Тизза бўғимлари инсон танасидаги энг катта ва энг юклама тушадиган бўғимлардан ҳисобланади. Иккала тиззада доимий қақшаб оғриқ кузатилиши кўп ҳолларда суяк, бўғим, мушак ва томир тизимидаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Бу ҳолат аёлларда, ёши катта инсонларда ва оғир жисмоний меҳнат қилувчиларда кўпроқ учрайди.
Иккала тиззадаги оғриқ қуйидаги ҳолатлар натижасида пайдо бўлиши мумкин:
– Бўғимда моддалар алмашинувининг бузилиши: артроз ёки артрит каби бўғим касалликлари суюклар учларини қоплаб турадиган тўқималарининг емирилиши билан кечади. Бу ҳолда ҳаракат пайтида тиззада сиқилиш, қийраш, оғриқ ва оғирлик ҳисси пайдо бўлади.
– Кальций ва тузлар тўпланиши: суяк тузилишида иштирок этувчи минерал моддаларнинг номувофиқ тақсимланиши бўғимларда тузлар тўпланишига олиб келади. Бу суяк ҳаракатини чеклайди ва оғриқ келтиради.
– Соғлиққа зарарли муҳитда узоқ туриш: совуқ ва нам жойларда узоқ вақт ишлаш тизза бўғимларига синов бўлади. Хусусан, полда, цемент устида, шамолли шароитда ишлайдиганларда тез-тез шикастланиш кузатилади.
– Механик лат ейишлар: оғир юк кўтариш, нотўғри ҳаракат ёки жароҳат туфайли тиззаларда шикастланишлар кузатилиши мумкин. Уларнинг баъзилари дарҳол, баъзилари эса вақт ўтиши билан оғриқ бера бошлайди.
Қандай белгилар билан намоён бўлади?
Иккала тизза оғриғи одатда қуйидаги аломатлар билан бирга кечади:
– Ўтириб-туришда қийналиш;
– Узоқ юра олмаслик ёки оқсоқлаш;
– Юришда оғирлик, асабий тортишувлар;
– Чордана ўтирганда уйишиш ва мускулларда таранглик;
– Оёқларда шишлар ва томирларнинг кўриниб қолиши;
– Совуққа сезувчанлик, ҳатто ёзда ҳам иссиқ кийиниш истаги.
Баъзи беморларда варикоз кенгайиши ҳам кузатилади. Бундай пайтда иссиқлик билан муолажа олиб бориш мумкин эмас, чунки бу ҳолат шиш ва қон айланиши муаммоларини кучайтиради.
Тизза оғриқларидан қутулиш учун нима қилиш керак?
Аввало, бемор малакали врач кўригидан, текширувлардан ўтиши зарур. Диагностикада рентген таҳлили, қон биохимик таҳлиллари, айрим ҳолларда компьютер томографияси ёрдам беради.
Агар текширувларда жиддий ўзгариш аниқланмаса-ю, оғриқ сақланса, физиотерапевтик усуллар самара беради. Радон ва олтингугурт ванналари, иссиқ қумда даволаниш, санатор-курорт шароитидаги муолажалар тиззалардаги қон айланишни яхшилаб, оғриқни камайтиради.
Олдини олиш мумкинми?
Тизза оғриқларининг олдини олиш ёшликданоқ бошланиши керак. Мунтазам жисмоний фаоллик, югуриш, енгил машқлар, сузиш ва танани тўғри ҳолда ушлаш тиззадаги оғирликни камайтиради. Шу билан бирга, тўғри овқатланиш, кальций ва D витаминига бой таомлар билан озиқланиш ҳам суякларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!