
Сўнгги йилларда дунё иқлимидаги кескин ўзгаришлар нафақат инсон ҳаётига, балки иқтисод ва қишлоқ хўжалигига ҳам таъсирини ўтказмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда қиш мавсумининг қуруқ ва ёғингарчиликсиз кечиши фермерлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабли, келгуси ойлар учун узоқ муддатли об-ҳаво прогнозлари катта қизиқиш билан кутилмоқда.
Яқинда Қозоғистон гидрометеорология хизмати — “Казгидромет” 2025 йил ноябридан 2026 йил март ойигача бўлган давр учун ўз маълумотларини эълон қилди. Унга кўра, ноябр ойида мамлакатнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати меъёрдан тахминан 1 даража юқори бўлиши кутиляпти. Ёғингарчилик миқдори шимол ва ғарб ҳудудларида меъёрдан ортиқ бўлади, асосан қор кўринишида ёғиши айтилган. Ой охирига бориб эса айрим минтақаларда ҳаво ҳарорати минус 20 даражагача пасайиши эҳтимол қилинган.
Қозоқ мутахассислари декабрни нисбатан илиқ ой бўлиши, аммо ёғингарчилик республика бўйлаб камайиши билан тавсифламоқда. Январда ҳарорат меъёр даражасида бўлиши, шарқий ҳудудларда эса совуқ кунлар кузатилиши мумкин. Февраль энг илиқ ой бўлиши кутилаётган бўлиб, ҳарорат меъёрдан 1–2 даража юқори бўлади. Ғарбий вилоятларда қуруқ об-ҳаво устунлик қилиши мумкин. Март ойи эса баҳорни илиқ ва нисбатан барқарор ҳарорат билан бошлаши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон гидрометеорология хизмати агентлиги — “Ўзгидромет” ҳали қиш мавсуми учун узоқ муддатли прогнозни эълон қилмаганини маълум қилди. Агентлик матбуот котиби Нигора Тошхўжаева “Дарё” нашрига берган изоҳида шундай деди:
Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов эса илгари ўз чиқишида шундай деган эди: қишнинг қуруқ келиши эҳтимоли юқори, бу эса 2026 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида оғир синовли давр бўлиши мумкинлигидан дарак бермоқда.
Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгариши шароитида ҳар бир давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам, ёғингарчилик режимидаги кескин ўзгаришларга тайёр бўлиши ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича янги чоралар кўриши зарур.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!