Черногория ҳукумати Ўзбекистон, Арманистон ва Миср фуқароларини визадан вақтинча озод этувчи аввалги қарорни тўхтатиш ҳақида расмий қарор қабул қилди. Бу ҳақдаги маълумот 2025 йил 9 октябр куни бош вазир Миложко Спайич раислигида ўтган Вазирлар Маҳкамасининг 98-сессиясида эълон қилинди.
Ҳукумат маълумотида таъкидланишича, мазкур қарор Европа Иттифоқига қўшилиш жараёни доирасида Черногориянинг виза сиёсати бўйича мажбуриятларига мувофиқ қабул қилинган. Давлат 2024–2027 йиллар учун белгиланган “Ислоҳотлар кун тартиби” асосида ЕИнинг умумий виза сиёсати билан уйғунлашишда давом этмоқда.
“Бу қарор орқали Черногория Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиш йўлида ўз мажбуриятларига содиқ эканини яна бир бор намоён қилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон, Арманистон ва Миср фуқаролари учун визадан вақтинча озод қилиш ҳақидаги аввалги қарорлар амалдан чиқарилди”, — дейилади ҳукумат баёнотида.
Вазирлар Маҳкамаси шунингдек, виза режими тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритди. Унга кўра, энди Ўзбекистон фуқаролари Черногория ҳудудига кириш учун виза олиши шарт бўлади. Янги тартиб 2025 йил 29 октябрдан амалга кириши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Черногория ҳукумати 2023 йил июн ойида Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни жорий этган эди. Шу билан бирга, икки давлат ўртасида доимий тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилган ва туризм соҳасида ҳамкорлик фаол ривожланганди.
Экспертлар фикрича, янги қарор Черногориянинг Европа Иттифоқи билан сиёсий ва ҳуқуқий стандартларни уйғунлаштириш жараёнининг бир қисми бўлиб, давлатнинг ЕИга тўлиқ аъзоликка интилишини янада тезлаштиришга қаратилган.
Шундай қилиб, 2025 йил кузидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари Черногорияга сафар қилиш учун олдиндан виза расмийлаштириши талаб этилади. Бу ўзгариш туризм ва ишбилармонлик сафарларига маълум таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ўз кучида қолмоқда.