date

Тошкент ҳокимияти ер сотиб олиш хавфлари ҳақида огоҳлантирди

Тошкент ҳокимияти ер сотиб олиш хавфлари ҳақида огоҳлантирди
Тошкент шаҳри ҳокимияти тадбиркорлар учун ер участкалари ва кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларда фирибгарлик ҳолатларининг кўпайиши муносабати билан расмий огоҳлантириш берди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов бизнес вакилларини шубҳали мулк ҳуқуқини расмийлаштириш схемаларига аралашмаслик зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Баянотда таъкидланишича, 2021-йил 1-августдан бошлаб маҳаллий ҳокимият органлари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, заҳирага олиш ёки фойдаланишга бериш ваколатидан маҳрум қилинган. Ушбу қонунчиликдаги ўзгаришлар ер ресурсларига тенг киришни таъминлаш ва шаффофликни оширишга қаратилган эди.

Шунга қарамай, пойтахтда ноқонуний ер бошқаруви ва ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари ҳануз аниқланмоқда. Айниқса, қурилиш учун ажратилмаган ҳудудларда йирик бинолар ва енгил конструкциялар қурилиши хавотир уйғотмоқда.

Бундай объектлар кўпинча турар-жой массивлари ичида, автомобиль йўлларига яқин жойларда ва энг хавфлиси, сув ва газ таъминоти магистраль тармоқлари ҳимоя зоналарида барпо этилмоқда. Бундай фаолият нафақат шаҳар инфратузилмасига зарар етказади, балки фуқаролар хавфсизлигига бевосита таҳдид солади.

Шаҳар ҳокимияти фирибгарлик схемаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Фирибгарлар ўзларини воситачи сифатида таништириб, тадбиркорларга давлат тузилмаларида гўёки мавжуд алоқаларга таяниб, ерларни ажратиш ёки ноқонуний эгалланган участкаларни қонунийлаштириш хизматларини таклиф қилишади.

Алдашнинг яна бир усули – сохта қарорлар ва ҳужжатлар орқали мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини олишдир. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг яқинда ўтказган тезкор тадбирлари йирик суммага сохта ҳужжатлар асосида ер сотиш уринишларини аниқлади.

Ҳокимият қатъий баёнот берди: қонунда белгиланган тартиб-қоидалардан четга чиқиб сотиб олинган барча ер участкалари ноқонуний эгалланган деб топилади. Бундай ерларда қурилган барча иншоотлар эса ҳеч қандай компенсация тўланмасдан мажбурий тартибда бузилади.

Қонунчилик бундай қонунбузарликлар учун катта миқдорда жарималар ва жиноий жавобгарликни ҳам назарда тутади. Молиявий йўқотишлар ва ҳуқуқий оқибатлардан қочиш учун шаҳар ҳокимияти тадбиркорларга ер участкалари ёки кўчмас мулк сотиб олишдан олдин ҳуқуқий текширувларни синчковлик билан амалга оширишни ва малакали юристлар ҳамда адвокатлардан маслаҳат олишни қатъий тавсия қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкент ҳокимияти ер сотиб олиш хавфлари ҳақида огоҳлантирди