АҚШнинг 32-президенти Франклин Рузвельт бир гапни такрорлашни ёқтирар экан: «Эртанги режаларимизни амалга оширишда ягона тўсиқ бугунги шубҳаларимиздир!».
Инсон доим орзу билан яшайди. Яратган шундай хислат берган бизга. Эсимизни танишимиз билан орзу қила бошлаймиз. Эҳ-ҳе, уларнинг сон-саноғи йўқ. Гарчи болалигимизда тез-тез ўзгариб турган бўлса-да, аслида ҳаётимизда бизга ҳамроҳ, йўлчи юлдуз шу орзуларимиз эмасми? Эришажак барча натижаларимиз шу истак ортида яширинмаганми?
Афсуски, баъзида орзу қилишдан чўчиб қоламиз. Ҳатто нафақат ўзи, фарзандининг орзуларидан қўрқадиган, унга тўсиқ бўладиган ота-оналар қанча. «Космонавт бўламан» деб баралла айтган болакай жеркилса, президент бўламан деганида шашти сўндирилса, орзу қилишдан қўрқиб қолмайдими?!
«Америка орзуси» ҳақида кўп эшитганмиз. Бу шунчаки баландпарвоз ибора эмас.
«Америка орзуси»нинг ортида, албатта, кўпроқ пул топиш истаги ётар, аммо бунда лотереядан катта ютуқ ютиш, кўчадан хазина топиш ёки давлатнинг моддий кўмагига таяниш каби тушунчалар йўқ. Америкаликлар бир ҳақиқатга қаттиқ ишонч билан қарашади: ўз билими, ҳиссиётига таяниб исталган мақсадга етишиш мумкин! Бу орзу – кичик бўлса-да, лекин ўзининг қандайдир шахсий ютуғига эришиш истагига сингиб кетган.
Бунда муваффақиятга эришиш жараёни ютуқнинг ўзидан-да каттароқ аҳамият касб этади.
Америка фильмларида бадавлат кишиларнинг фарзандлари шахсий ютуғи учун ота-онаси меросидан воз кечганини кўриб ҳайрон қоламиз. Бу каби ҳолатлар фақат киноларда эмас, ҳаётда ҳам рўй беради. Масалан, Ҳолливуд киноюлдузи Николас Кейж ўз кучи билан муваффақият қозониш учун машҳур бобоси Фрэнсис Форд Копполадан мерос Коппола фамилиясидан воз кечади. Аслида бу ном уни шуҳратга тезроқ элтиши мумкин эди, лекин у машҳур фамилия ортидан танилишни эмас, ўз иқтидори билан ном қозониш йўлини танлади. Буни уддалади ҳам. Орзу – ютуқ. Бунда муваффақиятга эришиш жараёни ютуқнинг ўзидан-да каттароқ аҳамият касб этади.
Албатта, агар америкаликларга тадбиркорлик учун эркин бозор ва иқтисодиёт муҳити тақдим этилмаганида муваффақиятга эришиш орзуси бунчалик кенг – миллий феномен даражасига чиқмаган бўларди. Агар америкаликлар ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъи назар, «чўққи»га чиқа олишини тушуниб етишмаганида, шахсий ютуқ ҳақидаги орзулари бу даражада оммавий тус олмаган бўларди.
Тадбиркорлик, тадқиқотлар, инновациялар ва яратувчанлик ниҳоятда жозибали, эҳтиёжларни қондирувчи эканини кузатишар экан, америкаликлар яхши ҳаёт йўли қаерда эканини тушуниб етишди. Бунда гап фақат пулда ҳам эмас. Американинг энг бой одамлари ҳақидаги ҳикояни ўқинг, уларнинг ўнтадан еттитаси ўз миллиардларига нолдан – ақл ва меҳнат, интилиш ва технологиялар кўмагида эришган.
Технологияларнинг инсониятга берган инъоми шуки, энди орзуларни рўёбга чиқариш учун Америкага бориш шарт эмас. IT-технологиялар масофаларни қисқартириб юборди. Шу ердан туриб ҳам билим ва иқтидорга таяниб кўп ютуқларга эришиш мумкин. Буни минглаб ёшларимиз исботлашаяпти ҳам. Фақат бу бизда ҳали оммавий тус олгани йўқ. Ҳамон эски қарашлардан – «таниш-билишчиликсиз иш битмаслиги-ю, отамиз амалдор бўлмаса, ҳеч вақога эриша олмаслигимиз» касаллигидан қутула олмаяпмиз. Ҳолбуки, XXI аср – технологиялар асрида яшаяпмиз...
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбектелеком» АК яқинда бир ташаббусга қўл урди. Иқтидорли волонтёрлар кўмагида кам таъминланган оилалар ҳамда қийин шароитли ёшларга компьютер саводхонлиги ва инглиз тили бўйича махсус курсларни ташкиллаштиришга киришди. «Ўзбек орзуси» деб ном олган лойиҳа аллақачон ўз мақсади сари илдам қадам ташлашни бошлади. Ташаббусни таниқли тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватлашаяпти.
Имкониятдан фойдаланинг, янгиликларни лойиҳанинг «Telegram» канали ва «Facebook»даги саҳифасида кузатиб боринг, улар сафига қўшилинг.
Ҳар бир киши орзу қилишга ва унинг рўёби сари интилишга ҳақли. Фақат эртанги натижаларга бугунги шубҳалар тўсиқ бўлмаса бўлгани.
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади