АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил раҳбариятига мурожаат қилиб, коррупция ва суиистеъмол айбловлари билан судга тортилган бош вазир Бинямин Нетаняҳуни афв этишни сўради. Бу ҳақда у душанба куни Кнессетдаги чиқишида маълум қилди.
Мамлакат қонунларига кўра, агар суд Нетаняҳуни айбдор деб топса, уни афв этиш ваколати фақат президент Ицхак Герцогда бўлади.
“Менинг фикрим шундай: жаноб президент, нега уни афв этиш мумкин эмас?! Афв этинг уни. Бу тўғри қарор бўлади. Уруш пайтида у катта етакчи сифатида иш тутди. Сигара ва шампан виноси, жин урсин — бундай майда нарсалар кимни қизиқтиради?!” — деди Трамп.
Трампнинг бу баёноти Исроилда ҳам, халқаро миқёсда ҳам катта баҳсларга сабаб бўлди. Чунки Нетаняҳу ҳозирда порахўрлик, фирибгарлик ва ваколатни суиистеъмол қилиш айбловлари бўйича судланаётган илк амалдаги бош вазир ҳисобланади.
Унга қарши иш 2019 йилда очилган бўлиб, тергов маълумотларига кўра, у миллиардер ва продюсер Арнон Мильчандан тижоратдаги ёрдами эвазига қимматбаҳо совғалар олган. Шунингдек, Bezeq телекомига алоқадор Walla ахборот сайти орқали ижобий материаллар чоп этилиши учун имтиёзлар бергани айтилади.
Прокурорлар маълумотига кўра, у шундай йўл билан 475 минг еврога тенг иқтисодий афзаллик тақдим этган. “Yedioth Ahronoth” нашри билан ҳам шундай келишув бўлгани таъкидланади.
Бош вазир эса барча айбловларни рад этиб, уларни “сиёсий босим ва тузоқ” деб атайди. Суд жараёни ҳали ҳам давом этмоқда, аммо Нетаняҳу давлат ишлари баҳонасида уни бир неча бор кечиктирган.
Ундан ташқари, Халқаро жиноят суди ҳам Нетаняҳуга қарши оғир жиноятлар бўйича тергов олиб бормоқда. 2024 йил 21 ноябрда ХЖС уни Ғазо секторида уруш ва инсониятга қарши жиноятлар содир этгани учун ҳибсга олиш ордерини чиқарган.
Айбловга кўра, Исроил раҳбарияти Ғазо аҳолисини сув, дори-дармон, озиқ-овқат ва электр каби зарур эҳтиёжлардан қасддан маҳрум қилган.
Шу ордерга қарамай, Нетаняҳу 2025 йил апрелида Венгрияга ташриф буюрган ва бу халқаро ҳуқуққа зид ҳолат сифатида баҳоланган.
Доналд Трамп эса Исроилнинг доимий ҳимоячиси бўлиб келган. Унинг маъмурияти Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар ва Эронга қарши сиёсий босимда Тел-Авивни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаган.
Ҳатто, Халқаро жиноят суди Нетаняҳуга нисбатан иш қўзғатгандан сўнг, Трамп маъмурияти ушбу халқаро органга нисбатан санкциялар жорий этганди. Бу воқеа жаҳонда “АҚШнинг инсон ҳуқуқларига зид ҳаракати” сифатида таърифланган.
Шундай қилиб, Трампнинг бу баёноти нафақат Нетаняҳуга сиёсий муҳофаза сифатида баҳоланмоқда, балки АҚШнинг Яқин Шарқдаги позицияси янада кескинлашишига олиб келиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!