date

Америка клублари Неймарни сотиб олишдан воз кечди

Америка клублари Неймарни сотиб олишдан воз кечди

Жаҳон футболидаги энг таниқли юлдузлардан бири — Неймарнинг келажаги яна ноаниқ тус олди. ESPN Brasil маълумотларига кўра, 33 ёшли ҳужумчининг “Сантос” клуби билан амалдаги шартномаси жорий йил охирида якунланади. Шу сабабли унинг янги жамоаси қайси бўлиши ҳақида турли миш-мишлар тарқалган, айниқса уни “Интер Майами” сафида — Лионель Месси ва “Барселона”даги собиқ жамоадошлари билан бирга кўриш эҳтимоли муҳокама қилинган эди.

Бироқ манбалар таъкидлашича, МЛС — АҚШнинг етакчи клублари бу ғояга унча ҳам қизиқмаяпти. Лиганинг бир нечта скаутлари ва спорт директорлари билан суҳбатда улар Неймарни олиб келишни иқтисодий жиҳатдан маъқул қарор деб ҳисобламасликларини айтган. Уларнинг фикрича, бундай трансфер катта сармоя талаб этади, аммо натижа бу сарфларни оқламаслиги мумкин.

Неймарнинг сўнгги мавсумлардаги ҳолати ҳам кўплаб клубларни иккилантириб қўйган. Мутахассислар бразилиялик юлдузнинг жисмоний тайёргарлиги ва барқарорлиги аввалги даражада эмаслигини таъкидламоқда. Улар фикрича, у эндиликда жамоага жиддий таъсир кўрсатиш ёки натижага кафолат бера оладиган етакчи эмас.

Баъзи клуб раҳбарлари Неймарни майдонда кутилган даражада самара кўрсатолмаётган, жароҳатларга мойил ва катта маош талаб қиладиган футболчи сифатида кўради. Масалан, “Лос-Анжелес” клуби скаутлари унга нисбатан Сон Ҳин Минни “идеал футболчи” сифатида мисол келтирган — ҳам ижобий таъсир, ҳам молиявий барқарорлик нуқтаи назаридан.

Хабарларга кўра, “Чикаго Файр” клуби Неймарни трансфер қилиш имконини кўриб чиққан, аммо кейинчалик бу режадан воз кечган. Клубнинг ички манбалари ҳатто “уни қўлга киритмаганимиз — биз учун бахт” деган фикрни билдирган. Сабаби, уларнинг таъкидлашича, Неймар кейинги пайтларда нафақат натижа бермаётган, балки жамоа муҳитида ҳам “бош оғриғи”га айланиш эҳтимоли бор.

Бразилиялик юлдуз 2023 йилда “Сантос”га қайтганидан бери 23 ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урган ва 3 та голли пас берган. Бироқ шу баҳсларнинг фақат 8 тасини тўлиқ ўтказа олгани унинг жисмоний ҳолати ва ўйин формасига бўлган шубҳаларни янада кучайтирган.

Футбол таҳлилчилари фикрича, Неймар ҳозирги босқичда катта сармоялар талаб этувчи, аммо натижа жиҳатидан хавфли трансфер ҳисобланади. Шу боис, МЛС клублари унинг атрофидаги шов-шувга қарамай, эҳтиёткор позицияни сақламоқда.

Шундай бўлса-да, юлдуз ҳужумчининг келажаги ҳали очиқ. Унинг янги манзили ҳақида турли тахминлар юритилмоқда — айримлар уни Япония ёки Саудия клубларида кўриш эҳтимолини ҳам тилга олишмоқда. Бир нарса аниқ: Неймар номи футбол дунёсида ҳали ҳам қизиқиш уйғотишда давом этмоқда, аммо эндиликда у майдондаги ўйин эмас, балки трансфер бозоридаги ноаниқлиги билан кўпроқ муҳокама қилинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Спорт » Америка клублари Неймарни сотиб олишдан воз кечди