Ўзбекистонда август ойи давомида электр энергияси ва табиий газ учун эҳтиёжманд оилаларга жами 4,1 миллиард сўм компенсация маблағлари ажратилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълумот берди.
Маълумотга кўра, ушбу маблағ белгиланган меъёрдан ортиқ сарфланган электр энергияси ва газ тўловини қоплашга йўналтирилган. Президент қарорига мувофиқ, аҳолига электр энергияси бўйича 150 кВт ва табиий газ бўйича 150 куб метрдан ортиқ сарф этилган қисми учун базавий меъёр ва оширилган нархлар орасидаги фарқ давлат ҳисобидан қоплаб берилади.
Август ойида келиб тушган аризалар асосида 222 минг 887 оилага компенсация тайинланди. Шу билан бирга, 1 миллион 711 мингдан зиёд эҳтиёжманд оила умумий тартибда компенсация олиш учун мурожаат этган.
Ҳисобот ойида ажратилган маблағларнинг 3,6 миллиард сўми электр энергиясига, 552,7 миллион сўми эса табиий газ тўловига йўналтирилган. Бу кўрсаткич май—август ойлари мобайнида 350,6 минг оилага тўланган 17,3 миллиард сўм компенсация таркибидаги навбатдаги улуш ҳисобланади.
Энергетика вазирлиги қайд этишича, июль ойида 278,1 минг оилага 5,8 миллиард сўм тўланган бўлиб, бу июн ойига нисбатан 71,3 минг оилага кўпроқни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, 1 июндан бошлаб эҳтиёжманд оилалар учун газ ва электр энергияси бўйича компенсация аризалари қабул қилинмоқда. Янги тартибга кўра, бу тўловлар фақат қиш ойларида эмас, балки йилнинг ҳар ойида амалга оширилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!