Фото: Shutterstock
Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули биринчи фарзанди учун – барча аёлларга, иккинчи фарзанди учун – фарзанд туғилган пайтда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади. Қолган барча ҳолатларда нафақа тўланмайдиган бўлди.
Ҳозирда бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа меҳнатга ҳам тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи (ҳозирда 738 150 сўм)га тенг.
Суюнчи пулининг барча аёлларга эмас, фақат ижтимоий ҳимоя реестридагиларга берилиши кўпчиликнинг, жумладан, хотин-қизларнинг эътирозларига сабаб бўляпти. Бола учун ажратиладиган унча катта бўлмаган миқдордаги тежаб қолинган бир марталик нафақанинг нима мақсадда сарфланиши ҳам ҳозирча савол остида.
“Албатта, аёл сифатида, она сифатида ва фуқаро сифатида бу қарор мени хурсанд қилмади. Биз аёллар учун ҳамма фарзандимиз бирдек — 9 ой кўтариб, ўн соатлаб дард чекиб туғилади ва бир хилда машаққат билан катта қилинади. Эртага улар катта бўлса, оилада нечанчи бўлиб туғилганидан қатъи назар, шу ватан олдида тенг ҳуқуқли ва мажбуриятли бўлади. Афсуски, аксар қисми эркаклардан иборат қарор қабул қилувчиларимиз бошқача ўйлашади шекилли”, деб ёзди блогер Шаҳноза Соатова.
Собиқ депутат, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев фикрича, бу аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш сиёсатига мутлақо зид ҳаракат.
Иқтисодчи Отабек Бакиров “суюнчи пули”дан тежалган пуллар нимага сарфланиши ҳақидаги саволни ўртага ташлади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилганлар ва реестрга киритилган аёлларнинг туғиш статистикаси бўйича бирон бир нормал статистика йўқ.
Лекин ярми ёпиқ ва чала-чулпа демография статистикамизга кўра, жами туғилиш кўрсаткичида биринчи фарзандларнинг улуши 23,7% атрофида. Агар шу пропорцияни ўтган йилги туғилиш сони кўрсаткичига қўлласак, 2023 йилда иккинчи ва кейинги туғилган фарзандлар 734 минг атрофида бўлган, деб тахмин қилиш мумкин.
Тенденцияга кўра бу йил туғилиш умумий сониям, иккинчи ва ундан кейинги туғилган фарзандлар сони ҳам ўсади.
Демак, ҳукумат мазкур бюджет манёвридан 2024 йилда 415 млрд сўмгача тежаб қолади (келаси йилларга иқтисод қилинган маблағ янаям каттароқ кўриниш олади).
Асосий савол шундаки, бу пуллар нимага ва қайси мақсадлар учун ишлатилади? Агар гап аянчли аҳволда қолаётган мактабларга ё касалхоналарга йўналтириш ҳақида кетса, бу битта кейс. Шундай мақсадлар учун мазкур манёврга қўл урилган бўлса, шахсан мен икки қўлим билан қувватлайман.
Лекин бизнинг янги тарихимиз приоритетларидан келиб чиқилса, камбағал ва муҳтожлардан тежалган маблағлар одатда яқин олигархлар чўнтагига ишлайдиган лойиҳалар ёки схемаларга тақсимланиши эҳтимоли кўплиги хавотирга солади”, деб ёзади иқтисодчи.
Қўшни давлатларда “суюнчи пули” борми?
Қўшни Қозоғистонда ҳам бола туғилганда тўланадиган бир марталик нафақа мавжуд. Бу нафақа 2024 йил ҳолатига кўра, биринчи 3 нафар бола учун 140 296 тенгени (3 млн 907 минг сўмни) ташкил қилади. Тўртинчи ва ундан кейинги болалар учун 232 596 тенге (6 млн 477 минг сўм) миқдорида тўланади.
Қозоғистонда туғилганлик нафақаси ва бола парвариши учун тўланадиган тўловлар миқдори кейинги туғиладиган болаларга қараб кўпайиб боради.
Қирғизистонда эса оила даромадидан қатъи назар ҳар бир болага туғилганда бир марталик 4 минг сом (560 минг сўм) миқдорида нафақа берилади. Агар бир вақтнинг ўзида 3 ва ундан ортиқ чақалоқ туғилса, уларнинг ҳар бирига 50 минг сомдан (7 млн сўм) “суюнчи пули” берилади.
Энди оналар камроқ туғадими? – оналар нима дейди?
Бир марта тўланадиган 738 минг сўмлик нафақанинг фақат биринчи фарзандга берилиши ҳақида оналар фикрларини жамладик. Уларнинг аксари давлат томонидан ажратиладиган бу пул миқдорининг ҳаммага тўланмаслиги ўзларига маъқул бўлмаганини билдирди. Баъзилар эса бу пул улар учун унчалик аҳамиятга эга эмаслигини айтди.
“Бу жуда ачинарли ҳолат. Бола пулини тиклаш ўрнига ҳаттоки суюнчи пулини ҳам олишяпти. Мен бу пулга муҳтож эмасман. Аммо ҳамма аёлларнинг мендек қарашадиган ота-онаси, иши, ойлиги йўқ. Ойлик шундай ҳам кам. Икки ёки 3 та фарзанди борлар қийналади”.
“Давлат "суюнчи пули"ни йўқотибди, майли. Лекин ҳар бир туғилган болага худди биринчи синфга чиққандагидек керакли нарсалар олиб бериши керак. Тўлаган солиқларимиз нимага кетяпти?”
“Иккита фарзандим бор, шу вақтгача бирор мартаям бола пули олмаганмиз. Ҳозир ижарада турамиз. Турмуш ўртоғим докторант, илмий иш қиляпти. 0,25 ставкада ишлайди. 300 доллар ижара пули. Ўзим яқинда контракт билан ўқишимни тугатдим. Ҳозирда ёш бола билан ишга чиқмайман. Аммо бизнинг молиявий аҳволимиз яхши экан, шу сабаб бола пули олмас эканмиз. Энди суюнчи пулиям йўқ бўлса, катта раҳмат. Олган суюнчимизни ёнига қўшиб, “раддом”га суюнчи қилиб берардик. Миллионлаб, миллиардлаб пулларни ўз ҳисобига ўзлаштираётганларнинг эмас, бир-икки сўм оладиган оналарнинг пули кўзга кўринибди-да. Оналарга берилган 700 минг сўм билан давлатимиз бойиб, яхши тарафларга ўзгариб, гуллаб-яшнаб кетса, олаверсин”.
Унчалик аҳамиятли эмас деб ҳисоблайман. Барибир она “роддом”далиги пайтида эр ё қайнонаси у пулни ўзлаштириб оларди, кўп ҳолларда она-болага берилмайди.
Биринчи фарзандми, иккинчи фарзандми, ҳар қайсиси туғилганда ҳам пул керак бўлади. Баъзилар учун бу пул аҳамиятли бўлмаслиги мумкин, лекин баъзиларга ўша пул ҳам ҳарна ёрдам эди.
“Ўзбекистонда демографик ўсиш шундоқ ҳам яхши, бола туғилиши танқислиги йўқ. Давлат бераётган пулга қараб қолмасдан фарзанд кўришни режалаштириш керак”.
“Айтган билан ўзгармайди ҳеч нарса. Бола таъминоти ҳақида ўзимиз ўйлаганимиз яхши”.
“Арзимас пул эди, шуниям кўп кўришди, майли, нимаям дердик: пешонамизга берсин”.
“Бу туғишни камайтириш учун бўлса керак”.
“Фарзандим туғилганда туғуруқхонадалигимдаёқ пластик картамга ташлаб беришганди. Шунда “вой, зўр”, дегандим. Энди бу хабар. Ҳеч ким 700 минг сўмга ишониб бола туғмайди. Бу она ва боланинг майда чиқимларига ишлатиладиган сумма эди холос. Бошқа давлатларда бола туғилганда бериладиган имкониятлар ҳақида эшитганда бу янгилик одамни хафа қилади”.
“Тўғри қилишади бермай. Бола пули барибир болага етиб бормайди. Ўзи туғишни ҳам молиявий ҳолатига қараб чеклаш пайти келди. Ишсиз, уйсиз, темир дафтарда туриб 3-4 та туққанлар бор”.
“Бу “суюнчи пули” бекор бўлса, “роддом”га бериладиган “суюнчи пулини ҳам йўқ қилишсин, имконлари бўлса”.
"Бу пул давлат томонидан яна бир ўзбек боласи туғилди, миллатимиз яна биттага кўпайди деган маънода бериладиган суюнчи эди деб ҳисоблайман. Бу пулни аёллар олишлари ва болаларига ишлатиши керак деб ҳисоблайман. Бу пул берилмаслигига бир жамият аёли сифатида қаршиман. Давлат туғилажак болаларимизга эътибор бермаслиги, уларнинг оналарини қўллаб-қувватламаслиги яхши эмас”.
“Бу берилаётган пул билан ҳеч ким бойиб кетмайди, лекин инсон қадри деган нарсалар бор-ку. Фарзанд режалаштиришни ҳам бугунги кунда ҳамма оила ўз шароитидан келиб чиқиб қиляпти. Бу пул билан бола катта бўлиб қолмайди”.
“Эшитиб жаҳлим чиқди. Беришгани яхши эди. Ўзбекистонда оддий оилалар жуда ҳам кўп-ку”.
“Одамларни табақалаштиришни шу жойга ҳам тиқишмаса, яхши бўларди. Бу пул ҳар бир она ва болага берилиши зарур деб ҳисоблайман”.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди