14:56 / 22.04.2019
3 119

Адлия вазирлиги сеҳр-жодуга қарши курашиш борасида бир қатор таклифлар ишлаб чиқди

Адлия вазирлиги сеҳр-жодуга қарши курашиш борасида бир қатор таклифлар ишлаб чиқди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти Kun.uz сайтида Латофат Бекбўтаева муаллифлигида нашр қилинган «Сеҳр-жодуга юридик мақом бериб бўладими?» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

Kun.uz интернет нашрида эълон қилинган фолбинлик ва сеҳр-жодунинг салбий иллатлари ҳақидаги мақолада ҳақиқатда ҳам ҳозирги кунда муаммоли масалалардан бири кўтарилган бўлиб, уни ҳуқуқий тартибга солиш масаласи муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мақолада таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги кунда фолбин, сеҳргар, экстрасенслар ва бошқа шу каби шахслар томонидан инсон ва аҳолининг оммавий онгига салбий таъсир ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган қонун ҳужжати қабул қилиниши зарурати юзага келмоқда.

Айни пайтда, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан бу борада ўрганишлар олиб борилган бўлиб, қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида тегишли таклифлар ишлаб чиқилган. Ўрганишлар давомида шу нарса маълум бўлдики, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда сеҳр-жодунинг кенг тарқалиши кузатилмоқда. Мазкур ҳолат жамиятнинг маданий-ахлоқий қадриятларига зарар етказилишига, оилаларнинг бузилишига, шунингдек шахслар ўртасидаги қон-қариндошлик алоқалари узилишига сабаб бўляпти. Бунинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан доимий равишда аҳоли ўртасида сеҳр-жоду амаллари билан шуғулланувчилар хизматидан фойдаланмаслик тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, ўтказилган тадбирлар доирасида Идора томонидан 12та мақола чоп этилган, 318та давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилган.

Олиб борилаётган бу каби ишларга қарамасдан сеҳр-жоду қилиш важи билан фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик қилинаётган ҳоллар учраб турибди. Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида бундай ҳолатлар юзасидан 20 нафар шахсга нисбатан 1та ҳолатда жиноят иши, 18та ҳолатда маъмурий ишлар қўзғатилган. Моддий зарар миқдори 22 млн. сўмдан ортиқни ташкил қилган.

Бундан ташқари, биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида 337та сеҳр-жоду билан шуғулланувчи шахслар мавжудлиги аниқланган, 2019 йил бошидан буён улар фаолияти юзасидан 115та шикоят келиб тушган.

Хорижий мамлакатларда сеҳр-жоду амалиётининг қандай ҳуқуқий тартибга солинганлигини ўрганиш мақсадида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан 20дан ортиқ давлат қонунчилиги таҳлил қилинди. Ўрганишлар давомида бир қанча мамлакатларда (Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси, Уганда, Замбия, Кения) сеҳр-жоду билан шуғулланиш қонун билан, араб мамлакатларида эса шариат қоидалари билан тақиқланган. Яна бир қатор мамлакатларда (Вьетнам, Тожикистон, Кот-д’Ивуар ва бошқа давлатлар) сеҳр-жоду билан шуғулланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу билан биргаликда, айрим мамлакатларда бу фаолиятга тадбиркорликнинг бир кўриниши сифатида қаралади.

Халқимизнинг азалий қадриятлари, муқаддас динимиз сеҳр-жоду билан шуғулланишга тадбиркорликнинг бир тури сифатида қарашга, шундай қабул қилишга асло йўл қўймайди. Шу сабабдан, Институт мутахассислари томонидан сеҳр-жодуга қарши курашиш мақсадида мамлакатимизнинг бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунига сеҳр-жоду хусусиятига эга бўлган рекламаларни тарқатишни тақиқловчи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига эса сеҳр-жоду билан шуғулланганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилиши кўзда тутилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Адлия вазирлиги сеҳр-жодуга қарши курашиш борасида бир қатор таклифлар ишлаб чиқди