07:43 / 30.01.2022
1 567

Товонлар ёрилишининг 8 та асосий сабаби

Товонлар ёрилишининг 8 та асосий сабаби
Фото: Getty Images
Товонларнинг ёрилиши бир нечта омиллар туфайли юзага келиши мумкин. Ёриқлар пайдо бўлишига олиб келадиган эпителийнинг дағаллашуви нима сабабдан юзага келади?

Қўзиқорин инфекцияси
Бу товоннинг ёрилишининг энг кенг тарқалган сабабларидан биридир. Биринчи белгилардан бири — терининг қуриши. Бу даврда кўпчилик нима содир бўлаётганига эътибор бермайди, чунки қичишиш ва бошқа ноқулайликлар кузатилмайди. Аммо ўз вақтида чоралар кўрилмаса, қўзиқорин нафақат товонларнинг оғриқли ёрилишига олиб келиши мумкин, балки даволаш анча қийин бўлган оёқ тирноқларини ҳам зарарлаши мумкин.

Қўзиқорин инфекциясининг ривожланишига нима сабаб бўлади?
Сабаблари турлича бўлиши мумкин, масалан, синтетик материаллардан тайёрланган пойабзал ва пайпоқ, тоза бўлмаган жойларда ялангоёқ юриш, бировнинг пойабзалини кийиш, жамоат ҳаммомлари ва бассейнларига бориш, гигиена қоидаларига риоя қилмаслик. Кўпинча, спорт билан фаол шуғулланадиганлар товонларнинг ёрилишидан азият чекади. Бунинг асосий сабаби синтетик материаллардан тайёрланган пойабзал кийиш, терлаш ва оёқларнинг жуда кўп зўриқишидир.

Сувсизланиш
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега қишда товонлар кўпинча юмшоқ ва силлиқ бўлади, лекин иссиқ ҳавода улар ёрилиб кетади? Сабаби ёзги пойабзалда тери тезроқ сувсизланади. Ёши катталарда терининг сувсизланиши табиий жараёнга айланади ва махсус намлантирувчи воситалардан фойдаланиш талаб этилади.

Баланд пошнали ва тор пойабзал
Баланд пошналар кўплаб тиббий муаммоларга, жумладан, товон ёрилишига сабаб бўлади. Қаттиқ пойабзал ҳам худди шундай таъсир кўрсатади. Гап шундаки, бундай ҳолатда оёқлар кучли зўриқишга дучор бўлади, бу эса терининг қўполлашишига ва унинг ёрилишига олиб келади.

Қуёш нури
Қуёшдан ҳимоя қилувчи косметикани юз ва танага қўллашда оёқ ҳамда товонларни унутмаслик лозим. Қуёш нурлари нафақат сувсизланишга, балки товонларнинг ёрилишига ҳам олиб келиши мумкин.

Оёқларнинг нотўғри парвариши
Оёқ ва товон териси доимий равишда янгиланади, вақти-вақти билан ўлик ҳужайраларни рад этади. Юзни доим тозалаб, крем суртилганидек, оёқларни ҳам парвариш қилиш керак. Ўлик эпителийни мулойимлик билан тозалаб, сўнгра товон ва оёқларга намлантирувчи восита суртиш лозим.

Витамин етишмаслиги
Витамин етишмовчилиги товонларнинг ёрилишига, терининг кўринишини ёмонлашишига ва унинг тузилишини бузишига олиб келиши мумкин.

Ортиқча вазн
Тана оғирлиги жуда катта бўлган одамларда товонлар тез ёрилиб кетади, чунки бутун организмнинг босими оёқларга, аниқроғи товонга тушади.

Касалликлар
Товонлардаги ёриқлар варикоз томирлари, қалқонсимон без патологиялари, буйрак етишмовчилиги, тери касалликлари (псориаз, ихтиоз, нейродерматит, экзема), қандли диабет туфайли ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Товон ёрилишидан қандай қутулиш мумкин?
Агар шифокор ёриқларни келтириб чиқарадиган касалликларни аниқламаган бўлса, оёқларни тўғри парвариш қилиш керак, хусусан:
- рационга ёғ кислоталари ва омега-3 га бой маҳсулотларни қўшиш;
- ҳар куни етарли миқдорда сув ичиш;
- товонлардаги эпителийни махсус воситалар билан мунтазам равишда тозалаш;
- оёқларни махсус скраб билан тозалаш;
- оёқларни иссиқ сув билан ювишдан сақланиш;
- махсус оёқ пилингларидан фойдаланиш;
- оёқларга намлантирувчи крем суртиш;
- ўлчамга мос юқори сифатли пойабзалларни кийиш ва синтетик пайпоқлардан воз кечиш лозим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Товонлар ёрилишининг 8 та асосий сабаби