Aksariyat endokrinologik kasalliklar og‘ir asoratlari bilan xavfli hisoblanadi. Shulardan biri bo‘qoqdir.
Бўқоқ қалқонсимон безнинг катталашуви билан кечувчи хасталикдир. Касаллик ушбу аъзонинг гормонал фаолияти кучайиши, сусайиши ёки ўзгармаслиги билан намоён бўлади, дейди тиббиёт фанлари номзоди Севара Фахрутдинова.
Қалқонсимон без — бўйиннинг олд қисмида жойлашган. У тироксин ва трийодтиронин гормонларини ишлаб чиқариш орқали танадаги кўплаб жараёнлар, хусусан, асаб, юрак-қон томир, ошқозон-ичак ва суяк-таянч тизимлари фаолиятини бошқаради. Ҳатто миянинг нормал ишлаши ҳам қалқонсимон без фаолиятига боғлиқ.
Қалқонсимон без касалликларини келтириб чиқарувчи бир қатор омиллар мавжуд. Буларга турли аутоиммун ва инфекцион касалликлар, йод танқислиги, стресс, интоксикация, оқсил ва витаминлар етишмаслигини мисол қилиш мумкин.
Қалқонсимон бездаги ўзгаришларнинг хусусиятига кўра, диффуз бўқоқ, тугунли бўқоқ ва аралаш турлари таснифланади. Қалқонсимон без гормонал фаолиятига кўра, диффуз буқоқ, ўз навбатида, гипотиреоз, эутиреоз ва диффуз-токсик (гипертиреоз) шаклларга бўлинади.
Жумладан, унинг диффуз-токсик тури халқ орасида заҳарли бўқоқ деб ҳам аталади. Мазкур хасталикка қалқонсимон безнинг катталашиши ва унда гормонларнинг меъёрдан ортиқ ишлаб чиқарилиши сабаб бўлади.
Бунда беморлар асабийлик, юрак тез уриши, безовталик, озиш, соч тўкилиши, теридаги турли тошмалар, қизиб кетиш, кўп терлаш, қўлларда титроқ, кўзларнинг катталашишидан шикоят қилади.
Қолаверса, бу дардга чалинганлар уйқусизликдан қийналади. Касалликка ташхис қўйиш лаборатор-қон таҳлиллари ва инструментал текширувлар натижасида амалга оширилади.
Бугунги замонавий тиббиёт заҳарли бўқоқни 3 хил усулда даволашни таклиф этади. Булар медикаментоз даво, яъни дори-дармон билан, шунингдек радиоактив йод ҳамда жарроҳлик усулларидир.
Агар тегишли текширувлардан сўнг заҳарли бўқоқ ташхиси қўйилса, бемор шифокор қатъий назорати остида даволаниши лозим. Акс ҳолда касаллик организмда турли оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг