Маъмурий жавобгарлик кодекси янгидан ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳририни ишлаб чиқиш жараёни бошланмоқда. Президент фармойишига мувофиқ, ушбу муҳим ҳуқуқий ҳужжат устида иш олиб бориш учун Идоралараро комиссия ҳамда Адлия вазирлиги ҳузурида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Янги таҳрирдаги кодекс лойиҳаси 2027 йил 1 апрелга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилиши, шунингдек, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши белгиланган. Шундан сўнг ҳужжат кўриб чиқиш учун Президент Администрациясига киритилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янгилашдан асосий мақсад — амалдаги қоидаларни замонавий ҳаёт талабларига мослаштиришдир. Чунки жамият ўзгармоқда, муносабатлар мураккаблашмоқда, айрим ҳуқуқбузарликлар эса аввалги аҳамиятини йўқотган. Шу билан бирга, янги даврда давлат, жамият, юридик ва жисмоний шахслар манфаатларига хавф туғдирадиган янги ҳолатлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Шу сабабли кодексни қайта кўриб чиқиш жараёнида аҳамияти қолмаган ҳуқуқбузарликлар бекор қилиниши, мавжуд жавобгарлик чоралари эса қайта баҳоланиши кутилмоқда. Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот, фуқаролар ва ташкилотлар манфаатларига таҳдид соладиган ҳаракатлар учун жавобгарлик механизмлари такомиллаштирилади. Зарур ҳолларда янги ҳуқуқбузарлик таркиблари ҳам киритилиши мумкин.
Адлия вазирлигида тузилган ишчи гуруҳга вазирнинг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов раҳбарлик қилади. Ушбу гуруҳ таркибига етакчи мутахассислар, ҳуқуқшунос олимлар ва соҳа экспертларини жалб қилиш имконияти ҳам назарда тутилган. Бу эса янги кодексни фақат идоралар доирасида эмас, балки кенг экспертлик ёндашуви асосида тайёрлашга хизмат қилади.
Янги МЖтКни ишлаб чиқишда илғор халқаро тажриба, умумэътироф этилган ҳуқуқий норма ва стандартлар ўрганилади. Бу муҳим жиҳат. Чунки ҳуқуқий тизим қанчалик замонавий ва адолатли бўлса, фуқароларнинг қонунга ишончи ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.
Шунингдек, жараёнда илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда хорижий экспертларни жалб қилиш режалаштирилган. Улар иштирокида учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманлари ўтказилади. Бу эса кодекс лойиҳаси очиқлик ва муҳокама асосида шаклланишига замин яратади.
Маъмурий жавобгарлик кодекси кундалик ҳаётда фуқаролар энг кўп дуч келадиган ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Йўл ҳаракати, жамоат тартиби, тадбиркорлик, экология, санитария, давлат хизматлари ва бошқа кўплаб соҳалардаги маъмурий жавобгарлик айнан шу кодекс орқали тартибга солинади.
Шу боис унинг янгиланиши жамият учун катта аҳамиятга эга. Агар кодекс аниқ, адолатли ва замонавий талабларга мос ишлаб чиқилса, у фуқаролар учун тушунарли, давлат органлари учун самарали, ҳуқуқ-тартибот учун эса мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Қисқаси, қонун ҳам “апдейт”га муҳтож — фақат бу сафар версия ҳақиқатан ҳам халққа қулай бўлиши керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!