Сельдерейнинг барги ҳам, илдизи ҳам ошпазлар, хўрандалар ва ҳатто парҳезшуносларнинг ҳурматига сазовор.
Сельдерейни ҳақиқатан ҳам бемалол ёшартирувчи сабзавот деб аташ мумкин. Унинг баргларида қариш жараёнини секинлаштирувчи ва ўзига хос оқсил ҳосил бўлишини — коллагенларни стимулловчи С витамини мавжуд. Маълумки, тери қопламаларининг қайишқоқлиги ва эгилувчанлиги кўп жиҳатдан коллагенларга боғлиқ.
Сельдерей таркибига кирувчи Е витамини (токоферол) — тўқима ва ҳужайраларга кислород ва озиқ етказиб берувчи, уларни оксидланувчи маҳсулотлар билан ифлосланишдан сақловчи ва юз ранги тиниқлашуви ва тери силлиқланиши яхшиланишига ёрдам берувчи ягона антиоксидант.
Токоферол, айниқса, аёллар организми учун жуда фойдали бўлиб, тухумдонлар ва бошқа эндокрин безлари ишини меъёрлаштиради.
Қувват билан таъминлаш, жисмоний ва ақлий ишчанликни кучайтириш хусусиятига эга сельдерей барглари ва пояси — эфир мойи омбори.
Сельдерей шарбати йўқотилган кучни тиклаш ва тўплашда тенги йўқ восита. Унинг ўзи ҳам, сабзи, олма, шивит шарбатлари билан аралаштирилган ҳолда жуда фойдали. Чарчаган пайтларингизда сельдерей ва сабзи шарбатини тенг миқдорда аралаштириб ичсангиз, жуда яхши ёрдам беради.
Сельдерей — жинсий майлни стимулловчи ва кўтаринки кайфият бағишловчи восита. Унинг хушбўй, бироз аччиқ мазаси ҳид сезиш қобилиятида қўзғатувчи таъсир кўрсатади, ўзига хос эфир мойи эса қон томирларини кенгайтиради.
Ўрта асрларда яшаган аждодларимиз беҳудага селдерьей солинган овқатни байрамона таом сифатида севиб истеъмол қилишмаган. Шунингдек, французлар ҳам тансиқ таомлар билимдонлари ва ишқибозлари сифатида ғоз, балиқ, парҳез шўрвалар, қайлалар ва салатлар тайёрлашда хушбўй селдерьейдан кенг фойдаланшган.
Қувноқ ва ҳамиша ҳаётдан мамнун қиёфада юрадиган галлар авлодлари ҳам сельдерейнинг мўъжизакор сабзавот сифатида ёшартириш ва кайфиятни кўтариш хусусияти борлигига ишонишган.
Янги узилган сельдерей кўкати таркибида аскорбин кислотаси билан бирикканда капиллярлар — майда қон томирларини қайишқоқ ва бирмунча мустаҳкам қиладиган калий мавжуд.
Таркибида калий тузи мавжуд бўлган сельдерей юрак-қон томирларига фойдали таъсир кўрсатади. Бу минерал танамиздаги барча мушаклар ва асосий мушак — юракнинг меъёрий даражада ишлаши учун жуда зарур.
Калий ионлари юрак қисқариш мароми мўътадиллашишига ёрдам бериб, шиш ва қон босими ошишидан огоҳлантирган ҳолда организмдаги сув-туз балансини бошқаради.
Сельдерейнинг қуритилган баргидан тайёрланган дамлама йирингли яраларни даволаш ва кесилган жойларни битиришда аъло даражадаги шифобахш восита саналади. Ўсимликнинг шифобахшлиги шундаки, унинг баргларидаги ўзига хос эфир мойи ва фитонцидлар организмга антисептик таъсир кўрсатиш, яллиғланишга қарши курашиш ва яраларни битишга мажбур этади.
2 ош қошиқ сельдерейнинг қуритилган баргига 1 стакан қайнаган сув қуйилади ва 2 соатга дам едирилади. Сўнг пахтага шимдирилиб, оғриётган жойга малҳам сифатида босилади.
Сельдерей илдизи стрессга қарши минерал магнийга бой. Асаблар бузилиши азоб беряптими? Ундай бўлса, сельдерейнинг илдизмевасини йирик тишли қирғичдан ўтказинг, ўсимлик мойи қўшинг ва шошилмасдан истеъмол қилинг, ана шунда танангизни яна руҳий хотиржамлик чулғайди. Магний, шунингдек, ҳайзолди синдроми пайдо бўлишининг олдини олади. Тинчлантирувчи хусусиятга эга бўлиш билан бирга магний қорин остидаги оғриқ, кўкракда ҳис этилган оғирлик ва зўриқиш, руҳий тушкунлик, маъюслик, сержаҳллик, асабийликни аъло даражада бартараф этади.
ТЕТИКЛИК ВА ОЗИШ УЧУН СЕЛЬДЕРЕЙ
Кўкат ва илдиздаги эфир мойи, органик кислоталар ва клетчаткалар овқат ҳазм қилишда муҳим роль ўйнайди ва ошқозон шарбати ишлаб чиқаришни кучайтиради, қабзиятдан огоҳлантирган ҳолда ичакларни ҳаракатга солувчи функцияни яхшилайди.
Диетологлар ортиқча вазнга мойил инсонларга ушбу хушбўй кўкатни тавсия этади: бу зиравор енгил пешоб ҳайдовчи, организмдан ортиқча тузларни чиқариб ташловчи, ортиқча вазнга сабаб бўлувчи шишларни бартараф этувчи хусусиятга эга. Сельдерей кўкатидан тайёрланган қайнатма озиш учун тутиладиган ҳар қандай парҳезга қўшимча сифатида жуда яхши қўл келади.
Майда тўғралган 3 ош қошиқ кўкатга 500 мл қайнаган сув қуйиб, 5 дақиқа қайнатамиз. Кейин 2 соат тиндириб қўйиб, докадан ўтказамиз ва ярим стакандан кунига 3 маҳал овқатдан олдин истеъмол қиламиз.
ПАЗАНДАЛИКНИНГ ХУШБЎЙ СИРЛАРИ
* Сельдерей бандлари етарлича синувчан ва юмшоқ бўлиши керак. Ўсимликнинг уруғлайдиган тили чиқиб қолган бўлса, у қаттиқ ва аччиқ бўлади.
* Илдизли сельдерейнинг илдизмеваси қаттиғини танланг. Сўнг унинг ичи чиримаганлигини билиш учун илдиз устини енгилгина босинг.
* Сельдерей барглари шўрвада жуда мазали бўлади ва зиравор сифатида барча қайнатиб ёки димлаб пиширилган таомлар, қайлалар ва тузламаларда ишлатилади. Шўрвага уни пишириш жараёни охирида солиш керак. Бу хушбўй ўсимлик гўшт, парранда, балиқ ва денгиз маҳсулотларидаги оқсилларнинг ўзлаштирилишини яхшилайди.
* Сельдерей илдизи — салат ва гўштли таомлар учун таъми ўткир қўшимча. Серсув ёш илдизмевалардан котлет, суфле, паштет, шўрва-пюре, сабзавотли рагу каби ажойиб парҳез таом чиқади.
* Сельдерейнинг мойда қовурилган илдизи петрушка ва пастернак қийма солиб тайёрланадиган қалампир, помидор, қовоқча, дўлмалар учун ажойиб начинка бўла олади.
СЕЛЬДЕРЕЙНИНГ ЗАРАРИ
Сельдерей истеъмол қилиш ҳомиладорликда, айниқса, унинг учинчи уч ойлигида мумкин эмас. Чунки ундаги бачадон мушакларидаги қон қуйилишини стимулловчи ва ўз навбатида унинг қисқаришини кучайтирувчи модда муддатидан олдинги туғруққа сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, кўкатни истеъмол қилгандан сўнг организмда ҳомилага салбий таъсир кўрсатадиган газ ҳосил бўлади. Шунингдек, сельдерей таркибидаги аччиқ эфир мойи сабабли эмизикли аёлларга ҳам тавсия этилмайди.
Сельдерей яна эпилепсиядан азият чекаётган беморларга ҳам мумкин эмас. Бунда салбий таъсир ақл томон йўналади. Буйрагида тош бўлганлар ҳам имкони борича сельдерей истеъмол қилмасликка ҳаракат қилиши керак. Чунки сельдерей тошларни қўзғатиб юбориши ва жарроҳликкача олиб бориши мумкин.
Сельдерей ошқозон шарбати ажралишини тезлаштириб юбориши мумкинлиги боис ошқозон кислотаси баланд бўлган инсонлар жуда эҳтиёткорлик билан истеъмол қилишлари лозим.
Тромбофлебит, варикоз, қалқонсимон без касалликлари, холецистит, панкреатит, бачадондан қон кетиши ва сурункали хасталикларга учраган кекса кишиларга ҳам сельдерей истеъмол қилиш тақиқланади. Шу боис, ҳар бир инсон сельдерейни ҳар қандай кўринишда истеъмол қилишдан олдин, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиши шарт.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди