18:04 / 28.05.2020
2 948

Коронавирус ҳақидаги ҳануз жавобсиз қолаётган 10 савол

Коронавирус ҳақидаги ҳануз жавобсиз қолаётган 10 савол
Иссиқ ҳаво нажот бера оладими, паркларни ишга тушириш мумкинми ва вакцина қачонга кутилмоқда?

Коронавирус тарқалиши ва у билан боғлиқ чекловлар асрлар давомида давом этадиганга ўхшаса-да, SARS-CoV-2 вируси ҳали ҳам инсоният учун янги бўлиб, уни ўрганиш керак. «Кўпчилик учун бу жуда қийин. Одамларга биз аниқ жавоблар беришимиз керакдек кўринмоқда, — дейди эпидемиолог Саския Попеску. — Аслида эса, биз кўприк қуришга ва ундан юришга бир вақтнинг ўзида ҳаракат қилмоқдамиз. Бу биз учун янги касаллик ва янги вазият».

1. Коронавирусдан аслида қанча одам зарарланди?
27 май ҳолатига кўра, дунёда коронавирус инфекциясини юқтиришнинг тасдиқланган 5,7 миллион ҳолати ва 354 мингдан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган. Аммо кўпгина мутахассислар бу рақамлар етарли эмас, деган фикрда. Ҳар бир зарарланиш ҳолатини кузатиш учун бизда тестлар ва бошқа воситалар етишмаяпти. Дунёда миллионлаб аниқланмаган беморлар мавжуд бўлиши мумкин.

- Биз ҳеч қачон бу саволга аниқ жавобни билмаслигимиз эҳтимоли жуда юқори. 1918-1920 йиллардаги «испанка гриппи» эпидемияси қанча одамнинг ҳаётига зомин бўлгани тўғрисида олимлар ҳануз баҳслашишади.

Бироқ, аниқ жавоб олиш жуда муҳим. Агар ҳозир билганимиздан кўпроқ одам зарарланган бўлиб, аммо ўлим сони ўзгаришсиз қолса, коронавирусдан ўлим даражаси ўйлаганимиздан пасаяди. Агар аниқланмаган ҳолатлар камлиги ёки ўлим ҳолатлари кўпайганлиги аниқланса, қатъий изоляция чораларини қўллаш самарали бўлган ҳисобланади.

Гап шундаки, баъзи инсонларнинг ҳеч қандай симптомларсиз ҳолатда вирус ташувчиси бўлишлари ёки ижобий тест натижаси олишлари билан мураккаблашади. Шундай қилиб, кўпчилик ўзи билмаган ҳолда вирус юқтириб олган бўлиши мумкин. Илгари улар асимптоматик ташувчилар деб ҳисобланар эди, аммо дастлабки маълумотларга кўра, кўпчиликда вақт ўтиши билан касалликнинг айрим белгилари пайдо бўлади. Агар қўшимча тадқиқотлар буни тасдиқласа, эътиборсиз қолаётган ҳолатлар сони унча кўп эмас.

Олимлар ҳозирча эҳтиёткорликка қай даражада амал қилиш борасида баҳслашмоқда. Италия, Испания ва Қўшма Штатлардаги воқеалар коронавирус жуда хавфли бўлиши мумкинлигини аллақачон исботлади. Гап ҳозир ҳолатга эътиборсизлик қилиш ёки беғам яшаш мумкин ёки йўқлигида эмас, қанчалик эҳтиёткор бўлиш ҳақида бормоқда.

2. Масофа сақлаш ўлчовлари қандай бўлгани маъқул?
Кўпгина давлатлар карантин тартибига ўтиб, иложи борича ҳамма нарсани ёпишди. Бу олимлар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирди: айнан қайси чоралар вирус тарқалишини секинлаштириши номаълум. Оммавий тадбирлар тақиқланишими? Парвоз чекловларими? Масофавий иш режимига ўтишми?

Флорида университети биостатистика профессори Натали Диннинг сўзларига кўра, энг хавфлиси одамлар узоқ вақт давомида ёпиқ бинода тўпланишидир.

Жавобларни топиш учун олимлар турли чораларни танлаган мамлакат ва шаҳарлар тажрибасини ўрганишмоқда. Масалан, Жанубий Корея ва Германия карантиндан жуда эҳтиёткорлик билан чиқяпти. Ушбу жараённи кузатиш шунингдек, Осиё мамлакатларидаги вируснинг иккинчи тўлқини, унинг тарқалиш хавфини айнан нима ошириб юборишини тушунишга ёрдам беради.

Қандай чекловларни қолдириб, қайсиларидан воз кечиш мумкинлиги натижаларга боғлиқ. «Вакцина пайдо бўлишидан аввал саноат цивилизацияси ҳаётини тўхтатиб бўлмайди, чунки вакцина яратилишининг ўзи саноат цивилизациясига алоқадор», дейди Жонс Ҳопкинс университети соғлиқни сақлаш хавфсизлиги маркази тадқиқотчиси Амеш Адалия.

3. Болалар вирусни қанчалик фаол тарқатишади?
Аввалига болаларнинг вирус юқтириши ҳам аниқ эмас эди. Вақт ўтиши уларнинг ҳам коронавирусдан азият чекиши маълум бўлди ва баъзиларида COVID-19 ғайритабиий тарзда кечмоқда, масалан, болаларда артерия томир деворлари яллиғланиши кузатиляпти. Ваҳоланки болалар кам касалланаётган бўлса-да, улар хавфдан йироқда деб бўлмайди.

Аввалгидек, болалар коронавирусни қанчалик фаол равишда тарқатиши номаълумлигича қолмоқда. Агар катталардан камроқ бўлса, мактабларни қайта очиш мумкин бўлади. Эҳтимол, синфлардаги ўқувчилар сони камаяди, парталар бир-биридан узоқлаштирилади ва турли гуруҳлардаги танаффуслар ҳар хил вақтда бўлади. Қандай бўлмасин, бу ота-оналар учун енгиллик туғдириб, уларнинг хотиржам ишлашига имкон беради.

4. Нега айрим жойларда жиддий авж олиш кузатилди-ю, бошқаларида йўқ?
Масалан, нима учун Нью-Йоркдаги коронавирусдан ўлим даражаси Калифорния штатига қараганда 14 марта кўп? Баъзи ҳолларда, жавоблар тўлиқ тасалли беради: қаерда аввалроқ ва янада фаолроқ ҳаракат қила бошланган бўлса, натижалар яхши. Аммо бу ҳар доим ҳам тўғри эмас.

Кўп нарса омадга боғлиқ. Масалан, бир ҳудудда бир киши супертарқатувчи аниқланган ва жуда кўп одамга юқтирган, бошқасида эса бу ҳолат кузатилмаган.

- Одамлар ёши ва соғлиғи, жамоат транспортидан фойдаланиш частотаси, аҳоли зичлиги – буларнинг барчаси авж олиш кўламига таъсир қилади.

Аммо баъзида бу маълумотлар саволга жавоб топишга ёрдам бермайди. Токио ва Нью-Йорк мавзусига қайтамиз. Япония пойтахтида аҳоли зичлиги юқори ва одамлар кўпинча жамоат транспортидан фойдаланишади. Назарий жиҳатдан, вазият Нью-Йоркка қараганда оғирроқ бўлиши керак, аммо ундай эмас. Ҳатто улар вирус билан кураш чораларини кечроқ амалга киритишган.

Шубҳасиз, ҳали аниқланмаган баъзи омиллар мавжуд. Эҳтимол, бу Японияда узоқ вақтдан бери кенг тарқалган ниқобларга боғлиқдир. Ёки Токио санитария меъёрларига яхшироқ риоя қиляпти. Яна бир тахмин эса умумий аҳоли саломатлигига бориб тақалади. Жавоблар топилиши билан келажакда шаҳарлар ва мамлакатлар коронавирус ва бошқа инфекцияларнинг яна авж олишига нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклиги аниқлашади.

5. Ёзги об-ҳаво вирусга қандай таъсир кўрсатади?
Агар иссиқ, нам об-ҳавонинг ўзи коронавирусга қарши тура олганида Луизиана, Эквадор ва Сингапурда зарарланиш ҳолатлари бу қадар кўп кузатилмасди. Бироқ, кўринишидан юқори ҳарорат, намлик ва ультрабинафша нурлари вирусга ҳақиқатан ҳам зарар етказмоқда. Иссиқликда вируснинг ташқи липид мембранаси заифлашади. Нам ҳавода вирусли зарраларни ўз ичига олган тупук томчилари ерга тезроқ жойлашади.

Ультрабинафша нурларининг дезинфекциялаш хусусияти фанга аллақачон маълум.

Ҳаммаси аҳолининг янги коронавирусга қарши иммунитетга эга эмаслиги билан мураккаблашади. «Гарчи об-ҳавонинг баъзи таъсирини кузатаётган бўлсакда, аҳолининг юқори заифлик даражаси унинг таъсирини пасайтирмоқда, – дейди Ҳарвард тиббиёт мактаби ходими Маурицио Сантиллана. – Кўпчилик ҳали ҳам вирусга жуда таъсирчан. Шундай қилиб, ҳарорат ва намлик рол ўйнаши мумкин бўлса ҳам, ҳали иммунитет етарли эмас».

6. Парк ва пляжларни очиш мумкинми?
Вируснинг тарқалиши нуқтайи назаридан ташқи маконлар камроқ хавфлидир. У инфекцияланган одамнинг тупук томчилари орқали тарқалади ва яхши шамоллатиладиган жойларда, бу томчилар бошқа одамга тушиши эҳтимоли камаяди. Агар иссиқ об-ҳаво ва ультрабинафша нурларининг таъсири бўлса, парк ва пляжларга бориш хавфсиз бўлиши мумкин. Бу барча ўзини ўзи изоляция қилувчилар интизорлик билан кутган давр бўлади.

Аммо саволлар очиқлигича қолмоқда. Бундай жойларда одамлар қандай масофаланиши керак? У ерда дўстлар ва қариндошлар билан учрашиш мумкинми? Юқори хавф гуруҳидаги инсонларнинг паркларга боришига рухсат бериладими? Жамоат жойларида 2 метр масофа сақлаш, ниқоб тақиш ва одамлар тўпланишининг олдини олиш бўйича тавсиялар ҳали ҳам амалда.

7. Узоқ муддатли иммунитет ҳосил бўладими?
Эҳтимол, у фақат бир неча ҳафта ёки ой, балки бир неча йил давом этар. Буни ғайриоддий ҳолат эмас: грипп ва шамоллашга қарши ҳам узоқ муддатли иммунитет ривожланмайди.

Коронавирус юқтиришнинг такрорий ҳолатлари ҳақида аллақачон хабарлар мавжуд. Уларнинг таҳлилнинг нотўғри ижобий натижалари ёки бошқа нарсалар билан боғлиқлиги ҳали аниқ эмас.

- Агар коронавирусга қарши иммунитет вақтинчалиги аниқланса, келажакда унинг такрорланиш хавфи бор.

Ҳатто вакцина ҳам фақат бир мунча вақт давомидагина ҳимоя қилиши мумкин. Бироқ, бу кейинги авж олишлар ҳозирги каби шафқатсиз бўлади дегани эмас. Гриппни эсланг. Эндиликда амалда унинг хавфини камайтирувчи вакцина ва дори-дармонлар мавжуд. Бундан ташқари, касалликка чалинган одам организмлари вирусга нисбатан кўпроқ қаршилик кўрсатиши мумкин.

8. 12-18 ойда вакцина пайдо бўладими?
Бу каби муддатлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида тез-тез муҳокама қилинмоқда, аммо барча мутахассислар ҳам бу фикрга қўшилмайди.

«Вакцина бу йил кузда ёки ҳатто кейинги йилда тайёр бўлишига умид қилиш ҳам жуда оптимистик фикрдир», дейди эпидемиолог Жош Мишо.

Вақт вакцина ишлаб чиқилишидаги жуда муҳим омил. Дори воситаси ҳақиқатан ҳам узоқ вақт давомида ҳимоя қилишини ва унинг хавфли ножўя таъсири йўқлигини тушуниш учун олимларга ойлар керак. Лаборатория шароитларида қўл келган амалиёт ҳақиқий дунёда ҳам иш беришини текшириш жуда муҳимдир.

Агар фақат вакцина яратилишига умид боғланса, яна ойлар ва ҳатто йиллар давомида ижтимоий масофаланиш чораларига риоя этиб яшашга тўғри келади. Шунингдек, вакцинага эриша олмаслик эҳтимоли ҳам мавжуд.

9. Covid-19 учун дори яратиладими?
Вакцина яратишнинг иложи бўлмаса ҳам, олимлар коронавирус хавфини камайтирадиган дори яратиши мумкин. Масалан, ОИВ билан бўлгани каби.

Вақт ўтиши билан ОИТС қўзғатувчилари билан курашадиган, унинг тарқалишини секинлаштирадиган, шунингдек инфекцияни бошқа одамга юқтириш эҳтимолини камайтирадиган дорилар пайдо бўлди.

Коронавирусга қарши шунга ўхшаш дорилар жуда фойдали бўлар эди. Хусусан, коронавирус касаллиги кечишини оғирлаштирадиган бошқа жиддий хасталикларга эга одамлар учун. Аммо ҳозиргача кўп муҳим нарсалар номаълум. Масалан, касаллик семизларда қийин кечаётгани ростми ёки гап ортиқча вазндан азият чекувчи аксарият одамлар чалинган диабет хасталигидами? Улар бир-бири билан қандай алоқадор? Жавоблар турли одамларнинг заруратларини тушунишга ёрдам беради, дори пайдо бўлиши эса асоратлар ва ўлим хавфини сезиларли даражада камайтиради.

10. Сунъий нафас етказиб берувчи жиҳозлар (ИВЛ) кўпроқ ишлаб чиқарилиши керакми?
Эпидемия бошланишида ҳамма бундай мосламалар мавжуд бўлганидан кўпроқ керак бўлади деган фикрда эди. Нафас олишда қийинчиликка дуч келувчи беморларга ёрдам бериш керак деб ишонилган. Аммо прогнозлар буни тасдиқланмади. Афтидан, ижтимоий масофаланиш вирус тарқалишини секинлаштирди, ҳатто энг оғир вазиятларни бошдан кечирган Нью-Йорк каби шаҳарлар шу орқали вазиятни йўлга сола олди.

Шунингдек, ИВЛ аппаратларининг фойдаси аввал ўйланганидан камроқлиги ҳақида тахминлар мавжуд. Агар беморлар ундан жуда узоқ вақт фойдаланса, у зарар етказиши мумкин. Аммо бу жумбоқни аниқ тушуниш учун вақт керак.

Шундай қилиб, ўпкани шамоллатувчи жиҳозлар билан боғлиқ вазият икки томонлама. Бир томондан, ушбу восита биз ўйлаганимиздан камроқ самара бериши мумкин. Бошқа томондан, касалларга ёрдам беришда кўплаб қиммат ва мураккаб қурилмаларга эҳтиёж сезмаслигимиз мумкин.

Одамларнинг ҳаёти боғлиқ бўлган саволларга аниқ жавоблар йўқлигини тушуниш қийин. Бу ноаниқлик, барчамиз дуч келадиган қўрқув ва хавотирни кучайтиради. Шунинг учун, масъулият ва эҳтиёткорлик ҳақида унутмаслик жуда муҳимдир. Ҳамма нарса биз кутгандек кетмаган тақдирда, мослашишга тайёр бўлинг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар
Янгиликлар » Ўзбекистон » Коронавирус ҳақидаги ҳануз жавобсиз қолаётган 10 савол