23:50 / 25.02.2018
16 462

Қонда темир етишмовчилиги

Қонда темир етишмовчилиги
Унинг ўрнини қандай тўлдириш мумкин?
Уйқучанлик, тушкунлик, бош айланиши, ҳолсизлик… Қишда ўзимизда кўпинча шу аломатларни сезамиз. Кўпинча бу қонда темир етишмаслиги сабабли юзага келади.

Гемоглобин — қондаги таркибида темир бўлган оқсил бўлиб, унинг қиш мавсумида етишмаслиги иммунитетни тушириб юбориши, ҳолсизлик келтириб чиқариши, меҳнат самарадорлиги ва диққатни сусайтириши, ЎРВИга чалиниш эҳтимолини ошириши мумкин. Бироқ бу белгилар янада жиддий касаллик — гепатит, қон касаллиги, камқонлик, сил, ўпка ва бошқа аъзолар яллиғланишига айланиб кетиши ҳам мумкин.

Гемоглобин миқдорини поликлиникада қон топшириб аниқлаш мумкин. Қон топширишдан олдин овқатланиш ва кўп суюқлик ичиш тавсия этилмайди. Кўрсаткичлар шунга боғлиқ бўлади. Баъзилар паст гемоглобин – вақтинчалик ҳолат деб ўйлашади. Аммо таҳлил натижасига жиддий қараш: темир етишмовчилигини вақтида аниқлаб, ўрнини тўлдириш чорасини кўриш керак. Эркакларда гемоглобин 120-160 г/л, аёлларда 114-150 г/л бўлиши лозим.

Тўғри, қишда дўкон пештахталарида янги сабзавот ва меваларни топиш маҳол, аммо қондаги темир миқдорини оширишга ёрдам берадиган маҳсулотлар етарли.

Ҳолва. Бу шарқона ширинлик кўриш қобилияти ва онкологик касалликларнинг олдини олишда фойдали бўлибгина қолмай, унда гемоглобин миқдорига таъсир қиладиган темир моддаси кўп миқдорда мавжуд. Ширинлик янчилган кунжут, ёнғоқ, пистадан тайёрланади. Бу маҳсулотлар эса ўз ҳолича нафақат темир, балки Е, В витамини, фосфор, рух ва кальцийга бой.

Гўшт. Қишда кўпроқ гўшт ейиш кераклигини ҳамма билади. Яхши пишган гўшт бўлаги сизни ярим кунга қувват билан таъминлайди, камроқ совқотасиз. Асосийси, ҳайвон оқсили қон ҳужайралари меъёрига келишига ёрдам беради. Таомномада ҳар доим мол, қуён, бузоқ гўшти, жигар, тил бўлиши лозим. Гемоглобин миқдорини меъёрида сақлаш учун кунига 50 г гўшт ейиш кифоя. Ошириш учун эса – кунига камида 100 г.

Қуритилган қўзиқорин. Қуритилган қўзиқориндан тайёрланган шўрва — нафақат мазали тушлик, балки организмдаги темир моддасини кўтариш учун ажойиб восита ҳам. 100 граммда бу модда камида 30 мг бор. Кунига атиги 50 грамм истеъмол қилинса —кўрсаткичлар меъёрга келади. Аммо қўзиқоринлар сифати ва хавфсизлигига ҳам албатта эътибор бериш зарур.

Денгиз маҳсулотлари. Майда қисқичбақа, моллюскалар, кальмар, икра — денгиз маҳсулотлари витаминларга бой. Гемоглобинни кўтаришда ҳам фойдали. Дўконларда асосан музлатилган маҳсулотларни топасиз, аммо бундай шаклда ҳам фойдали моддаларнинг каттагина қисми сақланади.

Буғдой кепаги. 100 г маҳсулотда 15 мг темир, шунингдек, гемоглобин синтезида иштирок этадиган В гуруҳи витаминлари бор. Нонуштага жуда мос келади, аммо буғдой кепагига ружу қўйиш ярамайди. Ҳазм қилиш тизимида муаммо бўлмаслиги учун кунига 30 гдан кўп кепак емаслиги керак.

Денгиз карами. Карамдаги темир камқонликнинг олдини олади, қон ҳосил бўлиши жараёнини фаоллаштиради. Профилактика ва даво мақсадида кунига 2 чой қошиқ истеъмол қилиш етарли. Энг оммалашган ва осон тайёрланадиган таомлар — фунчоза, қайнатилган тухум, жўхори, нўхат қўшилган салатлар.

Лавлаги. Лавлагидан тайёрланган табиий шарбат ёки квас жуда самарали. Аммо уни мунтазам истеъмол қилиш керак. Ичимлик яхши сингиши учун тайёрлагандан сўнг ярим соат совутгичда сақлаган маъқул. Ёқимли таъм бериш учун унга олма ёки сабзи шарбати қўшиш мумкин.

Анор. Кўплаб фойдали моддаларга эга ажойиб мева. Анор шарбатини мунтазам ичиш керак, аммо оз миқдорда. Дўкондан сотиб олмай, уйда мустақил тайёрлаган ва янгилигича истеъмол қилган маъқул. Аммо ошқозон билан жиддий муаммолар бўлса, анор шарбати истеъмол қилмаган яхши.

Қуруқ мевалар ва ёнғоқдан тайёрланган витаминли аралашма. Майиз, қора олхўри, баргак, ёнғоқни тенг миқдорда олиб, яхшилаб аралаштиринг. Гўштқиймалагичдан чиқариб, озгина асал қўшинг. Кунига олти ош қошиқдан енг.

Сабзи шарбати. Янги сиқилган сабзи шарбати — гемоглобин миқдорини оширишда самарали восита. Кунига 300-400 мл шарбат ичиш организмга фойда келтиради. Уни тенг нисбатда лавлаги шарбати ва асал билан аралаштириш мумкин. Аммо стаканлаб эмас, кунига уч маҳал оз-оздан ичиш керак.
СЕВИНЧ тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Қонда темир етишмовчилиги