Фото: «Xabar.uz»
Бундан бир йилча аввал Ўзбекистонда коронавирусни йўқотишга қодир технология яратилгани ҳақида мақола эълон қилгандик. Аслида бу оламшумул воқеа эди, назаримизда. Ўйлагандикки, айни вақтида майдонга олиб чиқилган бу технология ҳамманинг диққат-эътиборига тушиб, раҳбарлар томонидан қўллаб-қувватланади ва жуда тез оммалашади деб...
Бир йилга кечиккан тақдимот
Бироқ орадан 11 ой ўтиб, кичик бир хонада, ўз ихтиросининг қанчалик аҳамиятли эканини тушунтириш учун эшикма-эшик сарсон бўлган илмий ходим ва уни қўллаб-қувватлашга бел боғлаган фан номзодининг тақдимот ўтказишидан ҳаммасини тушунгандек бўлдик...
Агар ушбу ихтиро вақтида қўллаб-қувватланганида, эҳтимол, вазият бошқачароқ бўлармиди?! Шусиз ҳам бир йилга кечиккан тақдимот кенг оммага кўзга кўринган меҳмонхоналар ёки бизнес марказларнинг катта, кенг ва ёруғ залларида, тегишли мутасаддилар, раҳбарлар, журналист ва блогерлар қуршовида етказилармиди?!
Лекин бизникилар борини кўрсатмай, йўғини «кўтариб» чиқишга ўрганган (кимлардир мажбур). Нима бўлганда ҳам, мен ёш олимимизнинг айни пайтда глобал бўлган ихтироси тақдимотини яна бир бор ҳаяжон ва қизиқиш билан тингладим...
Аслида қандай бўлди?
Дунё коронавирусга қарши кураш олиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлар ва ОАВда ҳар куни коронавирусдан даво топаётган инсонлар статистикаси берилиши баробарида, илмий ва тиббий изланишлар олиб бораётган компаниялар, муассасалар, докторлар ва олимларнинг каттаю кичик ишлари ёритилиб келиняпти.
Кимдир коронавируснинг неча даражада нобуд бўлишини аниқласа, яна бир жамоа вакцина ишлаб чиқиш билан шуғулланяпти (хорижда ҳар бир илмий ишнинг кичик натижаси ҳам ОАВда ёритилиб боради).
Бу борада юртимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Республикамиз мутахассислари томонидан «COVID-19»га қарши самарали курашиш бўйича яратилган замонавий «BioGenetic» технологияси устида олиб борилган барча синовлар муваффақиятли ўтди (биз эса бир йил давомида уни деярли унутдик).
Маълумки, пандемия вақтида тезкор чоралар кўрилди. Беморлар ва гумондорлар учун карантин ҳудудлари барпо қилинди. Тиббиёт соҳасига катта миқдорда маблағлар ажратилди (ҳатто, бир марталик ҳеч ким фойдаланишни хоҳламаган қўлқоплар, омборларда тўлиб тошган сифатсиз шприцлар ва кераксиз дори-дармонларгача). Тождор вирусга қарши курашиш амалиётига кўплаб олимлар жалб этилиб, бор кучи сарфланди (ажратилган маблағ миқдори эса номаълум).
Клиник синовлар (ниҳоят) ниҳоясига етдими?
Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани масъуллари, Инновация вазирлиги ҳамда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, вирусология, бактериология, химия, токсикология лабораториялари, Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус «Зангиота-1 ва 2» шифохоналари, Гематология ва қон қуйиш маркази экспертлари томонидан Covid вирусининг барча штаммларини бир сония ичида нобуд қилувчи қурилма яратилди.
Мазкур қурилмага «BioGenetic» номи берилиб, ҳозирги кунда барча лаборатор, клиник олди ҳамда клиник синовлари ниҳоясига етказилди (бу вақтгача ҳали умуман номаълум бўлган вакциналар яратилиб, одамлар оммавий эмланишни бошлашди. Бизда эса 1 йил аввал синовдан ўтиб бўлган технология – яна узоқ ва машаққатли босқичлардан ўтишда давом этди).
Мутахассислар нима дейди?
Бобур Қурбонов, Тошкент шаҳар Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази раҳбар ўринбосари, тиббиёт фанлар номзоди:
– Натижаларга кўра, қурилма туфайли Covid туркумига кирувчи барча вируслар ҳавода, сиртда, ҳаттоки, суюқликда ҳам нобуд бўлди. У инсон организми, танаси ва нафас олиш йўлларига тушган вирус, микроб, бактерияларни ҳам яксон қилди.
Бир ярим йил мобайнидаги таҳлил ва синовлар, инсон организмига салбий таъсир кўрсатмади, аксинча, зарарланган фуқароларда нафас олиш енгиллашди, иммунитет кўтарилди, аллергия ва астма каби хасталиклар ҳам бартараф этилди. Зарарланган фуқароларда Covid туркумига хос вирус 3 кун мобайнида йўқ қилинди.
«BioGenetic» ускунасини ҳар томонлама атрофлича текшириш, таҳлил қилиш, барча ўтказилган синовларни чуқур ўрганиш, олинган натижаларни қайта текшириш мақсадида, туман, шаҳар ва Республика миқёсида бир нечта мустақил ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, барча ўтказилган синов ва натижаларга юқори баҳо берилди.
Вирус ва бактерияларнинг ҳаво ҳамда ҳаво зарралари орқали тарқалишининг олдини олиш мақсадида, янги молекуляр структура технологиясини ишлаб чиқиш устидаги синов ишлари кутилган натижани берди. Технология имкониятларидан фойдаланилган ҳолда илмий-тадқиқот марказлари ва етук лабораторияларда, ҳаво таркибидаги вирус ва бактерияларни молекуляр қобиқ билан қоплаш ҳамда ҳавони мазкур зарралардан тозалаш бўйича кенг манзилли синовлар ўтказилди. Натижага кўра, яратилган молекула структураси нафақат вирусни қобиқ билан қоплаб, тарқалишининг олдини олиши, балки нейтраллаштириши ва йўқотиши мумкинлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Бунга Чилонзор СЭО ва ЖСХга қўйилган бир нечта ускуналар туфайли ходимлар орасида инфекция тарқалиши умуман кузатилмагани мисол бўла олади.
Олимжон Юсупов, Чилонзор тумани Санитария эпидемиология ва осойишталик маркази муҳандиси (технология муаллифи):
– Инновацион технологиянинг асоси — янги яратилган молекулалар. У нафақат белгиланган ҳудуддаги ҳаво, балки жисмларнинг устки ва ички қисмларида мавжуд вирус ва бактерияларни ҳам яратилган молекулалар билан нейтраллаштириш қобилиятига эга. Шунингдек, инсоннинг нафас олиш йўлларидаги вирусларни масофавий нейтраллаб, ҳаводаги вирус ва бактерияларни бартараф этади. Энг муҳими, кўп вақт талаб қилмайди: 50 метр квадрат майдондаги xонанинг инактивацияси учун бор-йўғи 15 дақиқа кифоя. Янги яратилган технология ҳаво орқали инфекция юқиши xавфини бутунлай йўққа чиқаради.
Биз мутахассислар билан бирга ушбу теxнологиядан тиббиёт муассасалари ва одам гавжум бўладиган бошқа бино ва иншоотларда фойдаланишни тавсия этяпмиз. Унинг ишлаш принципи энг замонавий теxнологияларга асосланган ва инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз.
Бобур Қурбонов, Тошкент шаҳар Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази раҳбар ўринбосари, тиббиёт фанлар номзоди:
– Мазкур технология «BioGenetic» илмий ишлаб чиқариш ташкилоти томонидан яратилган бўлиб, хона ҳавоси ва сиртдаги қуйидаги вирус, бактерия ва микробларга қарши туришга мўлжалланган:
- Биологик ва инфекцион келиб чиқишга эга бўлган патоген ва хавфли вируслар: Covid-19, SARS, ОРВИ, микроблар, энтеробактериялар, стафилококклар, тилларанг таёқчалар, замбуруғлар, сил касаллиги қўзғатувчилари, гепатит;
- Кимёвий бирикмалар: аммиак, дори ва зарарсизлантирувчи воситалар, фенол, формальдегид, ацетон ва унинг бирикмалари, NO азот оксидлари ва органик моддалар;
- Биологик ва механик ўзгаришлар натижасида ишчи ҳудудда ҳосил бўладиган турли хилдаги нохуш ҳидлар, майда ҳажмли чанг зарралари, аэрозоль, қурум, спора, моғор ва замбуруғ ҳидлари.
Шу билан бирга, ускуна ишлатилган пайтда хона, бино, ташкилотларда ниқоб зарурияти ҳам ўрганиб чиқилди, синовлар ўтказилди – таҳлиллар ижобий.
Технологиянинг юқори самарадорлик кўрсаткичини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг тавсиясига асосан, шифохона қабул бўлимлари, касалхоналар, дорихона, умумий овқатланиш шохобчалари, ўқув муассасалари ва бошқа эпидемик жиҳатдан хавфли бўлган аҳолига хизмат кўрсатиш масканлари, шунингдек, зарарланиш эҳтимоли юқори бўлган объектлар ва хонадонларда қўллаш тавсия этилди.
Кичик эътироз
Ҳа, айтганча, камтарона ўтказиладиган тадбирларда айрим тележурналистларнинг ўзини тутиши ҳам ўзгариб қоларкан. Жумладан, «Маҳалла» телеканалидан келган журналист яна борадиган «жойи» борлигини айтиб, нимани ёритишга келганидан хабари борми-йўқми, дарров «расмиятчиликка» ўтди.
«Кўзбўямачилик» учун ўнтача ходимни йиғдириб келди ва ҳаммани стол атрофига жойлаштирди. Аввал курсига ўтириб гап бошлаган мутахассиснинг сўзини бўлиб, энди ўрнидан туриб маълумот беришини айтди. Энди қизиқиб тушунтиришга ўтган ходимни яна чалғитди-да, «Бир хил кадр бўлиб қоляпти, қурилмани ушлаб гапиринг», деди. Ўша журналистга айни пайтда айтилаётган гапларнинг бирортаси қизиқ эмасди. Бунга унга қараб берилиб гапираётган мутахассис сўзини яна бир марта бўлганидан амин бўлдим.
Айниқса, «Бобур ака, бўлди. Энди бу ёққа ўтиб интервью берасиз, орқадагилар фон бўлиб туради», деган гапидан кейин жим туролмадим. Қани бошқаларга, ўз ҳамкасбларига бўлган ҳурмат? Қани журналистикага хос тинглаш маданияти? Қани холислик?.. Бундай кўзбўямачилик учун тайёрланадиган дастурлар билан яна кимларни алдашда давом этамиз?!
Биз эса янги қурилма борасидаги фикр-мулоҳазаларга, савол-жавобларга яна қайтамиз…
Шоҳида Исроилова
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди