16:23 / 18.04.2024
139

Шифокор тавсиясисиз қабул қилиб бўлмайдиган 3 хил витамин

Шифокор тавсиясисиз қабул қилиб бўлмайдиган 3 хил витамин
Витамин сўзи лотинча “вита” — “ҳаёт” деган маънони билдириб, тирик организмнинг ҳаёт фаолияти ва моддалар алмашинуви учун зарур бўлган органик бирикмалардан иборатдир. Витаминлар аслида барча озиқ-моддалар, таомларда ва ҳатто чипс каби зарарли маҳсулотларда учрайди. Бироқ афсуски, уларни фақат таблетка ва капсулалардан олиш мумкин деган тушунча инсонлар орасида кенг тарқалиб келмоқда.

Фото: Catherineasquithgallery.com
Дори-дармон ишлаб чиқарувчи фармацевтика компаниялари сотадиган турли витамин ва поливитаминларнинг фойдали томонлари албатта йўқ эмас, аммо унинг дозасини ошириб юбориш, шифокор кўрсатмасини олмай, ўзбошимчалик билан қабул қилиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Техаслик шифокор Аҳмад Талҳа Аъзам муаллифлигидаги Discover соғлиқни сақлаш бўйича таълим лойиҳасининг янги ҳисоботи учта витаминни — А витамини, B3 витамини (ниацин) ва E витаминини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилишдан тийилиш лозимлигини қайд этди. Улар организмга жиддий хавф солиши: кўнгил айниши, суяклар оғриши ва ҳатто ички қон кетишига олиб келиши мумкин.

B3 витамини — Ниацин

B3 витамини артрит, юқори даражали холестерин касаллигида ҳамда бош мия фаолиятини яхшилашда тавсия қилинади.

Масалан, хонанда Кэти Перри турмуш ўртоғи Oрландо Блум билан ҳар куни ниацин қабул қилишини айтган, аммо юлдузлар оиласининг бу каби тавсияларига амал қилишга шошилманг! Чунки ниациннинг тавсия этилган суткалик миқдори эркаклар учун 16 мг ва аёллар учун 14 мг.

Гарвард олимларининг хулоса қилишича, кунига 35 мг дан ортиқ B3 ни узоқ муддат истеъмол қилиш терининг қизариши, қичиши, бош айланиши, кўнгил айниши, ошқозонда бузилишлар ва чарчоққа олиб келади.

Фото: Getty Images
А витамини

А витамини кўриш қобилиятини яхшилашда ва иммунитетни оширишда тавсия этиладиган биологик қўшимчадир. Унинг кунлик нормаси эркаклар учун 900 мг, аёллар учун эса 700 мг. Витаминнинг суткалик меъёрдан уч баробар ошиб кетиши уни заҳарга айлантиради. Ортиқча миқдордаги А витамини суякларда оғриқ ҳосил қилади, кўнгилни айнитади, қусиш, тери қуриши ва ёрқин нурга сезгирликни келтириб чиқаради.

Бундай хавф айниқса чекувчи инсонларда юқоридир. Ретинол ва бета-каротин шаклидаги витаминларни меъёрдан ортиқ қабул қилиш ўпка саратонига олиб келади.

Е витамини

Е витамини ёғда эрийдиган бирикма бўлиб, ёғ тўқималарида парчаланади ва сақланади ҳамда антиоксидант ва ҳужайра мембранаси ҳимоячиси сифатида ишлайди. Мазкур витамин ерёнғоқ ва бодом, турли уруғлар, манго, киви каби меваларда учрайди. Е витамини табиий иммуномодулятор ҳисобланади. Унинг кунлик меъёри 15 мгдан ошмаслиги зарур, акс ҳолда у мушаклар заифлашуви, кўнгил айниши, қоннинг суюқлашуви ва ич кетишини келтириб чиқаради.

Поливитаминлар

Витаминлар ёғда эрувчи ва сувда эрувчи тоифага бўлинади. Уларнинг баъзи турини бир вақтда ичиш мумкин эмас — номутаносиблик юзага келади. Баъзи мултивитамин ишлаб чиқарувчилар буни ҳисобга олмайди ёки витаминлар комплексини қабул қилаётган бемор қадоқдаги маълумотларга эътибор қилмайди.

Поливитаминларни танлашда шифокор кўрсатмаларига риоя қилиш, витаминлар ва минераллар контцентрацияси тавсия этилган кунлик нормадан ошиб кетмаганига амин бўлиш керак.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Шифокор тавсиясисиз қабул қилиб бўлмайдиган 3 хил витамин