Янги турдаги коронавирус эпидемияси туфайли дунё мамлакатлари кутилмаган мураккаб вазиятга тушиб қолди. Давлат ва ҳукуматлар бундай пайтда мамлакат ичкарисидаги барқарорликни таъминлаш баробарида турли сабабларга кўра хорижда бўлиб турган фуқароларининг тақдири ҳақида ҳам бош қотиришига тўғри келмоқда.
Хўш, эпидемия шароитида хориждаги фуқароларни мамлакатга қайтариш қанчалик тўғри? Ушбу масаланинг мураккаблиги нимада? Бу борада бошқа давлатлар қандай йўл тутмоқда?
Қуйида шу каби саволларга ойдинлик киритилади.
Бошқа мамлкатлар қандай йўл тутмоқда?
Коронавирус эпидемияси сабаб кўплаб мамлакатлар хориждаги фуқароларини ўз уйларига қайтариш бўйича чора-тадбирларни давом эттирмоқда. Масалан, Туркия 5 май ҳолатига кўра, ҳаво йўли орқали 103 мамлакатдан 65 мингдан ортиқ фуқаросини ватанга қайтарган.
Руслар ҳам Госуслуг порталида махсус шаклни тўлдириш орқали ватанга қайтишмоқда. Уларнинг юртга қайтиши фақат Шереметьево аэропорти орқали амалга оширилмоқда. Мазкур мамлакатда йўловчилар сони кунига 500 кишидан ошмаслиги кераклиги белгилаб қўйилди. Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикованинг таъкидлашича, ушбу қарор икки сабабга кўра қабул қилинган. Биринчидан, мазкур ҳолат ватанига қайтиш истагини билдирган одамлар рўйхатини шакллантириш билан, иккинчидан, чет элдан қайтиб келган русларни қабул қилиш пунктларининг имкониятлари чеклангани билан боғлиқ.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳам эпидемия бошлангандан бери чартер рейслар ёрдамида 520 мингга кишини Европага қайтарди.
АҚШ эса 13 май ҳолатига кўра, ўтган давр мобайнида 132 мамлакат ва ҳудудлардан 900та рейс ташкил қилиш орқали жами 86 минг 576 нафар америкаликни ўз ватанга қайтаришга улгурган.
Статистик маълумотларга кўра, АҚШ ҳукумати томонидан амалга оширилган ҳар бир рейсга ўртача 96 нафар фуқаро тўғри келмоқда. Ушбу мамлакат томонидан муайян бир ҳудудга биттадан 84тагача рейс йўлга қўйилган.
Масаланинг мураккаб томонлари нимада?
Албатта, эпидемия шароитида хориждаги фуқароларни қайтариш масаласининг ҳар бир мамлакат учун ўзига хос мураккаб жиҳатлари мавжуд.
Биринчидан, эпидемия даврида дунё миқёсида хаво йўллари соҳасида умумий қисқариш ва чекловлар кузатилаётган айни пайтда бир мамлкатдан иккинчи мамлакатга рейслар ташкил қилиш муайян қийинчиликлар туғдириши, маълум ташкилий жараёнларни талаб қилиши аниқ. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон ТИВ, Uzbekistan Airways авиакомпанияси ва транспорт вазирлигидан одатдагидан кўра фаол бўлишни, уюшган ҳолда – иш бирлиги асосида фаолият олиб боришни тақозо қилади.
Иккинчидан, турли сабабларга кўра, чет элда бўлиб турган фуқароларнинг барчасини бир пайтнинг ўзида ватанга қайтаришнинг имкони йўқ. Шу боис ишни босқичма-босқич ва тизимли тарзда ташкил қилиш, яъни амалга ошириладиган парвозлар учун фуқаролар рўйхатини шакллантириш лозим. Рўйхатга эса биринчи навбатда касал ёки беморлар; ёш болали ва ҳомиладор аёллар; кекса ёшдаги фуқаролар; шунингдек, бекор қилинган доимий авиақатновларга чипта харид қилган фуқароларни киритиш амалиётини қатъий давом эттириш даркор.
Айтиш жоизки, ҳамма имкон қадар тезроқ ватанга қайтиш тараддудига тушган айни бир пайтда мазкур жараённи шаффоф ва тўғри ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Учинчидан, ҳукумат чел элдан қайтган фуқаролар сабаб мамлакатдаги эпидемик вазият издан чиқишининг олдини олиши, буни доимий назорат остида ушлаб туриши лозим. Чунки ушбу жараён етарли даражада тўғри йўлга қўйилмаса, вирусга чалинганлар сони кескин ортиб кетиш эҳтимоли мавжуд.
Қолаверса, хориждан қайтган фуқаролар сони ортиб бориши натижасида уларни энг камида 14 кун давомида карантинда сақлаш билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келиши турган гап.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 13 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон элчихона ва консулликлари томонидан тузилган онлайн рўйхатга 55 минг фуқаро киритилган. Табиийки, бундай катта массани карантин ҳудудига бир пайтнинг ўзида киритишнинг имкони йўқ.
Қандай сабаблар ватанга қайтишга ундамоқда?
Ҳозирда Россия, Туркия, Англия, Ҳиндистон, Қатар ва Мисрдан тортиб то Мальдив оролларигача бўлган мамлакатларда ватанга қайтиш истагини билдираётган юртдошларимиз бор. Албатта, бу борадиги мурожаатлар сони давлатларга кўра фарқ қилади. Аммо ҳар бир мурожаат ортида инсон турганлигини ҳам унутмаслик керак.
Бугун хориждаги юртдошларимизни асосан қуйидаги сабаблар тезроқ ортга қайтишга ундамоқда:
- эпидемия сабаб ишсиз ва маблағсиз қолишган;
- соғлиқ билан боғлиқ муаммолар;
- хорижий мамлакатлардаги нормал ҳаётга қайтиш муддатининг мавҳумлиги;
- эпидемик вазият ёмонлашиб бораётгани туфайли вирус юқтириб олиш хавфи ва қўрқуви ортаётгани;
- эпидемия шароитида хорижликларга нисбатан турли мамлакатларда турлича муносабат билдирилаётгани;
- айрим мамлакатларда баҳорги семестр расман якунлангани ва талабаларга янги ўқув йилига қадар таътил берилгани.
Албатта, бундан ташқари баъзи объектив ва субъектив сабаблар ҳам мавжуд.
Авиачипта нархлари: ҳамма ҳам сотиб олишга қодирми?
Хабарингиз бор, ҳозирда Ўзбекистон 11-24 май кунлари давомида 12та рейс орқали хориждаги фуқароларини эвакуация қилиш ишларини амалга оширмоқда. Аввалроқ чартер рейслар учун сотувга қўйилган чипталар нархи минимал тарифдан юқори бўлмаслиги маълум қилинганди. Унга кўра, Франкфурт–Тошкент йўналишидаги чартер рейс нархи 400 АҚШ доллари, Москва-Тошкент йўналиши нархи 147 АҚШ доллари, Истанбул-Тошкент йўналиши 285 АҚШ доллари, Санкт-Петербург–Тошкент йўналиши 178 АҚШ доллари, Деҳли–Тошкент йўналиши 224 АҚШ доллари, Ростов–Тошкент йўналиши 160 АҚШ, Қозон–Тошкент йўналиши 148 АҚШ доллари, Лондон–Тошкент йўналиши 440 АҚШ доллари, Новосибирск–Тошкент йўналиши 186 АҚШ доллари, Шаржа–Тошкент йўналиши 221 АҚШ доллари деб белгиланган. Аммо кейинги пайтларда айрим жойларда авиачипталар нархи кўтарилиб кетаётгани бўйича ҳам турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Бу эса айни пайтда мазкур масаланинг жиддий назорат остига олинишини талаб қилмоқда.
Албатта, эпидемия шароитида ўзга юртда ўз маблағининг энг сўнгги чақасигача сарфлаб бўлган инсонлар учун юқорида келтирилган нархларда авиачипта сотиб олиш ҳам алоҳида бир муаммо. Шу боис, ҳозирда ҳукумат томонидан авиачипта сотиб олишга қурби етмаётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш бўйича иш олиб борилмоқда. Унга кўра, агар фуқаро консуллик ва элчихоналарда чартер рейслар учун рўйхатдан ўтган ва тасдиқланган бўлсаю, аммо чипта харид қилишга маблағи бўлмаса, унинг қариндошлари Ўзбекистондан туриб ҳам чипта пулини тўлашлари мумкин.
Бундан ташқари, фуқаро ҳақиқатан ҳам муҳтож бўлса ва тегишли тартибда мурожаат қилса, масала индивидуал тарзда ўрганиб чиқилиб, ижобий ечим топиш кўзда тутилмоқда.
Элчихоналар қандай ижтимоий ёрдам кўрсатмоқда?
Айни пайтда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ҳам ўз ваколати доирасида юртдошларимизга ижтимоий ёрдам кўрсатиб келмоқда ва бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш йўлларини изламоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва мамлакат ҳудудидаги бош консулхоналари томонидан 14 майдан эътиборан карантин ва чеклов чоралари туфайли оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига Россияда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда (12 130 рубль, яъни 165 доллар атрофида) бир марталик моддий ёрдам тўлаб беришни бошлади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳам ёрдамга муҳтож ватандошларимиз учун Туркиянинг турли ҳудудлари бўйлаб «BİM» савдо карталари (100 турк лираси)ни етказиб беришни йўлга қўйди.
Ким нима қилиши керак?
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги мураккаб шароитда фуқароларнинг тўғри ва ишончли ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яъни ортиқча ваҳима ва мавҳумлик юзага келмаслиги, турли миш-мишлар урчимаслиги учун элчихона ва ваколатхоналаримиздан фуқароларга ўз вақтида зарурий ахборотларни бериб бориш талаб қилинади. Шунингдек, ҳукуматнинг Қозоғистон, Қирғизистон каби қўшни мамлакатлар билан келишган ҳолда, айрим ҳудудлардан фуқароларни биргаликда олиб келиш чора-тадбирларини кўриб чиқиши мақсадга мувофиқдир.
Хориждаги фуқароларимиздан эса мавжуд вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда иш тутишлари, аэропорт ва элчихоналар атрофида йиғилиб, эпидемик шароитнинг издан чиқишига сабабчи бўлмасликлари, даставвал юқорида келтирилган тоифадаги юртдошларимизнинг ватанга қайтишида ёрдамчи бўлишлари, агар моддий-маънавий имконлари етарли бўлса ва шароитлари имкон берса, Ўзбекистонга қайтишни бироз муддатга кечиктириб туришлари сўралади.
Отабек Тиллаев «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»