Кутилмаганда нафас олишнинг қийинлашиши, бу пайтда қандай чора кўришни билмаслик кўпчиликда кузатиладиган ҳолат. Одатда бу каби вазиятга тушган инсонлар бирданига ваҳима кўтаришади ва муаммони янада чуқурлашириб юборишади. Нафас олишнинг қийинлашишига асосий сабаб – кислород етишмаслиги бўлиб, у турли касалликлар белгиси ёки нотўғри турмуш тарзи оқибати ҳисобланади.
Нафас олиш нима учун қийинлашади: сабабларни аниқлаймиз
Агар сизда нафас олиш билан боғлиқ муаммо юзага келган бўлса, энг аввало бунинг сабабини аниқлаш зарур. Ҳолатингиздан келиб чиқиб ўзингизга ташхис қўйишга шошилманг: бу вазиятдан нотўғри хулоса чиқарган ҳолда даволаниш жиддий хатоларга йўл қўйишга сабаб бўлиши мумкин.
Бўғилиш ва нафас олишнинг қийинлашиши асосан қуйидаги сабаблар туфайли келиб чиқади:
• юрак ва томирлар билан боғлиқ муаммолар;
• бронхиал астма;
• стресс;
• сурункали анемия;
• кўкрак қафасининг жароҳатланиши;
• аллергик реакция;
• ортиқча вазн;
• томоққа бегона жисмнинг туриб қолиши;
• бошқа омиллар.
Унутманг, даволаш муолажаларини юзага келган муаммонинг асл сабабини аниқлагандан кейингина бошлаш мумкин.
Нафас олиш қийинлашганда қандай йўл тутиш керак?
Кутилмаганда бўғилиб қолиш кучли ваҳимага сабаб бўлади, шунинг учун беморга муаммони ёлғиз бартараф этишга уриниш тавсия қилинмайди. Агар ушбу ҳолат яқинларингиздан бирида кузатилаётган бўлса, энг аввало уни тинчлантириш, кейин эса қоғоз пакет ёки қўлларни қайиқча кўринишга келтириб, ундан нафас олишни таклиф қилиш мумкин. Ушбу усуллар карбонад ангидрид концентрациясини ошириб, томирларнинг кенгайишини таъминлайди.
Шундан кейин тинчланиб олиш учун бир нечта оддий машқлардан иборат бўлган махсус гимнастика ёрдамга келади:
• Нафас олиш вақтида хаёлда 6 гача санаш;
• Хаёлан 8 гача санаган ҳолда нафас чиқариш;
• Тилни ташқарига чиқарган ҳолда бир неча марта тез нафас олиб чиқариш;
• Вазият тезроқ яхшиланиши учун ушбу ҳаракатлар кетма-кетлигини бир нечта марта такрорлаш.
Касаллик сабаби аниқланмади, нафас олиш эса қийинлигича қолмоқда. Нима қилиш керак?
Нафас олишнинг қийинлашишига нотўғри турмуш тарзи ва зарарли маҳсулотлар тановули ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шакар, кимёвий қўшимчалар, рафинадланган аралашмалар ва шу каби бошқа маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш қонни қуюлтириб, кислороднинг ички аъзоларга етиб боришини қийинлаштиради.
Танада қон айланишини яхшилаш учун таомномангизни қайтадан кўриб чиқиш ва унга ўзгартиришлар киритиш керак бўлади. Мева ҳамда сабзавотлар истеъмолини кўпайтиринг, етарли миқдорда сув ичишни унутманг. Гўштни камроқ истеъмол қилинг, шакар ва унли маҳсулотларни эса таомномадан бутунлай чиқариб юбориш ҳам мумкин.
Нафас олишнинг қийинлашиши организмда қандайдир муаммо борлигидан дарак беради. Вазиятни янада чуқурлаштириб юбормаслик учун унга қарши мустақил курашишга уринманг. Фақатгина шифокорлар сизга аниқ ташхис қўйиши ва керакли муолажаларни тайинлаб бериши мумкинлигини ёдда тутинг.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг