23:00 / 27.01.2017
7 766

Муаммолар муаммоси: нақд пул масаласидаги ялтироқ фикрларга очиқ муносабат

Муаммолар муаммоси: нақд пул масаласидаги ялтироқ фикрларга очиқ муносабат

Сўнгги пайтларда интернет-манбалар ва ижтимоий тармоқларда республикамизда нақд пул муаммосини ҳал қилишнинг турли йўллари ҳақида таклифлар фаол муҳокама қилинмоқда. Бу хабарлар орасида “2017 йил охиригача 1000 дона банкомат ўрнатамиз”, “тадбиркорлар учун терминал ижара ҳақини камайтирамиз”, “аҳоли ўртасида электрон пул ўтказмалри учун хизмат ҳақини камайтирамиз» каби таклифларнинг гувоҳи бўляпмиз. Мазкур таклифлар юзасидан мен ҳам ўз фикрларимни айтиб ўтмоқчи эдим.

Муаммонинг ечимини муҳокама қилишдан олдин, энг аввало, муаммо нимадан иборат, деган саволга жавоб топишга уриниб кўрайлик. Кўриниб турибдики, бугунги кунда республикамизда нақд пулнинг тўлов қобилияти, яъни у ёки бу товар ёки хизматларни сотиб олиш имконияти нақд бўлмаган (корхоналарнинг ёки фуқароларнинг банкдаги ҳисобварақларидаги /пластик карточкалардаги маблағлар) пулларга нисбатан юқорироқ, ўрта ҳисобда тафовут 15-30%ни ташкил қилади. Шундай экан, ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай савдо муносабатларида нақд пул нақдсиз пулга нисбатан устуворроқ, кучлироқ, ва демак, маъқулроқ деб қаралмоқда.

Энди шу муаммонинг сабабларига назар ташлайлик. Аҳолининг нақд пулга нисбатан мойиллигини олиб қарайдиган бўлсак, бу мойиллик қуйидаги сабаблар туфайли шаклланади:

1. Турли товарлар, айниқса, маиший техника, мебель каби қимматбаҳо товарларни сотиб олинаётган вақтда, нақд пул тўлаш эвазига товарларни арзонроқ сотиб олиш мумкин (сабабини қуйида қаранг).
2. Жамғармаларни сақлаш учун энг мақбул ва деярли ягона йўл – миллий валютани эркин конвертация қилинадиган валютага айирбошлаш бўлиб қолган, чунки валютани сақлаш осон, ҳажми кичик, зарур вақтида дарҳол тўлов учун фойдаланса бўлади ва энг асосийси, валюталар курсининг йилдан-йилга, ойдан-ойга ўсиб бориши жамғармаларни инфляциядан қисман бўлсада сақлаш имконини беради. Банк омонатлари, ҳатто ўта юқори фоизли омонатлар ҳам, яна ўша нақдлаштириш муаммосининг мавжудлиги, пулни банкдан қайтариб олаётганда 15-20% йўқотиш хавфи туфайли, валютага нисбатан рақобатга чидамайди.

Демак, фуқаролар томонидан нақд пулга эҳтиёжни камайтириш учун мана шу икки сабабни бартараф этиш лозим, яъни:
˗ сотувчилар томонидан нақд пулга мойилликни бартараф қилиш орқали савдо муносабатларида нақд ва нақдсиз тўловларнинг ҳақиқий тенглиги учун иқтисодий асос яратиш (маъмурий чоралар неча йилдирки, иш бермаяпти)
ва
˗ аҳоли жамғармалари учун чет эл валютасидан бошқа, нақдлаштириш муаммосидан холис янги инструментлар яратиш (масалан, қимматбаҳо металлар, облигациялар ва ҳ.к.).


Ҳўш, энди тадбиркорларни олиб қарайдиган бўлсак, савдо муносабатларида товарларнинг сотувчилари томонидан нақд пулга нисбатан бундай кучли эҳтиёж нега юзага келади? Тадбиркорга нақд пул қуйидаги мақсадлар учун керак:

1. Турли товарлар, айниқса, халқ истеъмоли моллари, шунингдек, хом ашё, ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа зарур товарларни импорт қилиш учун чет эл валютасини “қора бозордан” сотиб олиш. Давлат курсидаги чет эл валютасининг танқислиги, бозор курсида эса валютани сотиб олишнинг қонуний асослари йўқлиги учун тадбиркорлар валютани “қора бозордан” фақатгина нақд сўмга сотиб олишга мажбур. Шундай экан нафақат савдо соҳаси, ҳатто ишлаб чиқариш соҳасида ҳам нақд пул тушумларини ташкил қилишга катта эътибор қаратилади. Бу эътибор, ўз навбатида, харидор (воситачилар, дўконлар ва аҳоли) учун нақд пул тўлови вақтида қўшимча имтиёзларни келтириб чиқаради (юқорида бу ҳақда фикр юритган эдик).
2. Сотилаётган товарларнинг муайян миқдорини тегишли солиқ ва божхона ҳисобидан ўтказмай, ноқонуний сотиш ҳолатлари. Албатта, бундай товарлар учун тўлов фақат нақд кўринишда ўтказилиши мумкин.
3. Турли хил текширувчи ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари билан “муомала” қилиш учун.

Демак, тадбиркорлар томонидан нақд пулга эҳтиёжни камайтириш учун мана шу уч сабабни бартараф этиш лозим, яъни:

˗ юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар учун чет эл валютасини эркин курсда, банкдан пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш имкониятини яратиш (бу йўналишда муайян ишлар бошлангани ҳақида хабарлар мавжуд);

˗ “сояки иқтисодиёт”, яъни ҳисобга олинмаган товарлар савдоси ҳажмини камайтириш йўлида ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий чоралар кўриш;

˗ коррупцияга қарши кураш, “муомала”ларга барҳам бериш (Президентимиз бу ўринда аниқ вазифалар белгилаб бердилар).


Мана шу вазифаларни комплекс равишда ҳал этмасдан туриб, нақд ва нақдсиз пуллар ўртасидаги тафовут, ва шу тафовутга асосланган муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Банк кассасида ўзи нақд пул бўлмаса, банкомат ўрнатган билан нима фойда? Чанг босиб тураверади-да… Тадбиркор терминалдан тўлов ўтказишда манфаатдор бўлмаса, терминални унга текинга берсангиз ҳам бефойда, демак, ижара нархини камайтирган билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Президентимиз ўз маърузаларида таъкидлаганларидек, янги қонунлар, норматив ҳужжатлар яратилаётганда, уларнинг сифатига кўпроқ эътибор берилса, яъни юзма-юзаки популистик чоралар эмас, масалани чуқурроқ ўрганиш натижасида муаммонинг негизини тугатишга интилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Холис тадқиқотчи

Манба: Diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Муаммолар муаммоси: нақд пул масаласидаги ялтироқ фикрларга очиқ муносабат