Ўзбекистон Республикаси президенти “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА’да келтирилган.
Ҳужжат билан эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш соҳасидаги ишларни ташкил этиш борасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди.
Ишда жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги ва лозим даражадаги ташаббускорлик йўқлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармавцевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори З.А.Дусанов ва мазкур агентлик директорининг биринчи ўринбосари М.М.Дусмуратов эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги маълумот учун қабул қилинди.
Белгилаб қўйилишича, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
“Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналаридаги ҳақиқий вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Қ.В.Акмалов) икки ой муддатда ишчи гуруҳлар фаолиятининг якунлари бўйича қуйидагиларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:
Доривор ўсимликларнинг плантацияларини ташкил этиш бўйича тадбирлар дастури;
Тайёр дори воситалари ва тиббий буюмлар, ёрдамчи ва ўраш-жойлаш материалларини ишлаб чиқариш бўйича эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари рўйхати.
Белгиланишича, вилоят миқёсидаги масъул давлат органлари ва ташкилотлар ҳар ойда Қорақалпоғистон Республикаси ва тегишли вилоятлар прокурорларига эркин иқтисодий зоналарда амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида ҳисобот тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
икки кун муддатда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, шунингдек, қишлоқ врачлик пунктларида ижтимоий дорихоналарни жойлаштириш имкониятларини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш учун ишчи гуруҳларни ташкил этади;
ўтказилган ўрганишни инобатга олган ҳолда, 2018 йил 1 апрелга қадар муддатда ижтимоий дорихоналарнинг жойлашувини тасдиқлайди;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ижтимоий дорихоналар тўғрисидаги низом лойиҳасини киритади;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда:
а) 2018 йил 1 декабрга қадар муддатда қуйидаги имкониятларни тақдим этадиган Интернет тармоғида ахборот порталини, шунингдек, мобиль иловаларни яратади:
асосий ахборот индикатори сифатида лицензия мавжудлигини акс эттирган ҳолда дорихоналарнинг жойлашувини аниқлаш;
дори воситалари ва тиббий буюмларни, зарур ҳолларда сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларни тегишли дорихоналар томонидан аҳолига етказиб беришни таъминлаган ҳолда реал вақт режимида сотиб олиш;
б) 2018 йил 1 майга қадар муддатда Ўзбекистон Республикасида дори воситалари ва тиббий буюмларни ҳисобга олиш ва ҳисобот жараёнини автоматлаштириш, шунингдек, улар ҳақидаги зарур ахборотни тақдим қилган ҳолда дори воситалари ва тиббий буюмларни идентификация қилиш имконини берувчи махсус маркировка тизимини жорий этиш мумкинлиги масаласини ўрганади;
в) 2018 йил 1 апрелга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат тиббиёт муассасалари ва ижтимоий дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ҳисобини олиб боришнинг, шу жумладан бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишини тезкор аниқлаш ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни яратиш бўйича таклифлар киритади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги Бош прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини танқидий ўрганади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мазкур соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича, шу жумладан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ўқув-илмий лабораторияси ва тажриба-ишлаб чиқариш мажмуасини ташкил этишни назарда тутган ҳолда таклифлар киритади.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Р.С.Касимов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К.М.Рафиков зиммасига юкланди. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»