
2 май куни Урганч туманида президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Қайд қилинишича, вилоятда камбағаллик даражаси 12 фоиз атрофида, 45 минг фуқаро ишсиз. Шунинг учун ҳокимлар ва ўринбосарлари ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, янги иш ўринлари яратиши, саноат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги, экспорт салоҳиятини янада ошириши зарурлиги айтилди.
Давлат раҳбари бу соҳалардаги имкониятлар ва уларни ишга солиш чораларини кўрсатиб ўтди. Масалан, туризм экспорти салоҳияти 10 миллиард доллар бўлса, шунинг 2 миллиард доллари айнан Хоразмга тўғри келади. Афсуски, бу тўлиқ ишга солинмаяпти.
Вилоят бўйича 263 та маданий мерос обидаси мавжуд. Тадбиркорлар билан ҳамкорликда улар туристик масканга айлантирилса, қўшимча даромад ва иш ўринлари бўлади. Шунингдек, чет элдан тажрибали археологларни жалб қилиб, тарихий жойларни аниқлаш ва тиклашга маблағ ажратилади.
Хоразмда 40 дан ортиқ ҳунармандчилик йўналишлари ривожланган бўлиб, сайёҳлар маҳсулот тайёрлаш жараёнига ҳам қизиқади.
Туризмда овқатланиш жойлари жуда муҳим. Президент миллий таомларни чет элларда танитаётган рестораторларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Хорижда ўзбек ресторанлари ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва иш юритиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми қоплаб берилиши белгиланди.

Меҳмон ўринлари ва транспорт қатновларини кўпайтириш, янги кўнгилочар ва тематик масканлар барпо этиш, гид ва официантлар тайёрлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Умуман, бу йил жами 200 миллион долларлик 91 та лойиҳани бажариш, туризм ва хизматлар соҳасида 100 мингта иш ўрни очиш вазифаси қўйилди. 2 миллион хорижий ва 10 миллион маҳаллий сайёҳ жалб қилиб, туризм экспортини 700 миллион доллардан ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Иқтисодиёт соҳасида ҳам имконият кўп. Бу йил Хоразмда камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 60 триллион сўмдан ошириш кўзда тутилган. 265 минг аҳолини банд қилиб, 104 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиш мўлжалланган.
Масалан, хусусийлаштириш дастурига асосан 2025 йилда вилоятда 41 та давлат биноси, 350 гектар ер участкаси савдога қўйилаяпти. Бу хизмат кўрсатиш, туризм ва ишлаб чиқариш соҳалари учун катта имконият.
Сўнгги саккиз йилда Хоразмда мебель саноати 3 карра ўсди. Хонқадаги 10 гектар ерда мебелчилик зонаси ташкил этилди. Бу тармоқни янада ривожлантириш учун хориждан дизайнер, маркетолог, инженер-технолог олиб келинади. Умуман, бу соҳага қўшимча туртки бериш учун махсус дастур тайёрлаш топшириғи берилди.
Ҳозир жаҳондаги мураккаб шароитда инновация ва инвестиция жалб қилган давлат ютаяпти. Бу борада Хоразмда ҳам режалар улкан. Жумладан, бу йил 900 миллион долларлик 12 та йирик, 480 та ҳудудий лойиҳа ишга туширилади. 65 турдаги маҳсулот, 5 турдаги ускуна ишлаб чиқарилиб, маҳаллийлаштириш ҳажми 1,7 триллион сўмга етказилади. 1,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, 510 миллион долларлик экспорт қилинади.
Масалан, Қўшкўпир туманидаги 175 гектарда «Ўзбекистон – Хитой технопарки» ташкил қилинмоқда. У ерда 1 миллиард долларлик 16 та инвестиция лойиҳалари бўлади.
Тупроққалъада 10 миллиард долларлик газ-кимё мажмуасининг биринчи босқичи бошланади. Унда йилига 2 миллион тонна 14 турдаги юқори қўшилган қийматли базавий полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Хоразмдаги 663 та қурилиш материаллари корхонаси бўлиб, вилоятнинг драйвер тармоқларидан бирига айланди. Энди уларнинг маҳсулотлари сотилиши молиявий чоралар орқали қўллаб-қувватланади. Тармоқда 100 миллион долларлик яна 40 та лойиҳа бошланади.
Словакия компанияси томонидан Тупроққалъа туманида 170 миллион доллар ҳисобидан рапс ўсимлиги етиштириш ва ундан биоэтанол ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги тармоқларида 60 миллион долларлик 56 та лойиҳа ишга туширилади. 3 минг 400 гектар ер қайта фойдаланишга киритилади. 1 минг 200 гектар саноатлашган мевали боғлар ташкил қилинади.
Австриянинг «Бауэр» компанияси билан Хоразмда 7,5 минг гектарда ёмғирлаб суғоришни жорий қилиш режалаштирилган. Бунда фермерларга шундай техникалар тайёр ўрнатилиб, лизинг асосида сўмда йиллик 2,5 фоиз ставкада 10 йил муддатга берилади.
Хоразмлик фермерлар таннархни тушириш учун изланиб, тракторга замонавий «автопилот» ўрнатган. Натижада чигит тўлиқ аниқликда экилади, сифат ошади. Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит берилиши қайд этилди.
Вилоятда экин майдонига сув чиқариш осон эмас. Республикадаги насосларнинг 21 фоизи шу ерда жойлашган. Уларга қуёш панели ўрнатиб, электр харажатини иқтисод қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Балиқчиликни ривожлантириш, сутни қайта ишлаш, далаларда қўшимча маҳсулотлар етиштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида бунёдкорлик ишлари ҳам режалаштирилган. Жумладан, бу йил 7 минг хонадонли 200 та кўп қаватли уй қурилади, 1,5 минг километр йўл ва 20 та кўприк таъмирланади. Бу соҳада 20 минг нафар аҳоли иш билан таъминланади.
Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилди. Тиббиёт масканлари ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини кўпайтириб, аҳолини соғломлаштириш, техникум ва олийгоҳ талабаларини дуал таълимга қамраб олиш, ёшларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда белгиланган чора-тадбирларни бажариш режалари юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.
Хоразм вилоятиТуризм ривожиИқтисодиёт ўсишиМаданий меросИнвестиция лойиҳалариХалқ фаровонлиги Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар