23:16 / 27.03.2020
3 261

Коронавирус пандемияси фонида ривожланаётган Топ-IT стартаплар

Коронавирус пандемияси фонида ривожланаётган Топ-IT стартаплар
Коронавирус туфайли юзага келган иқтисодий инқироз даврида бизнес зарар кўрмоқда, стартаплар инвесторларнинг хавотирлари туфайли маблағларини йўқотмоқдалар ва баъзи компаниялар ёпилиш хавфи остида. Шунга қарамай, баъзи лойиҳалар, аксинча, жуда машҳур бўлиб бормоқда.

Тиббий стартаплар
Швеция, Норвегия, Испания ҳамда Францияда тиббий телехизмат кўрсатаётган KRY швед компанияси Европадаги энг кўп юклаб олинаётган тиббий илова саналади. Компания ўзини "Швециядаги илк рақамли тиббий марказ" деб ҳисоблайди. Илова қуйидагича ишлайди: аввал унга бемор ўзи ҳақидаги маълумотларни ҳамда касаллик аломатлари (симптомларини) киритади, кейин KRY беморни шифокор билан 15 дақиқалик видеоқўнғироққа улаб беради.

Коронавирус пандемияси пайтида, дастурларнинг юкланиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61% га ошди ва шу даврда консултациялар сони 80% га ошди (вирусли симптомлар бўйича маслаҳатлар 240% дан ошди). KRY мисли кўрилмаган талабни қондириш учун кўпроқ ходим ёллашига тўғри келди.

COVID-19 бутун Европага тарқалиши сабабли, инфекциядан қўрқиш кўп одамларни онлайн тиббий ёрдамга мурожаат қилишга мажбур қилмоқда. Виртуал тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган Doctolib француз-немис компанияси, Qare француз компанияси, Push Doctor британ ширкати ҳамда Германиянинг Compugroup Medical SE компаниялари бизнеслари ҳам ривожланиб бормоқда.

Робот ишлаб чиқарувчилар
Роботлар касал бўлмайди. Бу уларни касалхоналарда ишлаш ва изоляция ичида бўлганларга ёрдам бериш учун идеал ҳолга келтиради.

Дания компанияси Blue Ocean Robotics бир нечта автоном робот линияларини, жумладан UVD роботларини ишлаб чиқармоқда. Ушбу автоном дезинфекциялаш роботлари ултрабинафша нурлари билан касалхоналарда вирус ва бактерияларни ўлдиришга ёрдам беради. Икки йил олдин бозорга чиққандан бери унинг ўсиши йилига 400% ни ташкил этмоқда.

Хитой эпидемиясининг авжига чиққанда, стартап ўзининг энг катта буюртмасини олди - 100 та робот ва ҳозирда буюртмалар давом этмоқда. "Бизнинг оддий роботимиз нархи 60 минг еврони ташкил этади, бу қимматга тушади, аммо ҳар бир касалхонада инфекцияни юқтирган киши бошига ҳисоблаганда бу 3 минг еврони ташкил этади. Ушбу харажат тўрт ярим ойда чиқиб кетади", - дейди Blue Ocean Robotics компаниясининг ҳаммуассиси ва бош директори Клаус Рисагер.

Видеоконференция платформалари
Тадбирлар кетма-кет бекор қилинаётгани сабабли, Лондоннинг Hopin каби онлайн тадбирларни ўтказиш учун платформалар ривожланмоқда ва бизнесни қўллаб-қувватлайдиган платформалар айниқса талабгир.

Кўплаб стартаплар пандемия вақтида янги мижозларни топиш учун дастурларининг бепул версияларини тақдим этмоқдалар. Klaxoon телеконференция платформасига бўлган талаб 90 %га ортди ва ҳозирда у уч ойлик бепул фойдаланишни таклиф этмоқда. Шунга ўхшаш дунёдаги масофавий ўқитиш платформаси Century Tech ўз платформасини Гонконг мактаблари учун текинга фойдаланишни таклиф қилди.

Масофавий конференция компанияси Zoom Video Communications Inc. компаниясининг акциялари кетма-кет уч ой давомида ўсиб бормоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, Zoom коронавирус тарқалиши туфайли фойда кўрган саноқли компаниялардан бири. Ўтган ҳафта компания вакиллари мижозлар оқимига бардош бериш учун хизмат кўрсатиш ҳажми оширилганлигини маълум қилишди.

Масофавий суҳбатлашиш платформаларидан яна бири Around'га яқинда 5,2 млн долларлик инвестиция киритилди. Онлайн-лекциялар ва конференциялар платформаси Run The World эса $4,3 млнлик сармояни қўлга киритди.

Биотех-стартаплар
CureVac ва BioNTech немис биотехнологиялар стартаплари коронавирус вакцинасини бозорга биринчи бўлиб олиб чиқиш учун курашмоқдалар, шу билан бир қаторда улар пандемия вақтида ўз бизнесларини тарғиб ҳам қилишмоқда.

Британиянинг BenevolentAI компанияси ижрочи директори Жоанна Шилдснинг сўзларига кўра, стартап дори воситаларини тезкор топиш учун сунъий идрокдан фойдаланмоқда. Девид Браун, Кембрижнинг Healx (камёб касалликларни даволашни прогноз қилишга ихтисослашган компания) стартапи асосчиларидан бирининг таъкидлашича, дунёдаги ҳукуматлар ва соғлиқни сақлаш тизимлари ишончли маълумотлар ва сунъий интеллект реал вақт режимида COVID-19 ва шунга ўхшаш бошқа муаммоларга қарши курашда муҳим рол ўйнашини англай бошладилар.

Фармацевтика саноатининг вакиллари ҳам ҳозирда фойда олмоқда. Масалан, Швейцариянинг SkyCell дори-дармон етказиб берувчи компанияси Хитойга 46 тонна (233 миллион доллар) дори-дармонларни хавфсиз жўнатиш учун 200 дан ортиқ қўшимча буюртма қабул қилган.

Коронавирус, шунингдек, дорилар ва гигиена воситаларини ишлаб чиқарувчилар учун ҳам фойдали бўлмоқда. Хусусан, эпидемиянинг дастлабки икки ҳафтасида тиббий ниқоблар ишлаб чиқарадиган Япониянинг Kawamoto компаниясининг ишлаб чиқариш ҳажми тўрт баравар кўпайди.

Корпоратив мессенжерлар
Кўпроқ одамлар уйдан ишлашга мажбур қилинаётганлиги сабабли, Slack Technologies корпоратив мессенжери тобора оммалашиб бормоқда. Morningstar таҳлилчиларининг фикрига кўра, ходимларнинг оммавий равишда узоқдан ишлаш режимига ўтишлари сабабли компания акциялари қиймати ошади. Bespoke Investment Group таҳлилчилари шунингдек, Slack Technologies акцияларини сотиб олишни тавсия қилмоқда.

Кўнгилочар хизматлар
Карантин ҳолатида бўлганлар, дам олиш учун бирор нарсага муҳтож. Netflix оқим хизматлари бундан фойда олади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, фитнесс-клубларнинг ёпилиши туфайли спорт ишқибозлари уйда кўпроқ машқ қилишни бошлайдилар ва шу сабабли уй шароитида машқ қилиш учун илова ва платформаларнинг машҳурлиги ошади.

Карантин даврида муҳим ўринни видео ўйинлар эгаллайди. Ҳозирда Хитой мисолидан фойдаланиб, таҳлилчилар геймерлар аудиториясининг кескин ўсиши, шунингдек ўйин ичидаги харидлар учун сарф-харажатларнинг кўпайганини қайд этдилар. Тўғри, Хитой мисолида кичик стартаплар учун жой йўқ - гигант Tencent асосий фойда олувчига айланди. Америка ва Европа бозорларида, шунингдек, жуда катта ўйинчилар устунлик қилишади - Activision Blizzard, Electronic Arts ва Take Two Interactive.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Коронавирус пандемияси фонида ривожланаётган Топ-IT стартаплар