дерби ўз номи билан дербидир. Қолаверса, Германиядек кучли термага Нидерландияга қарши кураш ҳар доим қийин кечган. Нима демоқчиман, дерби чоғида мухлислар турли рейтингларни унутишади ва бутун эътиборларини ўйинга қаратадилар. Дерби эса ҳар қачон ва ҳар доим мураккаб курашлар остида кечади.
[b]- Бундан чиқди, Тожикистон билан учрашишимиздан кўнглингиз тўляпти экан-да?
- Сўзсиз. Чунки бундай ўйинда кўп жиҳатларга ойдинлик киритиб олишимиз мумкин. Шундан сўнг, Эронга қарши ўтиши мумкин бўлган учрашувдан умид қиламиз. Эҳтимол, Эрон ўрнига БАА варианти танланар. Нима бўлган тақдирда ҳам булар жиддий рақиблардир. Шундай рақибларга қарши беллашувда қандай мақомда эканлигимизни билиб оламиз. Лекин ўша учрашувларда легионерларимиз қатнашиш ёки қатнаша олмаслиги билан боғлиқ масала мени бироз ўйлантириб қўйган. Чунки вазият тақозосига кўра якуний сўзни ФИФА айтади. Бундай ҳолатда ОФКнинг қараши эътиборсиз қолиши турган гап. Хуллас, бўлажак беллашувларга чет элликларимиз кела олишадими ёки йўқми, буни билмайман. Қўшимчасига ўша пайтга бориб пандемия билан боғлиқ ҳолат қандай бўлиши кўп масалага ойдинлик киритиб беради.
- Касб тақозосига кўра, ишқибозлар билан кўп мулоқот қиламиз. Уларнинг аксар қисми Абрамов клубда ва терма жамоада ишлар экан, иккисига бир хил ёндашиши қийин, яхшиси асосий эътиборни миллий жамоага қаратса бўларди, деган фикрни илгари суришади. Бу масалада ўзингиз нима деган бўлардингиз?
- Айни пайтда бу борада нимадир дейиш мушкул. Чунки чемпионат баҳслари танаффусдан кейин энди бошланди. Нима бўлган тақдирда ҳам шуни айтишим мумкинки, терма жамоада энг муносиблар ўйнашади. Ким кучли бўлса, марҳамат, унинг учун терма жамоа эшиклари очиқ. Илгари ҳам шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундайлигича қолаверади. Терма жамоага ҳар томонлама тайёр ҳолатдаги ўйинчи чақирилади. Клубдаги ишим терма жамоадаги фаолиятимга қаттиқ халақит беради, деб ўйламайман. Бундан терма жамоа жабр чекади, дейиш нотўғри бўлса керак. Албатта, бу каби гап-сўзлар менга ҳам тез-тез етиб келади.
Фақат кўпчилик бир нарсани тушунишга уринмаётгандек тасаввур уйғонмоқда. Клубдаги фаолиятим туфайли доимо иш устида эканлигим, ўз навбатида терма жамоага фойда келтирмасдан қолмайди. Қолаверса, мен барча ўйинларни ўтказиб юбормасдан кузатишга ҳаракат қиляпман. Бунда “Бунёдкор”даги ишим менга қўл келмоқда. Ҳозир сиз билан Андижонда гаплашиб ўтирибман экан, кейин АГМК-Насаф учрашувини томоша қилишга боришни режалаштириб қўйганман. Хабарингиз бўлса, бунга қадар Наманганга бориб, “Навбаҳор”нинг ўйинини ҳам бевосита стадионда кузатганман. “Сўғдиёна”нинг “Пахтакор” билан қандай куч синашганини Жиззахда кузатдим.
Шукрки, иложи борича учрашувларни стадионда томоша қилиш учун имконият бор. Башарти у ёки бу баҳсни кўра олмасам, унинг видеоёзувини томоша қилишни канда қилмайман. Сабаби, терма жамоага номзод бўлган футболчилар доим кўз олдимда туради. Бундан ташқари, Белоруссия, Жанубий Корея ёки бошқа мамлакатдаги легионерларимиз иштирокидаги ўйинларни ҳам имкон топиб кузатаман. Гоҳида бунинг иложи бўлмаса, шу ишни ёрдамчиларимдан бирига топшираман. Бир сўз билан айтганда, терма жамоада потенциал ўйнаши мумкин бўлган футболчиларни доим кузатиб келаман.
- Журналист сифатида бошқа мутахассислар каби сизнинг фаолиятингизни ҳам диққат билан кузатиб келаман. Маълумки, ўз вақтида омадингизни Қозоғистон чемпионатида синаб кўрмоқчи бўлгансиз. Афсуски, бунинг иложи бўлмаган. “Остона” клубини бошқаришингиз мумкин эди. Айтмоқчиманки, фаолиятингиз давомида сизда хорижда ишлаш учун яна бошқа имконият бўлганми?
- Мени “Остона”га клуб президенти таклиф қилганди. У ерга етиб бордим, орадан бир ҳафта ўтганидан кейин эса президент ишдан кетди. Шу боисдан “Остона”ни бошқариш имконияти бўлмаган. Мен шундай инсонманки, ўзимни таклиф қилган кишига ҳурмат сақлаб қолишга одатланганман. Ваҳоланки, ўшанда Қозоғистонда қолиб, янги президент билан ҳам жамоани бошқариш масаласида келишиб олиш мумкин эди.
Қисқаси, мени таклиф қилган раҳбарга ҳурматни сақлаган ҳолда ортга қайтишни мақсад қилганман. Агар кимгадир бу қизиқарли бўлса, биз аввалги президент билан “Остона”нинг йиғинини амирликларда ташкил этганмиз. Ҳолбуки, бунгача клуб хориж йиғинини четда ташкил этмаганди. Дубайдан сўнг Туркияга учиш режалаштирилганди. Нима бўлган тақдирда ҳам ортга қайтиб тўғри иш қилганман, деб ўйлайман.
Шуниси қизиқки, биз қайтганимиздан бери “Остона” мунтазам равишда чемпионга айланмоқда (кулади). Ваҳоланки, бунгача “Остона” бирор марта ҳам шоҳсупага кўтарилмаганди. Бунинг ўзига яраша ижобий томони ҳам йўқ эмас, назаримда. Ортга қайрилишни ёқтирмайман. Бўлар иш бўлиб ўтди. Умид қиламанки, менда кейинчалик албатта хорижда ишлаш имконияти бўлади. Киши фақат олдинга қараб юрмоғи керак. Агар чин дилдан ишлар экансан, сенда янги имконият эшиклари очилаверади. Яратган ўз навбатида буни тақдирлаб, бандасига шундай имкониятларни беради. Ҳозирча бизнинг олдимизга энг асосий вазифа сифатида Ўзбекистон терма жамоасини саралаш босқичининг навбатдаги қисмига олиб чиқиш вазифаси қўйилган.
Агар насиб қилиб, кейинги босқичга ҳам чиқадиган бўлсак, шунда нимадир дейиш мумкин бўлади. Албатта, менда омадимни чет элда синаб кўриш хоҳиши ҳам йўқ эмас. Фақат шуниси борки, негадир хориж давлатларда ўзбекистонлик мураббийларга бўлган талаб юқори эмас. Афсуски, юртимиздаги мураббийлар орасида четда ишлаётганлари бармоқ билан саналарли даражада. Шунинг учун мен ҳам шу соҳа вакили сифатида нафақат ўз салоҳиятимни, балки ўзбекистонлик мураббийларни хорижда бинойидек ишлай олишлари мумкинлигини исботлашга ҳаракат қиламан. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Жуда долзарб масалани кўтардингиз. Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим: ўзбекистонлик футболчилар хорижда етарлича топилади-ю, бунга қарама-қарши равишда нега мураббийларимиз уларчалик кўп эмас? Масалан, Усмон Тошев Тожикистон терма жамоасини бошқаряпти, Самвел Бабаян эса Хитойда ишлаяпти...
- Бу масалада бирор нарса дейиш қийин. Ёдингизда бўлса, 1994 йили Ўзбекистон Осиё ўйинлари чемпиони бўлганида Рустам Акрамов хорижга йўл олганди. Унинг у ерда қандай натижаларга эришгани менга қоронғу. Қайсидир маънода мураббийларнинг фаолияти ҳам футболчиларникига ўхшашиб кетади. Ўйинчилар муваффақият қозонишар экан, четдагиларнинг эътиборига тушадилар. Мураббийлар билан боғлиқ масала ҳам худди шундай. Ёдингизда бўлса, Акрамовдан сўнг Инилеев ҳам маълум вақт Қозоғистонда ишлаб қайтган.
Афсуски, Рауф Талгатовичнинг қозоқ юртидаги ишлари кўнгилдагидек кечмаган. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, биз ўзбекистонлик мураббийлар эга бўлган Про лицензияси билан хорижда ишлаш билан боғлиқ масалада муаммолар юзага келади. Айниқса, Европа давлатлари билан боғлиқ масалада. Лицензиялар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш керак. Агар ОФК ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзингиз кўриб турибсиз, европалик мутахассисларни Осиёда етарлича учратиш мумкин. Бунга қарама-қарши равишда осиёлик мураббийлар сони қўҳна қитъада жуда оз.
Бунинг асосий сабаби биздаги лицензиянинг Европа мамлакатларида ўтмаслигидир. Буларнинг асосий қисми шундай ҳуқуқни берувчи лицензия билан боғлиқ. Агар терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқсак, албатта бизни ҳам хорижда ишлаш учун таклиф қиладиганлар топилади. Ўзбекистон терма жамоасининг мундиалга йўл олиши юртимиздаги мутахассисларга кенг имконият эшикларини очиши тайин. Яширишдан нима наф: шу кунгача бизнинг мутахассисларни четдагилар етарлича баҳоламасдан келадилар. Бу менинг шахсий фикрим.
- Хитойга йўл олган Самвел Бабаяннинг фаолиятини кузатиб борасизми? Бу ҳам мухлислар учун жуда қизиқ...
- Албатта, юртимиздаги мураббийнинг ишлаш учун хорижга йўл олиши ҳар қандай кишини қувонтирмасдан қолмайди. Мен ҳам ўзбекистонлик ишқибозлар сингари унга Хитойдаги фаолиятида омад ёр бўлишини тилаб қоламан холос. Ахир у бизнинг ватандошимиз. Ахир ватандошларнинг қайси соҳада бўлмасин, хорижда иш юритиши шу ерда қолганларни қувонтиради холос. Агар Бабаян Хитойда ўзини яхши томонлама кўрсатса, хорижликларнинг ўзбек мураббийларига бўлган қарашлари тубдан ўзгариши тайин. Мабодо, бунинг акси бўлса, умумий ҳолат салбийлигича қолаверади. Ўзбекистонлик ҳар бир ишқибоз каби мен ҳам буни умуман истамаган бўлардим. Чунки ўз вақтида Самвел Бабаян миллий терма жамоамизни бошқарган. Умид қиламанки, Бабаян бизни уялтириб қўймайди.
- Биламизки, Усмон Тошев билан ўртангизда дўстона муносабат юзага келган. Унинг Тожикистон миллий терма жамоа устози сифатидаги ишини кузатиб боряпсизми?
- Албатта. Қолаверса, Тошев бунга қадар Тожикистон олимпия терма жамоасини ҳам бошқарган. Мураббийнинг салоҳиятини кўпинча раҳбарлар белгилайди. Кўриб турганингиздек, тожик футболи раҳбарияти Усмон Тошевга ишонч билдиришда давом этяпти экан, демак унинг фаолиятидан мутасаддилар қониқиш ҳосил қилмоқдалар. Ўз навбатида биз ҳам Тошевнинг Тожикистондаги фаолияти кўнгилдагидек кечаётганидан хурсандмиз. Чунки Усмон Қудратович ўзбек футболи салоҳиятини хорижда муносиб намоён этиб келмоқда. Унинг Тожикистон терма жамоасида иш олиб боришини кузатиш менга ёқяпти. Ўртоқлик ўйини ўтказилгач, Тошев бошчилигидаги тожикистонлик футболчиларнинг қандай кучга эга эканликларини яқиндан билиб олиш мумкин бўлади.
- Яқинда “Навбаҳор”нинг россиялик легионери Игорь Голбан Ўзбекистон фуқаролигини олди. Шундан кейин мухлислар ўртасида унинг тез орада миллий терма жамоамиздан чақирув олиши мумкинлиги қизғин муҳокама қилинишга тушди. Нима демоқчиман: чемпионатимизда тўп сураётган легионерлардан қайси бирини терма жамоамиз либосида кўришни истардингиз?
- Бу савол билан нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Мени “Пахтакор” сафида ўйнаётган Драган Черан кўпроқ қизиқтиради. У “Пахтакор”нинг етакчи футболчиси даражасига кўтарилган. Қолган жамоадошларининг ўйини унга боғлиқ. Қўшимчасига Черан унчалик узун бўйга эга эмас. Шунинг эвазига майдонда жуда эпчиллик билан ҳаракатланади. Бундай ижрочи терма жамоамизга ортиқчалик қилмасди. Айниқса, миллий термамиз кейинги босқичга чиқса, саралашнинг ҳал қилувчи учрашувларида мана шундай ижрочига эга бўлиш айни муддао бўларди. Боз устига Черан анчадан бери Ўзбекистонда тўп суряпти, демак унда ҳам ўзбек фуқаролигини олиш имконияти бор. Агар шундай воқеа юз берса, Драганни дарҳол термага чақирган бўлардим. Бундай ижрочи туфайли миллий термада рақобатни ўстириш мумкин.
Биз мураббийлар шунингдек, Голбан каби баланд бўйли ҳимоячиларга эхтиёж сезамиз. Асосийси, унда анчадан бери Ўзбекистонда ўйнаб келаётгани боис бизнинг футболни яхши тушунади. Игорь аллақачон ўзбек футболига мослашиб кетган. Голбаннинг менталитет жиҳатидан бизга ўхшашиб қолганини интервьюларидан бирида ўқиш орқали янада чуқурроқ тушуниб етдим. Бу йигитни анчадан бери яхши биламан. Аммо у терма жамоадан чақирув олиши учун албатта ўзини ҳар томонлама кўрсатиши керак бўлади. Шунда биз унинг бошқа ҳимоячилардан қанчалик кучли эканлигини легионерларсиз ташкил этишни кўпроқ истардим. Агар насиб қилиб, жаҳон чемпионатига чиқадиган бўлсак, бизда бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Ҳозирча бизга ғолибларга хос менталитет етишмаяпти. Кўрамиз, ишлар юришиб кетадиган бўлса, бу масалада ҳам муаммо қолмаса керак.
- Чераннинг терма жамоамизда ўйнаши учун имкони бор, деб ўйлайсизми?
- Гап-сўзсиз. Лекин бунинг барчаси бевосита Драган Чераннинг хоҳиш-истагига боғлиқ бўлади. Агар биз саралашнинг якуний босқичига йўл оладиган бўлсак, Черанни ўзбеклаштириш юзасидан ўйлаб кўриш айни муддао бўларди. Устига-устак, Чераннинг ёши келгуси жаҳон чемпионатига бориш имконини бермайдиган ҳолатга етган. Унинг ўзи билан шу масала юзасидан гаплашганманми? Ҳа, гаплашганман. Қувонарлиси, Черан бунга мойиллигини билдирган.
- Сизни терма жамоага жонкуяр мухлислар қайтарган. Ўз навбатида раҳбарият буни инобатга олган. Башарти бир-иккита мағлубият кузатиладиган бўлса, сизга бўлган ишонч сусайиб кетишидан қўрқиб, ўзингизни катта босим остида қоладигандек ҳис қилмайсизми?
- Футболда шундай ёзилмаган қоида бор: ютса жамоа ютади, ютқазса, фақат мураббий ютқазади. Мен буни тушунаман. Устига-устак, шу соҳада биринчи кун ишлаётганим йўқ. Албатта, фурсатдан фойдаланган ҳолда нафақат мен, балки бутун терма жамоамиз учун қайғураётган мухлисларимиздан миннатдор эканлигимни билдирмоқчиман.
Уларга фақат шуни айтишим мумкин: бош мураббий сифатида зиммамга қандай масъулият юклатилганлигини доим ҳис қилиб тураман ва вазифани бажариш учун боримни беришга тайёрман. Ўз навбатида ишга бўлган муносабатимни терма жамоадаги футболчилар тасдиқлашлари мумкин. Нега деганда, миллий термага чақирилган ҳар бир ижрочига индивидуал тарзда алоҳида муносабатда бўламан. Ахир ҳаммамиз фақат бир ишни – Ўзбекистон терма жамоасини ниҳоят жаҳон чемпионатига олиб чиқишни амалга оширмоқчимиз. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимиз қандай самара беришини биргина Аллоҳ билади. Энг муҳими, барчамиз масъулиятни теран ҳис қилган ҳолда шу орзуни рўёбга чиқариш учун ишламоқдамиз.
Бу йўлда бизни қўллаб-қувватлаб турганлардан фақат миннатдор бўлишимиз мумкин холос. 34 миллиондан зиёд аҳолига эга бўлган Ўзбекистонни жаҳон чемпионати йўлланмаси билан хурсанд қилишга бел боғлаганмиз. Бунинг учун ҳамма ишни қилишга тайёрмиз. Ахир тўрт йилликнинг улкан футбол байрамида ҳамма иштирок этишни истайди. Лекин бундай имконият барчага бирдек насиб этавермайди. Футбол шундай ўйинки, унда кўп нарса арзимасдек кўринган жиҳат туфайли ҳам бирданига ўзгариб кетиши мумкин. Яратганнинг инояти билан танланганлар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламиз.
- Сентябрь ойи охирига режалаштирилган йиғинингизда терма жамоада янги номларни кўришимиз мумкинми?
- Нима учун йўқ?! Қолаверса, биз бир қанча йигитларни синчиклаб кузатиб келяпмиз. Асосийси, пандемия туфайли чемпионатда юзага келган танаффус ниҳоясига етиб, учрашувлар бошлаб юборилди. Биз эса ўйинларни кузатган ҳолда терма жамоага номзод футболчиларни яқиндан кузатиш имкониятига эга бўлиб турибмиз. Танаффусдан кейин бир қатор учрашувлар ўтказиб бўлинди. Сентябрдаги йиғингача ҳали анча бор.
Юқорида айтганимдек, бир қанча ижрочиларни ўша йиғинда синаб кўрмоқчимиз. Доим таъкидлаб келганимдек, ким муносиб бўлса, ўша терма жамоада тўп суради. Бунгача у ёки бу футболчининг термада тўп сурган ёки тўп сурмаганининг мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Қўшимчасига хорижда ўйнаётган легионерларимиз ўша пайтга келиб тўлиқ сафимизга қўшилмаслиги мумкин. Яна ҳаммаси пандемия билан боғлиқ масалага бориб тақалмоқда.
- Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмасдан келаётгани боис ҳар сафар саралашлардаги муваффақиятсизликлардан сўнг ишқибозлар орасида доим шундай гап юради: “Биринчилигимизнинг савияси пастлиги учун ҳам яна мундиалсиз қолдик”. Сизнингча, Суперлигамизнинг бугунги даражаси талабга жавоб берадими?
- Чемпионатимизнинг савияси нолимайдиган даражада. Агар эътибор билан кузатаётган бўлсангиз, ҳозир олдингидек турли жанжал-низолар кузатилмаяпти. Кўпинча бундай тортишувлар ҳакамлик масаласи билан юзага келарди. Менимча, ўзбек футболи анча тозаланиб, биз тўғри йўлга чиқиб олдик. Шу руҳда давом этсак, мақсадларимиз рўёбга чиқиши муқаррар.
- Коронавирус пандемияси туфайли уч ой давом этган танаффусдан сўнг клубларда ўйнаётган футболчиларнинг ҳолати юқори эканлиги сизни ҳайрон қолдиряптими?
- Бунинг ҳеч ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Чунки ҳамма карантин туфайли узоқ ҳордиқ чиқарди. Бундай ҳордиқдан кейин футболчилар ўзгача завқ-шавқ, шижоат билан ўйинларда иштирок этмоқдалар. Аммо куз ойи охирига бориб, ўйинчиларнинг қандай ҳолатда эканлиги юзасидан муайян хулосага келиши мумкин бўлади.
Боиси, шу пайтга келиб чемпионат ўйинларидан ташқари Кубок доирасидаги беллашувлар ҳам ҳар уч-тўрт кунда ўтказилишга тушади. Пандемиядан кейин ўтказилган дастлабки учрашувларданоқ бу масалада шошилинч хулоса чиқариш ярамайди. Қўшимчасига иқлимий шарт-шароитни инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бизда чилла бошланмоқда. Қолаверса, биринчи давра ва иккинчиси ўртасида танаффус бўлмайди.
Шундай экан, олдинда бизни турли қийинчиликлар кутиб турибди, дея баралла фикр билдириш мумкин. Ўз ўрнида биз шуни инобатга олган ҳолда футболчиларни ўйинларга тайёрлаб бормоқдамиз. Октябрь ва ноябрь ойларида терма жамоамиз, бунга қўшимча равишда “Пахтакор”нинг ОЧЛда иштирок этишини ёддан чиқармаслик керак. Чунончи, терма жамоага номзод футболчиларнинг деярли 80 фоизини “Пахтакор” аъзолари ташкил этишади.
- Ёш футболчи Жасур Жалолиддиновнинг “Бунёдкор”дан “Локомотив” (Москва)га кўчиб ўтиши ҳақида гапирилмоқда. Нима деб ўйлайсиз, у Россияга кетишга тайёрми?
- Буниси фақат футболчининг ўзига боғлиқ. Агар шу кўчиб ўтиш юз берадиган бўлса ҳам кўп нарса ўйинчининг бутунлай янги шарт-шароитга кўникма ҳосил қилишига боғлиқ бўлиб қолади. Фақат шуни айтишим мумкинки, Жалолиддинов иқтидорли йигит. У келажакда терма жамоага кўп фойда келтириши мумкин. Шундай йигитнинг “Локомотив”га кетиши миллий термамизга ҳам фойдали бўларди. Умид қиламизки, бу воқеа юз берадиган бўлса, вакилимиз рус клубида ўйнаб кета олади. Миллий терма жамоа устози сифатида ўзим бошқараётган клубдаги ўйинчига четдан қизиқиш борлигини билиш мени хурсанд қилди. Худди Черанга умид қилаётганимиздек, кейинчалик Жасур Жалолиддиновга ҳам суянишимизни кутиб қоламан. Ахир у ўзбек футболининг истқиболли ёш ижрочиларидан биридир.
- Охирги савол: яқин-яқингача Ўзбекистон Уругвай, Марокаш ва Сенегал сингари кучли рақиблар билан беллашганди. Терма жамоанинг бугунги бош мураббийи сифатида ЎФАдан бизга Европадаги кучли термалардан бири билан ўртоқлик ўйини ўтказиш имконин беринглар, деб сўрашингиз мумкинми?
- Бу масала юзасидан ҳам доим маслаҳатлашиб турамиз. Вазиятни тақвимнинг тузилиши мураккаблаштириб юборади. Ўзимга қолса, сентябрда Бразилия билан куч синашган бўлардим. Бироқ ФИФА халқаро тақвимни тузиш чоғида ОФК тасарруфидаги мамлакатларнинг терма жамоаларини ажратиб қўяди. Қолаверса, европаликларнинг ўртоқлик ўйинлари ўрнини босишга мўлжалланган УЕФА миллатлар лигаси турнири бор.
Шу сабаб ФИФА кунларида қўҳна қитъадаги терма жамоалар билан учрашиш деярли иложсиз ишдир. Чунки ҳатто футбол даражаси анча кучсиз бўлган термалар билан шундай пайтда ўртоқлик баҳсини ўтказишнинг умуман иложини топа олмайсиз. Шукурки, шунда ҳам вазиятдан чиқиб, Белоруссия билан ўйин ўтказишга улгурдик. Арманистон билан боғлиқ вазият ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик. Бугунги кунда Европадаги терма жамоалардан бири билан ўртоқлик ўйинини ўтказиш юзасидан келишиш жуда мушкул иш.
Шунинг учун бутун эътиборни бунга қаратиш тўғри бўлмайди. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда раҳбариятдан иложи борича кучли рақиб топишни сўрашдан бошқа чорамиз йўқ. Агар ўсишни мақсад қилган эканмиз, демак кучли рақиблар билан беллашишимиз керак бўлади. Бахтга қарши вазият тақозосига кўра, бизга кучлироқ рақибларни топишнинг иложи бўлмаяпти. Қолаверса, бундай ишларда молиявий масала муҳим аҳамият касб этмасдан қолмайди. Шу сабабдан ҳам бутун эътиборимизни ўз ўйинимизни кучайтиришга қаратиб, Ўзбекистон терма жамоасини ЖЧга тайёрлаб борамиз.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар