20:06 / 22.02.2019
5 272

Шавкат Мирзиёев: «Ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясида, менинг ҳимоямда»

Шавкат Мирзиёев: «Ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясида, менинг ҳимоямда»
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигини таҳлил қилиб, навбатдаги муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Видеоселекторда солиқлар тўловини амалга оширишда ноқонуний ҳолатлар айрим мисоллар асосида муҳокама қилинди. Йирик ишлаб чиқарувчилар, импортёрлар ва улгуржи савдо ташкилотлари томонидан сотилаётган товарлар ҳаракатини таҳлил қилиб, нақд пулсиз ҳисоб китоб-қилиш кўламини кенгайтириш, бунинг учун электрон ҳисоб-фактура тизимини тезроқ жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Солиқ идораларига жойлардаги боқиманда қарздорликни ундириш, даромадларнинг ички захираларини излаш бўйича тавсиялар берилди. Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида йирик солиқ тўловчилар ва импортёрлар билан ишлайдиган ҳудудлараро инспекция фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

– Қанчалик мураккаб бўлмасин, бошлаган ислоҳотларимизни охиригача етказишимиз зарур. Лекин тарғибот-тушунтириш ишларини баҳона қилиб, ўрганишларни текширувга айлантиришга мутлақо йўл қўйилмайди. Ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясида, менинг ҳимоямда, – деди давлатимиз раҳбари.

Видеоселекторда яна бир муҳим масала – томорқадан самарали фойдаланиш ва баҳорги экин экиш ишлари ҳам муҳокама қилинди.

Халқимиз азалдан ризқ ундириш, боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олмоқда. Лекин, баъзи жойларда томорқага экин экмаслик ва қаровсиз ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Юртимиз бўйича 328 мингта хонадондаги 20 минг гектар томорқадан самарали фойдаланилмаяпти.

Аслида томорқа – ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўлидир. Одамларнинг ўзида ҳам экин экиш, даромад олиш истаги бор. Лекин нима экишни, уруғ, кўчатни қаердан олишни билмайди. Келгусида “маҳсулотни сота оламанми”, деган хавотир ҳам йўқ эмас.

Шу боис бу йил март-апрель ойларида томорқага экин экиш ишлари янги тизимда, кенг жамоатчилик иштирокида ташкил қилинади. Халқ қабулхоналари раҳбарлари маҳалла раислари билан бирга уйма-уй юриб, аҳоли талаблари асосида уларга кўмак беради. Маҳаллий бюджетлар захира жамғармасидан 40-50 миллион сўмдан маблағ ажратилиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бозорбоп сабзавотлар уруғи, мева ва ток кўчатлари етказиб берилади.

Фермерлар кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди салоҳиятли фермерлар ёрдамида аҳолининг фойдаланилмаётган томорқаларини экишга тайёрлаш ва бозорбоп экинлар экишни ташкил қилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан томорқаси бор ишсиз фуқароларга иссиқхоналар ташкил этиш, уруғлик ва кўчат олиш учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаригача миқдорда субсидия ажратади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, туманлар ва шаҳарлар 4 та сектор раҳбарлари ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, “бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида ҳар бир маҳаллани мева-сабзавот етиштириш, кичик иссиқхоналарни ташкил қилиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, куркачилик каби йўналишларга ихтисослаштириш бўйича амалий чоралар кўради.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди, дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев: «Ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясида, менинг ҳимоямда»