Президент Шавкат Мирзиёев 21 январ куни паррандачиликни ривожлантириш ва яйловлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Бу тармоқлар аҳолини озиқ-овқат хавфсизлиги ва арзонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Сўнгги йиллардаги шароитлар ва лойиҳалар натижасида маҳсулдорлик изчил ошиб бормоқда. Бу суръатни давом эттириб, жорий йилда 1 миллион тонна парранда гўшти, 10 миллиард 500 миллион дона тухум етиштириш мўлжалланган. Экспортни 2 карра ошириб, 180 миллион долларга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Чорвачиликда 1 минг 350 та лойиҳани ишга тушириб, 3 миллион 200 минг тонна гўшт етиштириш, 13 миллион тоннадан зиёд сут олиб, унинг 30 фоизини саноат усулида қайта ишлаш ҳисоб-китоб қилинган.
Тақдимотда ушбу кўрсаткичларга эришиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Масалан, юртимизда гўшт йўналишидаги парранданинг 1-тартибли генетикасини ташкил қилиш бошланган. Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда энди буни тухумчилик бўйича ҳам йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.
Паррандачилик кооперацияси бўйича Андижон, Наманган, Самарқанд ва Хоразмда яхши тажрибалар бор. Бунда ҳам одамлар даромад топаяпти, ҳам паррандачилик корхоналарининг иши юришаяпти.
Масалан, Қўшработ туманидаги “Етти хазина” корхонаси хонадонларга эмланган товуқ, қафас ва ем тарқатиб, тухумини ўзи сотиб олаяпти.
Бундай лойиҳаларни барча вилоятларда қилиб, маҳсулот ва иш ўринларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бунга 50 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.
Вақтинча тўхтаб қолган ёки кам қувватда ишлаётган паррандачилик корхоналарини молиявий соғломлаштириб, фаолиятини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Халқ ризқ-рўзининг яна бир катта манбаи – яйловлар. Лекин уларнинг деярли ярмидан фойдаланилмаяпти. Негаки яйлов ўсимликлари уруғчилиги ривожланмаган, сув иншоотлари ва қудуқлар етишмайди. Бундай майдонларнинг харитаси ва ижараси рақамлаштирилмаган.
Шу боис яйловларни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимига ўтказиш таклиф этилмоқда. “E-yaylov” электрон харитаси ишлаб чиқилиб, ҳар бир майдон ушбу тизимга киритилади. Унда чорва, экин ёки геологияга мўлжалланган жойлар аниқ намоён бўлади.
Бундай майдонлар энг кўп бўлган 7 та вилоятда яйлов хўжаликлари ташкил қилинади. Улар ўрмон хўжаликлари каби яйловларни асраш ва самарали фойдаланишга масъул бўлади. Яйлов хўжаликларидаги ерлар аукцион орқали чорва боқиш, писта, бодом каби кўчатларни экиш учун аҳолига 30 йилга ижарага берилади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, яйловларни деградациядан чиқариш, қўшимча қудуқлар қазиш ва яйлов уруғчилигини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берди.
Бу йил 500 минг гектар яйловда 1 миллион бош қўйни тартибли боқиш бўйича намунавий лойиҳа амалга оширилиши айтилди.
Чорвачилик ва паррандачилик корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Янги лойиҳалар ва кооперация ҳисобига аҳоли бандлигини ошириб, камбағалликни қисқартириш муҳимлиги таъкидланди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар