“Мени узр сўрайди деб ўйласангиз, жиддий янглишяпсиз”. Юлдуз Усмонова АҚШдаги яҳудийларга муносабат билдирди

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова АҚШда ўтказилиши режалаштирилган концерти атрофида юзага келган баҳсларга муносабат билдирди. Хонанда ўзининг Instagram саҳифаси орқали видеомурожаат қолдириб, ҳеч қандай узр сўрамаслигини қатъий таъкидлади.
Маълумки, Юлдуз Усмонова 2026 йил 9 май куни Брайтон Бич ҳудудида концерт дастурини тақдим этишни режалаштирган эди. Бироқ сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда АҚШдаги яҳудий жамоаси вакиллари томонидан мазкур концертни бекор қилиш талаби билан чиқишлар кузатилмоқда. Бунга сабаб сифатида хонанданинг бир неча йил аввал Исроил—Фаластин можароси бўйича билдирган қарашлари келтирилмоқда. Хусусан, 2021 йилда у бир неча бор видеомурожаат билан чиқиб, Фаластин халқини қўллаб-қувватлаган ва айрим танқидларга жавоб қайтарган эди.
Қайд этилишича, Нью-Йоркда айрим америкалик сиёсатчилар ҳам бу масалада фаоллик кўрсатмоқда. Жумладан, Брюс Блейкман, Майкл Новахов ҳамда Алек Брук-Красни мазкур кoмпанияни қўллаб-қувватлаётгани айтилмоқда. Ташаббускорлар хонандадан омма олдида айтилган гапларига изоҳ бериш ва кечирим сўрашни талаб қилмоқда.
Хонанда эса бу чақириқларга жавобан ўз позициясини очиқ билдирди:
“Агар мени кечирим сўрайди деб ўйлаётган бўлсангиз, қаттиқ янглишасиз. Агар яҳудийлар мерияга қарши йиғилиб, сиёсий жараёнларга аралашаётган бўлса, бу ҳам биз учун маълум маънода фойда. Улар қарши бўлса ҳам, бу менга обрў келтиради”, дея таъкидлади у.
Юлдуз Усмонова ўз қарашларида собит эканини, ҳар қандай зўравонликка қарши эканини ҳам алоҳида қайд этди:
Шунингдек, у ўз нутқида айрим кескин фикрларни ҳам илгари суриб, яҳудийлар ўз ҳаракатлари орқали ўз қиёфасини кўрсатаётганини таъкидлади. Хонанда ўз миллати ва динига ҳурмат билан ёндашишини, санъат орқали инсонларга хизмат қилишни мақсад қилганини билдирди.