Кейинги вақтларда сунъий идрок атамаси тез-тез қулоққа чалинмоқда. У ўзи нима? Олимлар, IT-мутахассислари, ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар, талаба ва мактаб ўқувчилари ундан катта умид қилишмоқда. Сиёсатдонлар ва ҳарбийлар эса ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи.
«Буни сунъий идрок ечиб беради» деган ибора кўпинча, масала устида табиий идрок етарлича бош қотирмаганини англатади. AI (artificial intelligence – сунъий идрок) аббревиатурасидан эса тобора ўйламасдан фойдаланилмоқда, чунки сунъий идрок билан ҳамма нарса яхшироқ чиқмоқда (ва сотилмоқда).
Хўш, сунъий идрок нима? У бизга нима учун керак? Энг асосийси — бу борада қаёққа қараб кетмоқдамиз?
Сунъий идрок
Бу технологиялар кеча ё бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, лекин унга нисбатан оммавий қизиқиш 2011–2012 йилларда пайдо бўлган. Ўшанда инсонни товушидан таниб олиш каби чиндан ҳам мураккаб масалалар ечила бошлаган. 2012 йил кузида тасвирларни синфлаш танловида AlexNet тармоғининг ғалабаси бу ёндашув бошқалардан устунлигини намойиш этиб берди.
2010-йиллар ўрталаридан бошлаб ҳар бир йирик технокорпорация ва истиқболли стартапларнинг кўпчилиги нейротармоқли технологиялардан фойдаланиб, уни ривожлантира бошлади. Сунъий идрокни ҳар қандай жойда ишлатиш мумкинлиги ойдинлашди. Масалан, агар 2012 йилда Google чуқур ўрганиш соҳасида иккитагина лойиҳа бўлган бўлса, 2016 йилга келиб уларнинг сони мингдан ошди. Соҳа гуркираб ривожланиши бутун дунё бўйлаб ҳукуматлар эътиборига туша бошлади.
Сунъий идрок васвасасига Кремл иккинчи ўн йиллик охирига келиб эътибор қарата бошлади. 2019 йилнинг майида Владимир Путин AI соҳасида монополияга эришган одам «жаҳонга мутлақ ҳоким» бўлишини таъкидлади. У AI соҳасида «технологик суверенитет»га эришишга буйруқ берди. Ўша йилнинг кузида «Сунъий идрок» миллий лойиҳаси ва AI’ни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича миллий стратегияни таъсис этувчи фармон имзолади.
Сунъий идрок нима?
Математиклар ҳазиломуз оҳангда ўзлари шуғулланаётган ҳар бир нарса математика эканини таъкидлашади. Сунъий идрок билан ҳам шундай — биз AI деб атаётган ҳар бир нарса у.
Сунъий (ёки содда қилиб айтганда механик) идрок ҳақидаги орзулар тарихи юзлаб, ҳаттоки минглаб йил олдинга бориб тақалади.
Бу мавзуни академик давраларда ўтган аср ўрталаридан ишлаб чиқа бошлашган. 1950 йилда Алан Тюринг «Машиналар фикрлай оладими?» деган саволни ўртага ташлаган. Кейинроқ, 1955 йилда Стэнфорд университети профессори Жон Маккарти «сунъий идрок» тушунчасини амалиётга киритди ва унга шундай таъриф берди: «Ақлли машиналарнинг илмий ва инженерлик ишланмаси».
AI тарихчилари сунъий идрокка қуйидагича замонавий таъриф беришади: «тизимни ташқи маълумотларни тўғри интерпретация қилиш, бу маълумотларни ўрганиш, муайян мақсадлар ва вазифаларга эришиш учун эгилувчан адаптация ёрдамида олинган хулосалардан фойдаланиш қобилияти». Мана яна бошқа бир таъриф: «ақлли ҳаракат қилувчи ҳисобловчи агентларнинг синтез ва таҳлилини ўрганувчи фан соҳаси». Мана, учинчиси. Буниси эса тўртинчиси. Турли вазиятлар учун яна бир нечтаси.
Ҳозир сунъий идрок бўйича нафақат ягона таъриф мавжуд эмас, умуман тўхтам ҳам йўқ. IBM ва Google каби техногигантлар сунъий идрокдан муайян вазифаларни ечиш (масалан, нутқ орқали таниб олиш)да фойдаланмоқда.
Айрим олимлар сунъий идрок — инсон тафаккури симуляцияси таърифидан фойдаланади. Бошқалари машина ақлли бўлиши керак, деб ҳисоблашади. Лекин ақл нима деган саволнинг ўзи AI билан боғлиқ академик баҳслардан ҳам қадимийроқ.
Бу орада сунъий идрок жуда тезлик билан ривожланмоқда, инсоният ҳам унинг таърифини мунтазам ўзгартириб турибди. Сунъий идрок тушунчасини англашга бўлган уринишлар «AI эффекти»ни ҳам пайдо қилди. Компютернинг навбатдаги ютуғини кўрган танқидчилар бу тафаккур намойиши, дея ушбу классни идрокни аниқлаш вазифасидан кесиб ташлашган. Уларнинг айрим таъкидлари билан келишса бўлади (компьютернинг шахмат ёки шашкани яхши ўйнаши идрокдан дарак бермайди, албатта). Лекин бу жиҳатларнинг барчаси ҳам идрок сунъий ёки табиийлигини тушунишга ёрдам бера олмайди.
Шу сабабли AI тушунча сифатида жуда тор доирада фойдаланилади. Кутилмаган даражада ақлли нарсалар ярата оладиган замонавий технологиялар гуруҳи шундай аталади. Кўпинча AI’ни битта, энг модага чиққан технологиягача торайтиришади. Масалан, 2023 йилда «AI’дан фойдаланиш» деганда улкан тил модуллари (LLM) тушунилмоқда. Бу жуда катта шов-шув келтириб чиқарган ChatGPT чат-боти ва шунга ўхшаш маҳсулотлар ортида турган нейротармоқли технология.
Табиийки, AI ишланмалари йирик тил модуллари билан чекланиб қолмайди. Боз устига, ўн йиллардан сўнг мутлақо бошқа технология юзага келиши ҳам мумкин: сунъий идрок яратувчилари бунгача ҳам боши берк кўчага кириб қолиб, аллақачон иккита катта «қиш»ни бошидан ўтказган.
Сунъий идрок нима учун керак?
Сунъий идрок кўп маънода орзу-истакларни бажо келтирувчи сеҳрли таёқча. Шунинг учун аниқлаштирувчи муҳим савол ўртага чиқади: кимнинг орзусини? Оддий фойдаланувчилар, технокорпорацияларнинг ёки ҳарбийларнинг?
Уларнинг барчаси AI’дан у бериши мумкин бўлган нарсадан ортиқроғини хоҳлашмоқда. Bank of America таҳлилчиларининг ёзишича, AI соҳасида ҳадемай «iPhone лаҳзаси» пайдо бўлади, яъни 2007 йилда илк iPhone телефон ва интернет ҳақидаги тушунчаларни остин-устун қилиб юборгани каби оддий нарсалар ҳақидаги тасаввурларни чилпарчин қилувчи қандайдир янги маҳсулот пайдо бўлади.
Фойдаланувчилар — информацион жамиятнинг оддий аҳолиси AI уларнинг турмушдаги ва ҳаётдаги юмушларини енгиллаштиришини кутмоқда. Чиндан ҳам, инсон информацион даврга қадам босганидан буён ақлий меҳнат ҳам жисмоний меҳнат каби бир хил ва ҳолдан тойдирувчи бўлишини ҳеч ким кутмаган эди.
Замонавий AI бу машаққатли ишни енгиллаштиради: сериаллар тавсия қилади, ҳисоботлар тузади, уйга вазифаларни бажариб беради (гарчи кўнгилдагидек чиқмаса ҳам), матнларни таржима қилади, психотерапия билан шуғулланади, амалий иллюстрациялар яратади, инсонлар ўрнига чатларда ва телефон орқали хизмат кўрсатиш хизматларида ўтиради.
Лекин бу бошқалар AI’дан ечилишини кутаётган вазифалар эмас асло.
Ҳарбийлар учун AI иккинчи совуқ уруш ва истиқболли муқобил ҳарбий тизимлар учун маблағ ундириш учун имконият сифатида жозибадор. Хитой технологияларни ҳарбий ва фуқаролик жиҳатдан қўшиб юборилишига интилмоқда. АҚШ ҳарбийлари автоном тизимлар салоҳиятини инқилобий деб баҳолаб, ушбу инқилобга етакчилик қилишга шошилмоқда.
Бу қизиқиш Россияда ҳам ривожланмоқда. 2017 йилда россиялик ҳарбийлар сунъий идрокли ракеталар ҳақида сўз очишди. 2018 йилда «юқори аниқликдаги» қуроллар билан олиб бориладиган киберурушлар ҳақида гапиришди. 2020 йилда AI ишланмалари фуқаролик соҳасидан ҳарбий соҳага трансфер қилингани ҳақида айтиб ўтишди. 2021 йилда РФ мудофаа вазирлиги нафақат «AI’га эга жанговар роботлар» ҳақида баёнот берди, шунингдек, ўз бюджети ва буюртмачи функцияларига эга (яъни давлат пулларини ўзи эҳтиёжга қараб харажат қиладиган) AI бўйича бошқарма тузишга ҳам қарор қилди.
Раҳбарлар ва технокорпорациялар учун AI бу энг аввало мўмай пул ишлаб олиш йўли. Ўша Bank of America
’нинг баҳолашича, яқин етти йил ичида AI жаҳон иқтисодиётини 15,7 трлн долларга оширади. Иккинчидан, бу кадрларда иқтисод қилишнинг истиқболли йўли. Facebook каби компаниялар ҳар йили ходимлари сонини ўнлаб фоизга ошириб борган — 2022 йилда эса бозорни Meta ва Twitter
’даги минглаб ишдан бўшатишлар қалқитиб юборди. Айтичилар сонини кўпайтирмасдан самарадорликни ошириш — технокапиталистларнинг орзуси.
Сиёсатчиларга AI ўзининг «замонавий» эканини кўз-кўз қилиш учун имкон тақдим этмоқда. Масалан, Руминияда бош вазир «фахрий» сунъий ёрдамчига эга. Яна, ҳокимиятни мустаҳкамлашда ҳам асқатади: жиноятчилик ва экстремизмга қарши кураш важи остида тартиб жорий этишни кучайтириш, фуқаролар кайфиятини кузатиш осонроқ, энг сўнгги чора сифатида — рақамли концлагерга эга идеал полиция давлати қуриш мумкин. Улкан маълумотлар массивини тинимсиз майдалаб турадиган сунъий идроксиз унисига ҳам, бунисига ҳам эришиб бўлмайди.
Бундан ташқари, AI’ни давлат бошқаруви сифатини оширишга ҳам ўргатишмоқчи (гарчи қуйи жойлардан келган хато ахборотлар туфайли диктаторларга ёмон маслаҳатлар бериш эҳтимоли сақланса-да).
Энг дастлабки ва қизиқ мисоллардан бири сифатида академик Виктор Глушков (советча AI оталаридан бири)нинг СССРда ОГАС (Общегосударственная автоматизированная система — Халқ хўжалигида умумдавлат автоматлаштирилган тизими)дан фойдаланишга бўлган уринишларини келтириш мумкин. Гап 1960-йилларда «қўлда» бошқариш имконияти тўлиқ йўқотилган режали иқтисодиётни қутқариш ҳақида борарди. ОГАСни яратиш учун СССРнинг космик ва атом лойиҳаларини қўшгандан ҳам кўпроқ маблағ зарур эди, шу сабабли лойиҳа амалга ошмаган — унинг айрим қисмлари татбиқ қилинган. Улар эса совет иттифоқини парчаланишдан асрай олмаган.
Бу ерда шуниси муҳимки, информацион жамиятни марказлаштириб қуриш иқтисодиётнинг кучли давлатлаштирилишида ҳокимият учун жозибали бўлади. Бу ҳолатда менежерлар ишончдан мосуво, элита эса қўлда бошқарувдан фойдаланади. Агар Россия рақамли иқтисодиётига советча ОГАС тарихи призмасидан қаралса, Путин AI’дан нима истаётганини осонгина тушунса бўлади.
Сунъий идрок қачон ҳаётимизни ўзгартиради?
Унинг истиқболини ҳаммадан кўра AI’нинг ғарбдаги оталаридан бири Марвин Минский яхшироқ сўзда ифодалаган. 1970 йилда у Life журналига «яқин 3–8 йил ичида ўртача одамнинг умумий идрокига тенг машина яратилади», деган. Бу амалга ошмаган бўлса-да, айрим масалаларда AI инсондан ҳам ўзиб кетди, лекин ярим аср ичида ўртача умумий идрокка ўхшаш ҳеч нарса яратилгани йўқ.
Натижада, инсон идрокидан кўпроқ фойдаланишга тўғри келди. Шу сабабли сунъий идрок истиқболларини англаш учун табиий идрок салоҳиятини аниқлаб олиш керак. Унинг ўрнини машина боса оладими? Агар боса олса, айнан кимларникини?
Юқорида зикр этилганидек, технокорпорацияларга имкон қадар кўпроқ жараёнлар автоматлаштирилиши керак. Штат жадвалини шиширмасдан мураккаб тизимлар қуриш йўли топилиши керак. Ҳамма 2015 йилда 50 ходим билан 900 миллион фойдаланувчига эришган WhatsApp мўъжизасини такрорлашни истайди. Таққослаш учун: 2006 йилда 150 ходим билан иш бошлаган Facebook’да 2022 йилнинг декабрига келиб 86 минг ходим тўлиқ штатда ишлаган, бу ҳали тўлиқсиз штатлар ҳисобга олинмаганда.
Бу ерда сунъий идрок ҳақидаги бошқа орзумандлар манфаати ҳам бирлашади. Ҳарбийлар ўз аскарлари жонини сақлаб қолиб, инсон омилига боғлиқликдан воз кечишни истайди. Сиёсатчилар учун буйруққа соме, барча топшириқларни ғиқ этмай бажарувчи, шаффоф ҳисобот берадиган рақамли бюрократик аппарат керак.
Бу йўлда муаммолар кам эмас. Гап кибераскар мураккаблиги, шаффоф ҳисобот олиш амалда имконсизлигида ҳам эмас, ҳозирча бу тизим учун бошланғич маълумотлар киритиш жойлардаги одамларга боғлиқ.
Гап шундаки, AI’нинг «сеҳрли таёқча»си жуда қимматга тушмоқда. Гарчи у кўп масалаларни ечса-да, ҳозирча унинг плюсга ишлаши номаълумлигича қолмоқда. Қайд этиб ўтмоқ керакки, AI’нинг аввалги «қиш»лари хусусан, давлат ва ҳарбий буюртмачиларнинг «тарвузи қўлтиғидан тушиши», бинобарин, молиялаштириш бас қилиниши туфайли содир бўлган.
Чиндан ҳам, ҳозирча сунъий идрок табиийсининг ишини тортиб олаётгани йўқ. Аксинча, барча янги технологиялар тажрибаси эски иш ўринлари ўрнига унданда кўп янгилари пайдо бўлаётганидан сўзламоқда. AI билан боғлиқ ҳолатда янги технологияни тушунадиган малакали мутахассисларга улкан талаб пайдо бўлади.
Лекин AI моделлари учун маълумот юклайдиган паст малакали ходимларга ҳам талаб ошади. Машина ўқиши учун маълумотлар тўплаш ва белгилаш бозори 2030 йилгача йилига 25 фоиздан ўсади ва 12,75 млрд доллар ҳажмга етади. Ривожланган давлатлардаги катта маош олувчи етук мутахассисларнинг ишини автоматлаштириш учун «учинчи дунё» давлатларидан ўнлаб, юзлаб белгиловчиларни ишга солиш керак бўлади.
2019 йилдаёқ ҳиндистонлик минглаб аёллар пилотсиз бошқариладиган автомобиллар учун компютер «нигоҳи» ёки тўлдирилган реаллик тизимлари учун алгоритм тузишга AI’ни ўқитиш учун ўз табиий идрокини минимал пулга сотишган. 2022 йилда эса кенияликлар соатига 2 доллардан камроқ маош эвазига ChatGPT’ни зарарли контент, зўравонлик ва ҳоказо тақиқланган нарсалардан ҳимоя қилиш учун энг расво матнларни қараб чиқишган.
Боз устига, замонавий AI тизимларини қўллаб туриш жуда қимматга тушади. 2023 йил январида юз миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган ўша ChatGPT’да сайтга 590 миллион ташриф бўлган. Энг қўпол ҳисоб-китобларга кўра, ChatGPT нормал фаолият кўрсатиши учун унга 30 мингта видеокарта керак бўлади, бу эса камида 300 млн доллар туради.
Яна бир қўпол ҳисоб-китобларга кўра, ChatGPT томонидан генерация қилинган ҳар бир сўз бир цент атрофида туради. Кунига миллионлаб фойдаланувчилар кирганда, гап кунига 100 минг доллар, ойига 3 миллион доллар ҳақида бормоқда. Юз миллион фойдаланувчи ишлаб чиқарувчиларнинг пулини янада тезроқ «ёқа бошлайди».
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Сўнгги йилларда олимлар нафақат AI тизими нархига эътибор қаратишмоқда, унинг экологик тозалиги ҳам савол остида. Бу масалада ҳам ҳаммаси силлиқ кетаётгани йўқ: «сеҳрли таёқча» дастлабки ўқитиш асносида ҳам, иш жараёнида ҳам паровоздек энергия ямлайди.
Айрим баҳолашларга кўра, ChatGPT’ни ўқитиш учун кичикроқ шаҳарчанинг ойлик истеъмолига тенг энергия таъминоти керак бўлади, ишлаш вақтида эса ойлик энергия истеъмоли ўқитиш давриникидан бир неча баробар ошиб кетади.
ChatGPT’га ўхшаш тизимлар (унинг Google, Metaʼдаги муқобиллари, хитойликлардаги Baidu, Жанубий Кореядаги Naver, «Яндекс» ҳам чиқаришни ваъда қилган) қанчалик кўпайса, истакларни рўёбга чиқариб қанча туриши шунчалик тушунарли бўлиб бораверади.
Манба: Kun.uz
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг