Ўзбекистонда юз берган ғайриоддий ҳолат маҳаллий ва халқаро жамоатчилик эътиборини ўзига тортди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатда АҚШ фуқароси ўзининг “Lamborghini” автомобилида мамлакатдан чиқиб кета олмаётганини айтган. Бу ҳолат атрофидаги муҳокамалардан кейин Божхона қўмитаси раисининг матбуот котиби расмий изоҳ берди.
Маълум қилинишича, хорижий фуқаро бошқарувидаги қимматбаҳо спорткарнинг Ўзбекистонда бўлиш муддатини белгиланган қоидалардан деярли икки ойга ошириб юбoрган. Шу сабабли автотранспорт воситасини мамлакатдан чиқариш вақтинча тақиқланган ва муаммони ҳал этиш учун тўлов талаб этилган.
Божхона органлари маълумотларига кўра, америкалик ҳайдовчи белгиланган тартибда 23 миллион 72 минг сўм миқдордаги йиғимни тўлаб, маъмурий жавобгарликдан озод этилган. Барча жараёнлар расмийлаштирилгандан кейин хорижий фуқаро ўзининг “Lamborghini”сида мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишига рухсат берилди.
Шу билан бирга, банк амалиётларини амалга ошириш жараёнида қийинчиликлар юзага келган. Чунки хорижлик шахс дам олиш кунлари валюта алмаштириш ва нақд пул ечиб олиш имконига эга бўлмаган. Натижада барча жараёнлар кечиктирилиб, масала бироз муддатдан сўнггина ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, хорижий автотранспорт воситалари Ўзбекистон ҳудудида 90 кундан кўп туриши мумкин эмас. Ушбу ҳолатда эса спорткар 2025 йил 2 май куни мамлакатга киритилган ва уни чиқариб олиш муддати 2 август этиб белгиланган. Хорижий фуқаро бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилган бўлишига қарамай, қоидаларга амал қилмагани сабабли мазкур жарима ҳисобланди.
Мутасаддилар таъкидлашича, бу каби ҳолатлар ҳар қандай фуқаро учун қонун олдида тенглик принципини яна бир бор ёдга солади. Қоидаларни бузиш нафақат маҳаллий аҳоли, балки чет эллик меҳмонлар учун ҳам бир хил тартибда жавобгарликни назарда тутади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!