Фото: Marie Claire
Юрак оғриганда нима қилиш керак? Даставвал ташвишланишни тўхтатинг ва хотиржам бўлган ҳолда оғриқ хусусиятини баҳолашга ҳаракат қилинг. Кардиологияда юрак соҳасидаги оғриқлар шартли равишда икки гуруҳга бўлинади: кардиалгия ва ангиноз оғриқлар. Биринчи ёрдам кўрсатиш учун оғриқ қайси тоифага киришини аниқлаб олиш керак.
Кардиалгия
Кардиалгияда оғриқ кўпинча юрак билан боғлиқ бўлмаган касалликлар натижасидир. Буларга остеохондроз, неврологик касалликлар, ҳазм қилиш тизими фаолиятининг бузилиши, вегетатив қон-томир дистонияси, аёллардаги климакс даври ва бошқалар киради.
Кардиалгияда оғриқ санчувчи, ўткир, кесувчи бўлади. Маълум вақт мобайнида сақланиб туради. Хуружлар кўпинча ҳолсизланиш, терлаш ва қон босимининг пасайиши билан бирга кузатилади. Нафас олиш ва гавда ҳолати ўзгарганда оғриқ кучаяди. Оғриқ кураклар соҳасида умуртқа ва бўйинда остеохондроз билан бирга намоён бўлади.
Юрак санчиганда уй шароитида нима қилиш керак?
Биринчи қадам — беморни тинчлантириш. Беморнинг тоза ҳаводан нафас олишини таъминлаш, кўйлак ёқаларидаги тугмаларни ечиш, камарларни ва танани сиқиб турган бошқа нарсаларни бўшатиш лозим.
Кучли дори-дармонларни қабул қилиш ҳолатни ёмонлаштириши мумкин. Иккинчи қадам — зудлик билан шифокорни чақиш. Фақат мутахассисгина оғриқнинг табиатини тўғри баҳолай олади ва зарур ёрдамни кўрсатади. Юрак санчишига бепарво бўлиш ярамайди.
Ангиноз оғриқлар
Ангиноз оғриқлар юрак-қон томир тизимида жиддий патологиялар борлигини кўрсатади. Ангиноз оғриқлар босимли, сиқувчи баъзан ёндирувчи ҳис билан кечади.
Худди шундай оғриқлар кузатилганда нима қилиш керак? Жавоб аниқ: дарҳол тез ёрдамга хабар қилинг. Тез ёрдам келгунга қадар ўтириб ёки ётган ҳолда бирор ҳаракат қилмаслик керак.
Бундан ташқари, тез ёрдам бўлимларида бепул хизмат мавжуд: телефон орқали шифокор билан маслаҳатлашиш каби.
Юрак санчганда шифокор уй шароитида нима қилиш мумкинлигини тавсия этади. Тез ёрдам келишидан олдин ҳам маслаҳат олишни унутманг. Баъзида оила аъзолар томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар бемор ҳаётини сақлаб қолади.
Эксперт фикри
Кўпинча айримлар кўкрак қафасидаги санчиқли оғриқларни юрак хуружи билан адаштиради. Невралгияда ҳам шунга ўхшаш симптомлар борки, улар соғлиқ учун катта хавф туғдирмайди.Максим Домашекно, врач-невролог
Кўкрак соҳасининг чап томонида дискомфорт пайдо бўлганда, беморлар стенокардия аломати деб шубҳаланиб, умумий амалиёт шифокорига ёки кардиологга мурожаат қилишади. Аммо юрак ишемик касаллигида оғриқ одатда кўкрак қафаси орқасида қўл ёки жағнинг пастки қисмида кузатилади ва ёндирувчан, чидаб бўлмаслиги билан характерланади.
Қовурға ораси невралгиясида оғриқ кўкрак қафасининг ўртасида эмас, балки унинг ярмида локализация қилинади. Одатда у жисмоний зўриқишдан сўнг пайдо бўлади, чуқур нафас олганда, нафас олиш ритми ўзгарганда ёки қовурғаларга тегганда кучаяди. Кўпинча қовурға ораси невралгияси герпес инфекциясининг асоратлари сифатида юзага келади ва кейинчалик сурункали босқичга ўтади. Бу ҳолда, нейропатия ривожланади — оғриқ синдромларининг табиати бошқача бўлади ва бунда касалликка мос бўлган бутунлай бошқа даволаш усуллари қўлланади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг