Ўзбекистонда сув ресурсларини ўзаро мувозанатли бошқариш, улардан самарали фойдаланиш ва муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар янги даражага кўтарилди. Бундан кўзланган мақсад, сувни бошқариш ва ирригация соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўлиб, бунинг учун алоҳида дастур ҳам тасдиқланди. Президентнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган "Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш" дастури (ПҚ–250-сон, 15.08.2025 й.) қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги сув манбаларига бўлган эҳтиёжни қондириш ва ишлаб чиқариш тизимини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Бу дастур ижроси орқали, ирригация тармоқларининг 2 551 км бўлган қисмини қайта тиклаш мақсади қўйилган. Ушбу мақсадларга эришиш учун ҳар йили Давлат бюджети томонидан 1,3 трлн сўм ажратиш ҳамда халқаро молиявий институтлардан 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар жалб этиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, ирригация тизимини такомиллаштириш учун махсус чоралар қабул қилинмоқда. Суғориладиган ерлар миқдорини камайтириш ҳам дастурнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда сув таъминоти етарли бўлмаган ҳудудлардаги суғориладиган майдонлар ҳажмини 424 минг гектардан 276 минг гектаргача қисқартириш кўзда тутилган.
Қарорда шунингдек, 2025 йил охиригача 15 та насос станциясини қуёш панеллари ва энергия тежамкор қурилмалар билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширишга қарор қилинди. Бу лойиҳалар суғориш тизимини фаоллаштириш ва энергия сарфини камайтиришга ёрдам беради.
Сув ресурсларини оқилона бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш бўйича мамлакатдаги катта ислоҳотлар янги имкониятлар яратиб, иқтисодиётга қўшимча фойда олиб келади. Ушбу чоралар нафақат сув ресурсларини сақлаш, балки келажакда барқарор деҳқончилик ва агросаноат соҳаларини ривожлантиришга ҳам катта таъсир кўрсатади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!