Янги келган ёшгина Гули исмли қиз хона тўрида атрофдагиларни пайқамаётгандек бир қиёфада ўтирган аёлга қараб-қараб қўйди. Чунки хонада аёл билан Гулидан бошқа яна бешта қиз бўлиб, уларнинг ҳар бири битта компьютер олдида тақсимчалардаги ширинликлардан тотиниб, чой ҳўплашар, фақат ёшига номуносиб ҳолда тор шим ва кофта кийиб, кийимига ярашмаган алфозда шода-шода маржон таққан аёл — Сапура опанинг олди бўш эди. Хонадаги ҳеч кимдан ҳеч қандай садо чиқмаса ҳам, Гули ўзига аталган ширинликдан олиб, чой ичишга ўша аёлдан хижолат бўлди. Ўрнидан туриб Сапура опанинг ёнига борди-да, бошқаларнинг диққатини тортмайдиган пастроқ овозда:
— Опа, сизгаям қаҳва дамлаб берайми? — деб сўради.
Боядан бери қараган кўзга қўли ишда бўлса-да, нигоҳи, хаёли узоқ-узоқларда кезиб юргандек таассурот қолдирадиган Сапура опа Гулининг тавозе билан кўрсатган илтифотига кескин бош чайқади.
Гули ноқулай бир аҳволга тушди-да, жойига бориб, ишига уннади.
Кимдир томоқ қирди, кимдир «пиқ» этиб кулди.
— Нима, биров маймун ўйнатяптими? Ё беиш зерикиб қолдиларингми? — Сапура опанинг йўғон, гулдираган овози Гулини сескантиргандек бўлди.
«Бу аёлдан йироқроқ юрганим дуруст, шекилли. Ўзига яраша феъли борга ўхшаяпти», деб ўйлади Гули. Дарҳақиқат, Сапура опа чеккани ташқарига чиқиб кетганида, ҳамхоналар ўша аёлнинг Гулига ғалати кўринган феълини бирпасда достон қилиб таърифлаб беришди:
— Гулижон, сизни тушундик. Ёши улуғ деб Сапура опага илтифот кўрсатдингиз. Лекин у киши фақат ишхонамизда эмас, бутун дунёда ягона нусхадаги шахс. «Ҳар ким ўз юкини ўзи кўтариб яшаши керак. Ҳеч ким ўзидан ўзгага заррача оғирлигини туширмаслиги шарт», деган шиор билан яшайди. Биз уларнинг ҳаёт тарзига ўрганиб қолганмиз, сиз ҳам энди кўникасиз.
— Ахир опамиз саҳрода яшамайди-ку. Қанақа қилиб тумонат одам ичида ҳеч кимнинг оғирини олмай, ҳеч кимга оғирини солмай яшаш мумкин? — Гули ажабланиб сўради.
— Мумкин экан-да, — хонадаги аёллар гапни келган жойидан илиб кетишди. — Сапура опа турмуш ҳам қурмаган, фарзанд ҳам кўрмаган.
— Роса қизиқ экан-ку! Бундай феъл-атворли кишилар, аслида, шахс эмас, худбин дейилса керак…
— Жим-м… — Гулига гапини давом эттиришга қўймади бошқа бир ҳамхонаси.
— Яхшиси, сиз бу аёлни борича қабул қилинг. Ҳатто юраги ёмон бўлиб, ранги бўздек оқариб кетганида ҳам. Бекор дилингиз оғригани қолади.
Шу пайт Сапура опа эшикдан кириб келди-ю, ҳамма компьютер устига энгашди.
* * *
Бировни гапириш, бировнинг феъл-атворини муҳокама қилиш осон. Лекин уни умрнинг шу бекатига қандай йўллар, қайси сўқмоқлар олиб келди, бу ҳақда кўпинча фикр юритмаймиз. Ўзгаларнинг ўзи тараф чўзилган ёрдам қўлларини «Мен… Ўзим…», дея қайтариш, қўл орқага қайтмай, яна чўзилаверса, кескин силтаб ташлашдек қалтис одатлар билан бирга дунёга келмагандик-ку. Сапура опанинг ўзи ҳам бу сўқмоқлар, бу йўллар ҳақида деярли эслагиси келмайди. Баъзан-баъзан нима муносабат биландир эслаб қолса, ўй-кечинмасининг боши мактабга бориб тақалади.
Тўртинчи синфлар эди чамаси. Синф раҳбари ўз ўқувчиларини уч гуруҳга бўлди. Ҳар бир звенодаги ўқувчилар бир-бири учун жавоб беради. Агар кимдир ўқувчи одобига тўғри келмайдиган иш қилиб қўйса ё паст баҳога ўзлаштирса, ўша звено ҳеч қачон илғор бўла олмайди. Улар ғолибларга тақдим қилинадиган байроқчага эга чиқмайди. Шунданми иккала звенодаги (Сапураларинг звеноси ўртада эди) аълочилар пастроқ ўқийдиган синфдошлари учун жон куйдира бошлади. Ҳар куни уларнинг дарсларини текширишар, ёзма ишларини кўчиртиришарди. Дарсда жавоб бериш учун чиқса, варақларига саволлар жавобини ёзиб кўрсатишар, шивирлаб, «жонли шпаргалка»ларга айланишарди. Сапурага эса бу ёлғон ёқмас, жону дили билан звенодаги барча ўқувчи аълочи бўла олмаслигини исботлашга уринарди.
Синфдошлари Сапуранинг қайсарлиги боис байроқчага эга бўла олмагани, ҳадеб учинчи ўринни олаверишгани учун уни айблашар, ўқитувчисига:
— Сапурани бизнинг звенодан чиқариб юборинг, — дея нолишарди.
Ўқитувчиси Сапурани гоҳ биринчи, гоҳ учинчи звенога олди. Ахийри Сапурани яккалашди.
Аслида, баъзи бир болалик феъл-атворлари, айниқса, ўсмирлик фазилатлари одам билан бирга узоқ вақт қолмайди. Ўзгаради. Лекин Сапура опанинг «мен»и йиллар ўтган сари ўзи билан бирга улғайди.
Сапуранинг «Мен… Ўзим…»ини улканлаштириб юборган сабаблардан бири айнан муҳаббат ёши билан ҳам боғлиқ эди.
У пайтда Сапура институтнинг биринчи курсида ўқирди. Сапура жуда тиришқоқ, бошқа ёшларга ўхшаб ўйин-кулгиларга аралашмади ҳам. Абитуриентлигидан буён ўрталарида илиқлик уйғонган, бир-бирини кўрганида юзи қизариб, юраги уриб кетадиган йигит — тўртинчи курс Толибжон исмли факультетдоши Сапурага:
— Мен сизни жамоатчи, аълочи талаба сифатида юқори стипендияга тавсия қилдим. Ахир яқинда турмуш қурамиз, даромадимиз кўп бўлса, яхши эмасми? — деб қўшиб қўйди.
— Кимга тавсия қилдингиз? Ким мени стипендиат қилиб берар экан? — Сапура бироз киноя билан сўради.
— Яқин ўртоғим ёшлар ташкилотидаги раҳбарлардан бири. Шундай, шундай режамиз бор, ўзи аълочи қиз, деб тавсия қилсам «Жамоатчилик ишларида ҳам фаол қатнашиб турсин, қандайдир ташаббуслар билан ўзини кўрсатиши керак», деди.
Ҳар қандай сохталик, ҳар қандай нотабииийликни мутлақо ёқтирмайдиган Сапура учун бу таклиф ўта ёқимсиздек туюлди. Шунинг учун Толибжон билан ади-бади айтишиб ўтирмади-да, у билан алоқани узиб қўя қолди. Аввал Сапуранинг тўнини тескари кийиб юрганининг сабабини тушунолмай олдига келиб-кетиб юрган Толибжон ҳам кимларгадир «Ўзи ғалатироқ қиз эди. Гулдай чиройли, феълига кўра эрсиз қолиб кетмасин, деб у билан гаплашиб юргандим. Энди нимага ноз қиляпти, билмадим. Ажралишсак ажралишаверамиз, ўзига қийин бўлади», деган экан.
Айтилган гап айтилган жойда қолармиди? Сапуранинг қулоғига етди-ю, шу билан қиз Толибжон тарафга бошқа қайрилиб қарамади. Фақат Толибжондан эмас, барча эркак зотидан кўнгли қолди. «Нимага эришсам, ўзим эришаман, ҳеч ким менинг тақдиримга аралаша олмайди. Ҳеч қачон ҳеч қайси жиҳатдан бировга қарам бўлмайман», деган аҳди яна ҳам қатъийлашди.
Йиллар ўтди, қийналган чоғларида ҳали ўз аҳдида собит эканидан, бировга ялинмай, бировга ялтоқланмай ўз ақли, шуури, куч-қуввати билан кун кўриб келаётганидан фахрланар, ўзига ҳурмати ошарди. Аммо бир гал…
* * *
Ўшанда у хасталаниб касалхонага тушди. Биринчи бор юраги санчди. Оғриғи юрак соҳасига эмас, бутун вужудига сезилди. Шифохонада уни даволаган аёл — Гулнора Шерматовна:
— Сиз ҳаёт тарзингизни ўзгартиришингиз керак. Ўзингизни-ўзингизга яшириб, қулфлаб яшар экансиз. Сизни безовта қилаётган оғриқ сарфланмаган аёллик ва оналик меҳри, — деди.
Бу пайтга келиб у ёш жиҳатдан «опа»лик поғонасига қадам қўя бошлаган эди. Докторнинг гапларини ўз тамойилига қарама-қарши аста-секинлик билан «ҳазм» қилишга киришган кунларида ўша шифокорнинг ўзи кутилмаган бир таклиф айтди:
— Менинг сиздан икки-уч ёш катта укам бор. Ўзи спорт мактабида мураббийлик қилади. Уч йил бўлди хотини вафот этди. Ўғилчаси билан қолди. Агар рози бўлсангиз, сизни укам билан таништириб қўярдим. Агар бир-бирингизга тўғри келиб, юлдузингиз юлдузингизга тушса, бир оила бўлиб кетармидингиз!
Сапура опа келажакдаги ёлғизликни тасаввур қилиб кўрдими, ҳар ҳолда, Гулнора Шерматовнанинг бева укаси билан танишмоқчи бўлди. Аммо эркак илк танишувдаёқ Сапура опага «Жамиятда яшайсизми, унинг қонун-қоидаларига бўйсунишингиз керак. Бўлмаса, одамлар сизни телбага чиқаришади», деди.
Сапура опага эркакнинг ўғилчаси ёқиб қолган эди. Сочлари қўнғироқ, кўзлари мовий бола… Йўқ, Сапура опа ўзининг ҳаётий тамойилларини ўша болага ҳам қурбон қила олмади.
«Мен ҳеч кимга боғланиб яшамайман», деди.
* * *
Гули бу хонага кириб келганидан сўнг эҳтимол, Сапура опа ўз кечмишини ўйламагандир. Кўксида ўқтин-ўқтин уйғонадиган оғриқ ўйлашга халақит бергандир. Бу оғриқнинг босилмагани, аксинча, баттар кучайгани Сапура опани ҳийлагина безовта қила бошлади.
… Сапура опа ўрнидан туриб, сув ичмоқчи бўлди. Икки қадам юрди-да, бир-икки бор гандираклади. Аёллар «Сапура опага эътибор берманг», деб шунча уқтиришганига қарамай, Гули:
— Сизга нима бўляпти? — дея бақириб юборди.
* * *
Ҳеч ким «Бу аёл одамларга қўшилмасди», демади. Маҳалла-кўй, ишхона барча урф-одатларни бекаму кўст бажариб, марҳумани сўнгги йўлга кузатишди.
«Эҳ, Сапура опа, Сапура опа, ахир бир осмон ости, бир замин устида яшаб, қанақа қилиб инсон инсонга муҳтож бўлмасин? Тириклигида, эҳтимол, жуда иродали, жуда кучли бўлса, ўзини-ўзи эплар, лекин жони чин дунёга равона бўлгач, ўзи-ўзига гўр қазиб, ўзини-ўзи кўма олмайди-ку. Гуноҳкор бандангни кечир, Аллоҳим!»
Бу гапни ким айтди, ким нола қилди, билмадим-у, лекин бу гап «Мен ўзим…» тамойили билан яшаётганларга қарата отилган тош эди.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди