22:28 / 25.02.2018
13 404

Ўзбекистон миллий валютаси — сўм ҳақида 8 маълумот

Ўзбекистон миллий валютаси — сўм ҳақида 8 маълумот
Ўзбекистон 1991 йилда мустақиллликка эришгач, орадан 3 йил ўтиб муомалага киритилган ва айни пайтгача ўзгармай келаётган миллий валюта — сўм республиканинг барча ҳудудида ягона тўлов воситаси сифатида амал қилиб келмоқда. Сўмнинг дунёга келиш тарихи барчага қизиқлигини инобатга олиб, у ҳақидаги 8та фактни эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Қирқиб олинадиган бир марталик купон
Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 августда мустақилликка эришгани эълон қилингач, мамлакатда совет рубли пул бирлиги сифатида муомалада қолаверган эди. 1992 йилнинг январидан истеъмол бозорини ҳимоялаш ва маҳсулотларни фақат Ўзбекистон фуқароларига сотиш учун бир марталик купонлар босиб чиқарилган. 1993 йилнинг 15 ноябрида сўм-купон чиқарилганидан сўнг 1 ҳафта ўтиб — 22 ноябргача газета қоғозида чоп этилган ва ташкилотининг муҳри уриладиган карточкаси қирқиб олинувчи бир марталик купонлар амал қилган.

Озиқ-овқат дўконлари, умумий овқатланиш корхоналарида купонларнинг нақд пулда тўланиши керак бўлган ҳисобга яраша қисми қайчида қирқиб олинган. Бундай купонлар 10+25=35, 50, 100, 150, 200, 350, 500, 1000, 2000, 3000, 5000 рублга яраша карточкалар билан чоп этилган.

2. Сўм-купон даври
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида параллел тўлов воситаси сифатида «сўм-купонлар»ни муомалага киритиш тўғрисида»ги 1993 йил 12 ноябрдаги №550-сонли қарорига кўра, ички бозорни ортиқча рубль массасидан ҳимоялаш, аҳолига пул маблағларини тўлашни ўз вақтида таъминлаш мақсадида 1961–1992 йилларда амалда бўлган совет рублига 1:1 нисбатда 1993 йил 15 ноябрдан бошлаб муомалага киритилади.

1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 сўмлик пулларнинг барчасининг олд қисмида Ўзбекистон герби ва пул номинали, орқа қисмида эса Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган Шердор мадрасасининг сурати туширилган эди. 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик пуллар 120 х 61 мм ўлчамда, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 сўмлик пуллар 144 х 69 мм ўлчамда ясалган. Сўм-купон Англиядаги «Harrison & Sons Ltd» босмахонасида чоп этилган.

Сўм-купонлар 9,5 ой муомалада бўлиб, 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистоннинг миллий валютаси — сўм муомалага киритилганидан сўнг ҳам, 2014 йилнинг 1 августига қадар амал қилган.

3. Сўмнинг муомалага киритилиши
Ўзбекистоннинг амалдаги миллий валютаси сўм — Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги №952-XII қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги ПФ-870 сонли фармонига биноан, 1994 йилнинг 1 июлида, ўзигача амалда бўлган сўм-купонга 1:1000 нисбатда муомалага киритилган.

Сўм дастлаб 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалар ҳамда, 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик қоғоз купюралар билан бир вақтнинг ўзида муомалага кирган. 1 сўм 100 тийинга майдаланган. Айтиш жоизки, сўм муомалага киритилган кунда валюта биржасида 1 АҚШ долларининг қиймати роппа-роса 7 сўм бўлган.

4. Сўмлар қаерда зарб этилади?
1994 йилда муомалага киритилган 100 сўмгача бўлган жамики қоғоз пуллар Германиянинг «Giesecke & Devrient» фирмасида чоп этилган. (Ҳозир бу ерда ЕИ валютаси — евро ҳам чоп этилади). 1997 йили муомалага киритилган 200 сўмликдан бошлаб, кейинги барча купюралар Тошкентдаги «Давлат белгиси» ДИЧБ давлат корхонасида босилмоқда.

5. Сўм дизайни ва ундаги шаҳарлар
Сўм дизайнида қадимий нақшларга, юртимиздаги осори атиқалар тасвирига катта эътибор берилган. 1 сўмликнинг орқа тарафида Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги давлат академик Катта театри, 3 сўмликда — Бухородаги Чашмаи Айюб мақбараси, 5 сўмликда — Ўзбекистон миллий боғидаги Алишер Навоий шарафига ўрнатилган ҳайкал ва меъморий композиция, 10 сўмликда — Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси, 25 сўмликда — Самарқанддаги «Шоҳи Зинда» тарихий-меъморий ансамбли, 50 сўмликда Самарқанддаги Регистон тарихий-меъморий ансамбли, 100 сўмликда — Истиқлол саройи (собиқ Халқлар дўстлиги саройи) тасвирланган.

Кейинчалик, Тошкентда 144 х 78 мм ўлчамда чоп этилган катта купюраларнинг дизайни ўзгартирилган. Олд қисмида Ўзбекистон Республикасининг катталаштирилган герби, орқа қисмида асосан мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотлар тасвирланган.

Чунончи, 200 сўмликда Самарқанддаги Регистон ансамблининг Шердор мадрасасида тасвирланган, қуёш орқалаган шернинг рамзий тасвири, 500 сўмликда Тошкентда Амир Темурга ўрнатилган ҳайкал, 1000 сўмликда Тошкентдаги Темурийлар тарихи музейи биноси, 5000 сўмликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси биноси, 10000 сўмликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати биноси тасвирланган.

6. Энг йирик купюра — 50 минг сўмлик
Айни пайтда энг йирик купюра бўлиб турган 50 минг сўмлик пул мутлақо замонавий дизайнга эга бўлди. Унинг олд тарафида Тошкентдаги «Эзгулик аркаси», орқа тарафида Тошкентдаги Форумлар саройи тасвирланган.

У 2017 йилнинг 22 августидан муомалага киритилган. АҚШ долларига айрибошланса, ҳозирги ўртача курс билан қарийб 6,10 долларга тенг бўлади.

Миллий валютадан фойдаланишда қулайликни ошириш мақсадида жорий йилда йирикроқ номиналдаги банкнотларни муомалага чиқариш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда, деган Kun.uz’га Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Тимур Ишметов.

7. Танга сўмлар
Сўм қадри тушиб бориши билан паст номиналдаги қоғоз пуллар муомалада кўпроқ ушлаб турилиши учун танга кўринишидаги сўмларга алмаштириб борилган. Жумладан, 1997 йилда илк марта 1, 5 ва 10 сўмлик тангалар муомалага киритилган. Бундай кўринишдаги танга сўмлар 1998, 1999 йилларда ҳам ишлаб чиқарилган. 2000 ва 2001 йилларда 1, 5 ва 10 сўмлик тангаларнинг ҳажми кичрайтирилган ва дизайни ўзгартирилган.

Бундан ташқари, пўлат, мис ва никел қотишмали 50 сўмлик (2001) ва 100 сўмлик (2004) тангалар ҳам муомалага киритилган.

Расмий хабарга кўра, Марказий банк 2018 йил мобайнида майда купюраларни 50, 100, 500 сўмлик янги намунадаги тангаларга алмаштириш ҳамда 200 сўмлик тангаларни чиқариш масаласи кўриб чиқади.

8. Эсдалик тангалари
Марказий банк томонидан турли юбилей саналари ва бошқа шахсларга атаб эсдалик танглари ҳам чиқарилган. Жумлададан қимматбаҳо бўлмаган металлар — никель билан қопланган пўлатдан Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигига атаб 25 сўмлик (1999), Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига атаб 50 сўмлик (2002), Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига атаб икки хил 100 сўмлик (2009), Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллигига атаб 500 сўмлик (2011) эсдалик тангалари катта тиражда чиқарилган ва реал муомалага ҳам киритилган.

2001 йилда Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллига атаб 100 сўмлик жез танга чиқарилган;

Тилла қопланган қимматбаҳо бўлмаган металлардан ишлаб чиқарилган тангалар:

1994 — Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигига бағишланган 1 сўмлик танга;
1994 — Ўзбекистон Мустақиллигининг 3 йиллигига бағишланган 10 сўмлик танга;

1999 йилда чиқарилган «Буюк сиймолар» сериясидаги кумуш тангалар (1999):

Уларнинг барчаси кумушдан тайёрланган ва рамзий 100 сўмлик қийматга эга. Ҳар бири 31,1 грамм оғирликдаги 999 сифатдаги кумушдан 1000 донадан тайёрланган.

Тангаларда Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мусо ал-Хоразмий,
Мирзо Улуғбек, Бобур, Амир Темур, Алишер Навоий сиймолари тасвирланган.

«Ўзбекистон мустақиллигига 10 йил» сериясидаги кумуш тангалар (2001):

Бу тангаларнинг ҳам барчаси кумушдан тайёрланган ва рамзий 100 сўмлик қийматга эга. Ҳар бири 31,1 грамм оғирликдаги 999 сифатдаги кумушдан 1000 донадан тайёрланган.

Тангаларда Тошкентдаги Алишер Навоий ҳайкали, Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали, Тошкент куранти, Самарқанддаги Регистон майдони, Оқ сарой, Олий Мажлис биноси, Темурийлар тарихи музейи, Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги монумент, Тошкент теннис корти фонидаги теннисчи, Миллий кураш тушаётган полвонлар, футбол майдони фонидаги футболчи, Олимпия шон-шуҳрати музейи фонида машъала ушлаган спортчи тасвирланган.

Бундан ташқари, турли йилларда бирор серия билан умумлаштирилмаган, 10, 50, 100 сўмлик кумуш тангалар чекланган муомалага чиқарилган.

Тилла қопланган кумуш тангалар 1996 йилда — 50 сўмлик Мустақилликнинг 5 йиллигига атаб, 100 сўмлик пул Амир Темурнинг 660 йиллигига атаб чиқарилган. Албатта, улар кенг муомалага чиқмаган ва нумизматлар коллекциясидан ўрин олган.

999 сифатдаги, 31,1 грамм соф олтиндан 1997 йилда ишлаб чиқарилган чекланган сериядаги 100 сўмлик танга Амир Темурга аталган.
Ш.Шокиржонов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон миллий валютаси — сўм ҳақида 8 маълумот