Кимдир нимадир илинжида, нафсини қондириш учун шу йўлга кирган.
Фото: «news.gisher.ru»
Ҳа, МХХ энди тарих қаърида! Бурнини суқмаган соҳаси қолмаган, ваколатларини «дунё» қадар кенгайтирган бу ташкилотнинг номидан тортиб, фаолият йўналиши ҳам ўзгарди. Президент ҳақиқатан ҳам одамлар кўнглидаги гапларни билар экан.
МХХ қанча-қанча одамларга қўрқув солмади дейсиз! Не-не идораларга кириб-чиқмади дейсиз! Сурхондарё, Бухоро вилоятидаги «хурмача» қилиқлар ҳақида эшитдик, билдик. Айрим тафсилотлар олдин ҳам қулоғимизга чалинган, бироқ бу ҳақда айта олмасдик, ахир «қулоқ»лар бор эди! Шу боис айримлар ҳатто бир-бирига ишонмай қўйганди. Кўпчилик бу идора номини тилга олишга ҳам қўрқиб, шивир-шивир гап орасида елкасига икки-уч бор уриш билан изоҳ берарди.
«Штатсиз» «қулоқ»лар ўз вақтида Қодирий, Чўлпонларни сотган, уларнинг отилишларига сабабчи бўлган. Ажабки, ноҳақ, адолатсиз тергов қилганлар кейин ҳам индамай ишлаб юраверган.
Бугун эса бошқача. Тадбиркорни талаганлар, терговда зулм ўтказганлар энди ўзлари қонун олдида жавоб беряпти. Тортиб олинган мол-мулклар эгаларига қайтарилмоқда.
– Термизда бир зўр тадбиркор бор эди, – дейди Фахриддин укамиз. – У МХХ вилоят бўлимининг йўриғига юрмади. Нодир (вилоятда бўлим бошлиғи бўлган) уни ўз «круг»ига қўшмоқчи эди. Бу – тадбиркор бошқа «бойлар» ҳақида барча маълумотларни етказиши керак дегани эди. Маълумот қанча кўп бўлса, «бой»ни исканжага олиш шу қадар осон битарди. Нодир ўз йўриғига юрмаган тадбиркорга нисбатан сиқувни бошлади ва оқибатда у Россияга қочиб кетишга мажбур бўлди. Ишонсангиз, тадбиркор қурдирган ресторан бир кунда теп-текис қилиб бузиб ташланди. Мана энди ҳаммаси жойига тушди. Нодирнинг ўзи қилмишларига жавоб беряпти. Ҳозир тадбиркор акамиз Термизга қайтиб келган, бир кафе очган.
Хўш, «қулоқ» масаласида МХХ қандай иш тутарди? Бирор идора, раҳбар, жамоа ёки шахсга тегишли маълумотларни билиш учун уларга яқин муайян одам нишонга олинарди. У билан холи гаплашишар, қўлига оппоқ варақ тутқазилиб, ариза ёздириларди. Мазмуни (тахминан): «Мен Фалончи Писмадон ўз хоҳишимга кўра МХХ ташкилоти билан ҳамкорликка киришишимни маълум қиламан». Имзо қўйилгач... хатга тушдинг – ўтга тушдинг! Бу одам тегишли ахборотларни тез-тез етказиб туришга мажбур эди. Акс ҳолда унга нисбатан дўқ-пўписага ўтиларди.
– Менга бу масала бўйича бир неча марта келишган, – дейди яқин танишим. – Одатда МХХнинг икки нафар ходими ташриф буюрар ёки яқин орадаги кафенинг алоҳида бўлмасига чақиришарди. Ариза ёзиб беришим учун бу ходимларнинг бири яхши гапирар, иккинчиси эса таҳдид қиларди. «Агар айтганимизни қилмасангиз, сизни жиноятчиларга шерик деб ҳисоблаймиз», дерди тап тортмай. Мен ўзимни касалга, овсарликка солиб улардан зўрға қутулдим.
Ҳа, «қулоқ» бўлишга кўндириш учун турли гап-сўзлар ўйлаб топилган. Айниқса, Ватан ҳақида чиройли гапирилган. Аризачининг хуноби ошарди: «Шу аризани ёзмасам, имзо чекиб бермасам, ватанпарвар бўлмайманми?» Ростдан ҳам «Ватан учун» ватандошни чақиб бериш, уни сотиш қолипга сиғмайдиган гап! Қизиқ, сотганда ҳам нимасини сотарди ахир?
Кимдир нимадир илинжида, нафсини қондириш учун шу йўлга кирган. Айримлар эса ўзининг «хавфсизлиги»ни ўйлаб, бўлар-бўлмас маълумотларни МХХ идорасига етказиб бериб турган.
Айниқса, динни рўкач қилиб қўрқитиш авжига чиққан эди. Бир қўшма корхона филиалига, худди осмондан тушгандек, тап этиб текшириш келди. Ҳамма жойни ағдар-тўнтар қилишди, роса кавлашди. Ҳужжатларнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқишди. Ҳеч нима топишолмади. Ана шунда иттифоқо гаражда жойнамозга кўзлари тушиб қолса денг! Энг зўр «далил»! Қоровулга тегишли экан. Яъни шу ташкилотнинг ходимига! Филиалнинг бечора раҳбарини зир қақшатишди. Миллион-миллион сўмлаб жарима солишди. Олти ойлаб маҳкамага қатнади бояқиш. Ишонсангиз, бу одам ҳозиргача жума намозларига бормайди, шу қадар юрак олдириб қўйган!
Ҳаммаси ортда қолди! Девор суваб ташланди, унда қулоқлар қолмади. МХХ билан бирга хавотир, ҳадик ҳам кетди.
Шундай бўлсин, илоҳим!
Анвар Намозов
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин