21:24 / 06.07.2018
30 305

Кўзингиз хиралашишининг 5 та асосий сабаби

Кўзингиз хиралашишининг 5 та асосий сабаби
Кўз инсоннинг энг кўп ишлайдиган аъзоларидан биридир. Ҳозир офису идораларда ўтириб ишлайдиганларнинг кўпчилигида кўриш қобилияти пасаймоқда. Сабаби оддий: қоғоздаги турли катталикдаги ҳарфли матнлар, компьютер олдида узоқ ўтириб ишлаш, телефонга узоқ тикилиш… Боз устига, уйга боргач, «зангори экран»дан кўз узмаймиз. Бундай зўриқишдан ҳар қандай ўткир кўз ҳам чарчайди. Бу жараённи тўхтатиш мумкинми?

Мутахассисларнинг айтишича, бу кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Хўш, кўриш қобилияти нега пасайиб кетади? Бунинг бешта сабаби бор.

Биринчиси
Кўз мушакларининг ишламаслиги. Атрофдаги буюмларни кўришимиз кўз пардасига боғлиқ. Агар мунтазам равишда кўзни матнлар ва компьютер экранидан узмасак, кўз гавҳари мушаклари кучсизланиб, бўшашиб қолади. Ишламай қўйган ҳар қандай мушак эса бора-бора кучсизланиб, шаклини йўқотади.

Нима қилиш керак? Узоқ ва яқинни доим яхши кўриш учун кўз мушакларини машқ қилдириш талаб этилади. Машқ жуда оддий: диққатни жамлаб, олдин узоқдаги буюмларга, сўнг яқиндагиларига галма-галдан қаралади.

Иккинчиси

Тўрпарданинг қариши. Кўз тўрпардаси ҳужайралари кўришга ёрдам берадиган ёруғликка таъсирчан пигментлардан ташкил топган. Ёш улғайган сари улар йўқола боради ва кўриш қобилияти пасайиб кетади.

Нима қилиш керак? Имкон қадар таркибида А витамини кўп бўлган маҳсулотлар (сабзи, сут, гўшт, балиқ гўшти)дан истеъмол қилиш тавсия этилади. Кўриш пигментларини тиклашга черника ҳам яхши фойда беради.

Учинчиси
Қон айланишининг ёмонлашуви. Инсон организмидаги барча ҳужайралар қон томирлари орқали озиқланади ва нафас олади. Кўз тўрпардаси арзимас қон айланиши бузилишидан ҳам азият кўради. Офтальмологлар кўз тубини текшираётганда ҳам, айнан, шунга жиддий эътибор қаратади. Тўрпардаларда қон айланишининг бузилиши оғир хасталикларга олиб келиши мумкин.

Нима қилиш керак? Тез-тез кўз шифокори кўригидан ўтиб туринг. У қон айланишини яхшилайдиган дори ва препаратларни тайинлайди.

Тўртинчиси
Кўзнинг ҳаддан ташқари зўриқиши. Кўз керагидан ортиқча ёруғликдан ҳам, меъёридан паст ёруғликдан ҳам бирдай кучли зўриқади.

Нима қилиш керак? Аввало, ўта ёруғлик ёки хира ёруғликда ишлашдан тийилиш лозим. Кўчада қуёшга қарши кўзойнак тақиб юриш тавсия этилади. Майда ҳарфли матнларни ўқимаслик ва хира жойда ишламаслик керак. Транспортда ўқиш ҳам жуда зарарли. Нотекис ёруғлик ва чайқалиш кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади.

Бешинчиси

Кўз шилимшиғининг қуруқшаб қолиши. Тасвирларни аниқ-тиниқ кўришда кўз шилимшиғининг тозалиги жуда муҳим. Негаки, ундан буюмлардан қайтган, синган ёруғлик ўтади. У эса ёш суюқлиги билан ювиб турилади. Шу боис кўзлар қуруқшаб қолганда кўриш ёмонлашади.

Нима қилиш керак? Кўзлардан бир-бир ёш келиб туриши фойдали ва табиий. Айримлар пиёз тўғраб, кўзларни ёшлантиради, баъзилар томизғи дорилардан фойдаланади. Ҳар иккала ҳолат ҳам яхши наф беради.

Манба: Od-press.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Кўзингиз хиралашишининг 5 та асосий сабаби